Sayt test rejimida ishlamoqda

Ирназарова Динара Хамидилоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бачадон миомаси ривожланиш механизмининг клиник ва молекуляр-генетик жиҳатлари», 14.00.01 – Акушерлик ва гинекология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tib812.
Илмий раҳбар: Юлдашева Дилчехра Юсупхоновна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSc.04/30.12.2019.Tib.29.01.
Расмий оппонентлар: Курбанов Джахонгир Джамалович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ниязметов Рахматилла Эрматович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: аёлларда бачадон миомасининг клиник-инструментал натижалари ва молекуляр-генетик предикторларини ўрганиш ёрдамида касалликнинг ривожланиш хавфи ва клиник кечишини башоратлашнинг янги мезонларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бачадон миомаси бўлган аёлларнинг касаллик ривожланиш хавф омилларини баҳолаш индивидуал шкаласидан фойдаланиш асосида касалликнинг симптомли кечиши предикторлари – ёш (OR=2,1), ирсият (OR=3,1), эрта менархе (OR=5), семизлик (OR=6,4), бачадон бўшлиғини тозалаш (OR=3,75) омилларининг аҳамияти исботланган;
дуплекс сканерлаш натижасида бачадон миомасида бачадон артерияси ва миоматоз тугунларининг перифиброид чигал томирларининг  қон билан таъминланиши ангиоархитектоникаси хусусиятлари ва уларнинг касалликнинг клиник кечиши билан боғлиқлиги исботланган;
бачадан миомасининг симптомсиз кечишида D витаминининг етишмовчилиги (1,7 марта кўпроқ) ва симптомли кечишида – унинг кескин дефицити (3,1 марта кўпроқ) касалликнинг ривожланиши ва авж олиши билан патогенетик боғлиқлиги исботланган;
бачадон миомаси бўлган беморларда эстроген (rs2228480 ER1), прогестерон (rs1042838 PR) ва D витамин (rs10735810 VDR) рецепторлари генларининг аллел ва генотипик вариантларининг учраши ва аҳамияти, ушбу генларнинг ўзаро таъсирини аниқлаш ёрдамида касалликнинг кечишини башоратлашда номуқобил генотип комбинацияларини  баҳолаш орқали эрта ташхислаш усулининг самарадорлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Бачадон миомаси бўлган аёлларни жинсий стероид рецепторлар генларининг полиморф вариантларини ва клиник-инструментал кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда ташхислаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
аёлларда учрайдиган бачадон миомасини самарали ташҳислаш алгоритмидан фойдаланиш орқали амалга оширилган илмий натижалар асосида «Бачадон миомаси билан аёлларни текширишнинг диагностик алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 17 июлдаги 8н-р/227-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома аёлларда бачадон миомасини эрта ташҳислаш, касаллик асоратларини олдиндан башорат қилиш имконини берган;
аёлларда учрайдиган симптомли ва симптомсиз бачадон миомасини самарали ташҳислаш ва даволаш алгоритмидан фойдаланиш орқали илмий натижалар асосида «Бачадон миомасининг даволаш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 20 июлдаги 8н-р/228-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома анамнестик, клиник, биокимёвий, инструментал кўрсаткичлар асосида аёлларда бачадон миомасини ташҳислаш, самарали даволаш, беморларни радикал жарроҳлик усуллари билан даволаниш кўрсаткичини камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берган;
аёлларда бачадон миомасининг клиник кечиш хусусиятларига асосланган ҳолда ташҳислаш ва даволаш тартибини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлашнинг амалиётига, жумладан, Тошкент шаҳридаги 45-оилавий поликлиника ва «Laylon» аёллар Саломатлик марказининг клиник амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 16 декабрдаги 08-09/19918-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижалари клиник амалиётга жорий қилиниши орқали бачадон миомаси билан касалланган аёлларда жинсий аъзолар тизими зарарланиши нохуш оқибатларини эрта баҳолаш, бачадондан аномал қон кетиш, миоманинг тез ўсиши ва қўшни аъзоларни эзилиши, бепуштлик каби симптомли бачадон миомаси асоратларини ҳамда радикал жарроҳлик амалиётлар билан боғлиқ ногиронлик  даражасини камайтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish