ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ
ХИЗМАТЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ АГЕНТЛИГИ ҚОШИДАГИ
“ЭЛ-ЮРТ УМИДИ” ЖАМҒАРМАСИ
ва
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ
ОЛИЙ АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИНИНГ
ҚЎШМА ҲАРАКАТЛАР ДАСТУРИ
Тошкент ш. | 2020 йил 30 май |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳузурида 2020 йил 30 апрель куни ўтказилган йиғилиш 28-сонли баёнининг 36-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (кейинги ўринларда - ОАК) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар (кейинги ўринларда — Илмий кенгашлар) фаолиятига ва экспертиза жараёнига илмий даражали тажрибали хорижий ватандошлар ва мутахассислар (кейинги ўринларда – хорижий экспертлар)ни жалб этишда ҳамкорликда ҳаракат қиладилар.
2. ОАК ва Жамғарма, жумладан қуйидаги механизмлар асосида
илмий кенгашлар таркибига хорижий экспертларни киритиш;
расмий оппонент ва тақризчи сифатида хорижий экспертларни жалб қилиш;
хорижий экспертлар иштирокида илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясининг долзарб масалаларига оид онлайн конференция ва вебинарлар ташкил этиш;
олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид масалаларни баҳолаш жараёнига хорижий экспертларни жалб этиш.
3. Илмий кенгашлар фаолиятига ва экспертиза жараёнига хорижий экспертларни жалб этишда:
а) Жамғарма қуйидагиларга масъул:
хорижий экспертларни излаб топиш ва уларнинг рўйхатини ОАКга тақдим этиш;
хорижий экспертларни жалб этиш ишларида ОАК ва илмий кенгашларга кўмаклашиш;
фаолият натижадорлигини ошириш бўйича ОАКга таклифлар киритиш;
фаолият самарадорлигини оширишнинг бошқа шаклларида иштирок этиш.
б) ОАК қуйидагиларга масъул:
хорижий экспертлар рўйхатини тегишлилиги бўйича илмий кенгашларга етказиш;
хорижий экспертларни жалб этиш ишларида Жамғарма билан биргаликда илмий кенгашларга кўмаклашиш;
фаолият натижадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни муҳокама қилиш ва амалиётга жорий қилишни ташкил қилиш;
илмий кенгашларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятини назорат қилиш;
ҳар йил якуни бўйича илмий кенгашлар маълумоти асосида таҳлилий маълумотномани тайёрлаш, Жамғарма билан биргаликда муҳокама қилиш ва натижаларини “ОАК Бюллетени” ва ОАК веб-сайтда эълон қилиш.