Sayt test rejimida ishlamoqda

Бобожонов Ғулом Озодовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): ««Ҳайратул аброр» балоғат илми контекстида», 10.00.07 – Адабиёт назарияси (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/Fil1003.
Илмий раҳбар: Жўрақулов Узоқ Ҳайдарович, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01. 
Расмий оппонентлар: Қуронов Дилмурод Ҳайдаралиевич, филология фанлари доктори, профессор; Мелиев Сувон, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педогогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Алишер Навоийнинг «Ҳайратул аброр» достони   воқелигини бадиий талқин қилишда муаллиф таянган балоғат илмига оид универсал қонуниятларнинг матндаги ўрни ва аҳамиятини очиб беришдан иборат.    
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«Ҳайратул аброр» достони асосида турувчи хабар ва унинг етказувчиси орасидаги муносабат, сидқ концепцияси, уни таъмин этган воқелик ва омиллар аниқланиб, уларнинг достонда муаллиф назарда тутган маънони тўлақонли ҳамда ўзига хос тарзда етказишдаги аҳамияти очиб берилган; 
асарда муаллиф назарда тутган балоғат илмининг баён бўлимига мансуб  умумназарий қонуният ҳисобланган ҳақиқат ва мажоз муаммосининг асар балоғатини таъминлашдаги эътибори исботланган; 
муаллифнинг поэтик, этик ва эстетик тафаккури миқёсий потенциалини белгилашда балоғат илмининг сидқ, мутобиқлик, ийжоз, итноб каби универсал қоидалари назарий асос вазифасини ўтагани асосланган; 
Алишер Навоийнинг балоғат илмига оид илмий манбалардан етарлича хабардор бўлгани, ўз даврининг бир қатор олимларидадан соҳага оид таълим олгани, мазкур илмга оид қонуният ва қоидаларини ўз адабий асарларида акс эттиришдек ижодий фаолияти аниқланган.    
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. «Ҳайратул аброр» балоғат илми контекстида юзасидан олинган илмий натижалар қуйидаги ишларда жорийланган: 
адабиётшуносликнинг тарихий анъаналарини балоғат қоидалари асосида тадқиқ этиш; бадиий асар асосида турувчи ҳақиқат ва мажоз концепцияси ва уни таъмин этган омилларни тизимли таҳлил қилиш; мумтоз адабий асарларни ўрганишда ўзига хос анъанавий ёндашув тарзи кабилардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида бажарилган ФА-Ф-005 «Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш» (2017–2020) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 7 июлдаги 17/01-142-сон маълумотномаси). Натижада фундаментал лойиҳа адабиёт назариясига оид асрлар давомида шаклланиб келган анъанавий илмий қарашлар билан бойитилган; 
мумтоз поэтикада муҳим ўрин тутувчи универсал қонуниятларнинг бадиий асар матнида акс этиши, воқеликка мувофиқлик омилининг поэтик аҳамияти, ҳақиқат ва мажоз масалаларининг бадиий матндаги эътибори ва вазифаси, адабиёт назариясини ўрганишда миллий ва мумтоз адабий меросимиз, хусусан, Алишер Навоий ижодини ўрганишда фойдаланиш каби илмий хулосалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабий танқид ва адабиётшунослик кенгаши ҳисобот йиғилишларида, тўгараклар фаолиятларида, адабий кечаларда, ёш ижодкорлар билан учрашувларда фойдаланилган (Ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 20 майдаги 09-32/12-сон маълумотномаси). Натижада мумтоз ва замонавий бадиий асарлар таҳлили ва таҳқиқи учун амалий аҳамият касб этган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish