Sayt test rejimida ishlamoqda

Нуржонов Ойбек Эркин ўғли
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
«Қорaқaлпоғистондaги ўзбек шевaлaри этногрaфизмлaрининг aнтропоцентрик тaвсифи» 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Fil1260.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети.
Илмий раҳбар: Дўсимов Зариббой, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Урганч давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.55.02.
Расмий оппонентлар: Курбаниязов Гулмирза Алламбергенович, филология фанлари доктори (DSc), доцент; Норбаева Шукуржон Хайитбаевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари таркибидаги этнографизмлар тарихи, лексик-семантик табиати ва унинг бойиш омилларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари этнографизмларининг халқ турмуш тарзи, ижтимоий-сиёсий жараён, этник бирликларнинг ўзаро интеграциясидаги ўсиш ҳамда маданий муҳит таъсири каби ўзгаришлар билан боғлиқ равишда вужудга келганлиги исботланиб, маълум этник ёки ҳудудий бирлик тилида ушбу жиҳатларнинг акс этганлиги далилланган; 
ўрганилаётган ҳудуд этнографизмларининг Ўзбекистоннинг бошқа минтақалари ҳамда ўзбек халқи таркибидаги бошқа этник бирликлар тилидан мавзуий-семантик, генетик таркиби салмоғи жиҳатидан ажралиб турувчи ўзига хос фонетик, лексик-семантик, грамматик хусусиятлари очиб берилган; 
этнографизмларнинг ёндош ҳудуд ёки қардош этник бирликлардан фарқланувчи фонетик, лексик, грамматик белгилари, муайян ҳудуддаги айрим соҳа лексикасининг генетик асослари ҳамда этнографизмларнинг аталиш мотивларига кўра турларининг бошқа ҳудуд ва минтақалардан ўзаро ономасилогик фарқлари ва айни шу нуқтаи назардан ўхшаш жиҳатлари асосланган; 
этнографизмларнинг шаклланиши ва тараққиёти босқичларининг инсон ўзини англашга бўлган интилишлари самараси сифатида туғилиш, балоғат, улғайиш паллалари ҳамда ҳаётий тажрибаси, шунингдек, тафаккуридаги тадрижий ривожланиш жараёни билан узвий боғлиқлиги очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижалаpининг жоpий қилиниши. Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари этногрaфизмлaрининг aнтропоцентрик тaвсифини тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари таркибидаги этнографизмлар тарихи, лексик-семантик табиати хусусидаги илмий хулосалардан Т.Н.Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиалида 2017-2020 йилларда бажарилган ФЗ-2016-0908165532-рақамли «Қорақалпоқ тилининг янги алфавити ва имло қоидаларига мувофиқ она тили ва адабиётини ривожлантириш методикаси» номли фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 17 сентябрдаги 89-03-2318-сон маълумотномаси). Натижада миллатнинг этномаданий лексикаси шу халқнинг қадим менталитети, анъаналари, урф-одатларини ўзида акс эттириши, тилнинг тараққиёт босқичларида миллий тил шаклланишининг грамматик қурилишида рўй берадиган турли ўзгаришлар хусусиятларини ойдинлаштиришга эришилган;
Қорақалпоғистондаги ўзбек шеваларидаги тўй маросимларини ифодаловчи атамаларнинг антропоцентрик таҳлили орқали уларнинг бошқа туркий халқлар маросимлари лексикаси билан муштараклигини аниқлашда, инсон вафоти билан боғлиқ удумлар ва уларнинг номланиш мотивлари, минтақа шеваларидаги профессионализмларнинг турлари билан боғлиқ удумларни ифодаловчи сўзларнинг этногенетик асосларининг тарихий томонларини таҳлил қилишда, умуман, Қорaқaлпоғистондaги ўзбек шевaлaри этногрaфизмлaрининг тарихи, лексик-семантик табиати, унинг бойиш омиллари ва қонуниятларини ўрганиш билан боғлиқ илмий хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2015-2017 йилларда бажарилган ФА-А1-Г004 – «Қорақалпоқлар тасаввурида аёл тимсоли: этнологик тадқиқотлар» номли амалий тадқиқот лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 17 сентябрдаги 89-03-2318-сон маълумотномаси). Натижада минтақа шеваларидаги профессионализмларнинг турлари билан боғлиқ удумларни ифодаловчи сўзларнинг этногенетик асосларининг тарихий томонларини таҳлил қилишга эришилган;
Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари этнографизмларининг антропоцентрик тавсифи ҳақидаги илмий хулосаларидан Қорақалпоғистон радиоканалининг «Мусиқий дам олиш дастурлари» бош муҳарририяти томонидан тайёрланадиган «Тилге итибар – елге итибар» эшиттириши сценарийсини яратишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг 2021 йил 22 июндаги 01-02/318-сон маълумотномаси). Натижада адабий-бадиий, маънавий-маърифий дастурларнинг мазмун-моҳияти  ёш авлодни миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, миллий ўзликни англаш каби ғоялар билан бойишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish