Sayt test rejimida ishlamoqda

Карабаева Мунира Усмановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Метрополитеннинг айлана кесимли тоннелларида поезд ҳаракатидан ҳосил бўлган тўлқинларнинг бир жинсли бўлмаган эластик муҳитда тарқалиши», 05.09.02 – «Асослар, пойдеворлар ва ер ости иншоотлари. Кўприклар ва транспорт тоннеллари. Йўллар, метрополитенлар» (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: B2020.4.PhD/T2006.
Илмий раҳбар: Юлдашев Шарафитдин Сайфитдинович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-қурилиш институти, PhD.03/30.12.2019.Т.90.01.
Расмий оппонентлар: Джаббаров Саидбурхон Тулаганович, техника фанлари доктори, профессор; Тошхўжаев Алишер Улхўжаевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади метрополитен поездлари ҳаракатидан ер сатҳида ҳосил бўладиган вибрацияларни камайтиришга қаратилган усулларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бир жинсли бўлмаган муҳитда жойлашган айлана кесимли метрополитен тоннелларида ҳосил бўладиган вибрациянинг тарқалиш даражасига грунтнинг механик-физик хоссалари, тоннелнинг жойлашиш параметрлари таъсирини ҳисоблашнинг математик моделини чекли элементлар усули ёрдамида ишлаб чиқилган;
масалани чексиз соҳадан ажратиб олинган чекли соҳада чекли элементлар усули билан ечиш учун қўйиладиган ўтказувчи чегаравий шартлар коэффициентлари соҳа материалига боғлиқ эканлигини ҳисоблаш методи ишлаб чиқилган;
тоннелдан ихтиёрий узоқликда жойлашган грунт нуқталарида ҳосил бўладиган вибрация даражасини аниқ ва тез баҳолай олиш имконини берувчи дастур яратилган;
метрополитен тоннелларидан тарқалувчи вибрация даражасини пасайтириш учун траншеянинг самарадорлиги унинг геометрик параметрлари, яъни чуқурлиги, кенгли ҳамда ён деворлари турли бурчак остида бўлган очиқ траншеялар (450 ва 600) ён деворлари вертикал бўлган, яъни 900 бўлган вибротўсиқларга нисбатан самарадорлиги юқори эканлиги аниқланган.  
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Метрополитеннинг айлана кесимли тоннелларида поезд ҳаракатидан ҳосил бўлган тўлқинларнинг бир жинсли бўлмаган эластик муҳитда тарқалиши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
айлана кесимли тоннелларда поезд ҳаракатида ҳосил бўладиган вибрация даражасии аниқлаш ва грунт қатламларини ҳисобга олиш имконини берадиган, такомиллаштирилган ҳисоблаш методикаси «Қўқон минтақавий темир йўл узели» АЖда қурилиш объектини лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Транспорт вазирлигининг 2021 йил 17 июлдаги  4/4669-5682-сон маълумотномаси). Натижада, ён деворлари турли бурчак остида бўлган очиқ траншеялар (450 ва 600) ён деворлари вертикал, яъни 900 бўлган вибротўсиқларга нисбатан 29%-67% самарадорлиги юқори бўлишига эришилган;
метрополитен тоннелларида поезд ҳаракатидан ҳосил бўладиган тебранишларни грунтда тарқалишини аниқлаш методикаси Тошкент «Боштранслойиҳа» АЖ корхонасида «Тошкент метрополитени Сергели йўналиши» қурилиш объектини лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Транспорт вазирлигининг 2021 йил 17 июлдаги 4/4669-5682-сон маълумотномаси). Натижада, тўғри тўртбурчак кесимли тоннелларда поездлар ҳаракатидан ҳосил бўлган вибрация даражаси тебраниш частотасига боғлиқ равишда айлана кесимли тоннелларга нисбатан 30% дан 110% гача кам бўлишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish