Sayt test rejimida ishlamoqda

Каллибекова Гулнара Палбековнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Қорақалпоғистон тармоқ газеталарининг тили ва услубий хусусиятлари», 10.00.03 – Қорақалпоқ тили (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.PhD/Fil548.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Оразымбетова Злиха Қдырбаевна, филология фанлари доктори (DSc), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/30.04.2021.Fil.20.01.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Пирниязова Алима Кудияровна, филология фанлари доктори (DSc), доцент; Диланов Бекмурза Гулимбетович, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Тармоқ газеталари тилининг лексик, морфологик ва синтактик хусусиятлари, публицистик услубнинг ўзига хосликлари, газета тилида журналист ва соҳа ходимларининг адабий тилдан фойдаланиш даражасини газета материаллари асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:    
тармоқ газеталарида ашық (ашық суд, ашық даўыс, ашық есиклер күни), жаңа (жаңа Өзбекстан, жаңа Мойнақ), кәрўан (китаплар кәрўаны, әдебият кәрўаны), айлық (пәнлер айлығы, жаслар айлығы) каби сўзлар маъноларининг кенгайиш ҳолати ва газета тилига хос қўлланилиши асослаб берилган;  
публицистик услуб орқали тилимизга кириб келган янги сўз ва лексик бирликларнинг, энг аввало, ахборий жанрлар таркибидаги расмий хабар жанридаги (жол картасы, Нөкис сити, Мойнақ Ралли, миллий гвардия, бес баслама, жасыл аймақ, қарабайыр атлары шеберлик мектеби, Иппология илимий-изертлеў институты, заманагөй бесгүрес ҳәм поло) материалларда қўлланиши ва шу орқали функционал услубларга ўтиши исботланган;
газета жанрларида сўз ясовчи аффикслар (от: -шы/ -ши; -лас/-лес, сифат: -лы/-ли; -сыз/-сиз, равиш: -лай/-лей) ва аффиксоидларнинг (-хана, -нама) қўлланилиш доирасининг кенгайиши натижасида янги сўзларнинг ясалиши ва шу орқали адабий тилимизнинг лексик фонди бойитилиши далилланган;
тармоқ газеталари материаллари сарлавҳаларида, лид матнларида дарак, сўроқ, буйруқ, ундов гаплар, инверсия ҳодисасидан фойдаланишда газета штамплари, клишелари сифатида касб-корни ва тармоқларни фаол қўлланилиш жараёни аниқлаштирилиб, уларнинг эмоционал ва экспрессивликни таъминлашдаги янги замонавий жиҳатларининг мавжудлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қорақалпоғистон тармоқ газеталари тили ва услубини тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қорақалпоқ тилининг луғабий бойлигини кенгайтиришда, соҳага оид янги сўзлар, интернационал сўзлар, рус ва инглиз тилидаги сўзларнинг келиб кириши ва қўлланиши сингари масалаларни аниқлаш бўйича билдирилган хулосалардан ЎзР ФА ҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012-2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-Г003 рақамли «Ҳозирги қорақалпоқ тилада функционал сўз ясалиши» мавзусидаги фундаментал лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (ЎзР ФА ҚБ ҚГФИТИнинг 2021 йил 12 мартдаги 47а/1-сон маълумотномаси). Натижада, газета тили ва услубий хусусиятларининг қорақалпоқ тилидаги сўз ясалиши соҳасига боғлиқ томонларини аниқлашга эришилган;
тармоқ газеталарида сўз маъноларининг кенгайиши ҳолати, хусусан, ашық (ашық суд, ашық даўыс, ашық есиклер күни), жаңа (жаңа Өзбекстан, жаңа Мойнақ), кәрўан (китаплар кәрўаны, әдебият кәрўаны), айлық (пәнлер айлығы, жаслар айлығы) ва ҳоказо сўзларнинг маъноларининг кенгайиши ва газета тилига хос қўлланилишига оид илмий-назарий хулосалардан ёш журналистлар учун махсус ташкил этилган семинарларда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 15 сентябрдаги 53-сон маълумотномаси). Натижада, ёш журналистлар газета тилининг стандартлиги ва эмоционал-экспрессивликни таъминлашдаги хизматларига оид билим, кўникма ва тажрибага эга бўлиб, уларнинг маҳоратини, нутқ маданиятини оширишига эришилган;
газета тили, услуби ва бошқа медиа матнларига доир материаллардан Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг амалий фаолиятида фойдаланилган. Асосан, «Тўртинчи ҳокимият», «Ёшлар учун», «Тилга эътибор – элга эътибор» эшиттиришларини тайёрлашда кенг кўлланилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2021 йил 22 сентябрдаги 01-02/443-сон маълумотномаси). Натижада, радиоэшиттиришларда мунтазам қўлланилаётган иқтисодиёт, таълим, адабиёт, педагогика, тиббиёт, ҳуқуқшунослик, маданият, спорт ва ички ишлар тизими соҳаларига тегишли терминларга изоҳ ва уларни тўғри қўллаш учун тавсиялар берилган;
адабий тилнинг ривожланишида публицистик услубнинг ўрни ва у орқали тилимизга кирган янги сўз ва лексик бирликларнинг, энг аввало,   расмий хабар жанридаги материалларда қўлланиши ҳақидаги илмий таҳлиллардан   ва   далилий   хулосалардан Қорақалпоғистон Ахборот агентлиги фаолиятида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Ахборот агентлигининг 2021 йил 12 февралдаги 01-025-сон маълумотномаси). Натижада,  саводхонликни оширишда тармоқ газеталари тилининг лексик, морфологик, грамматик, орфографик талабларга асосланиш зарурлиги ҳақидаги таҳлиллар неологизм, соҳага доир янги атама, терминлар, лексик бирликлардан тўғри фойдаланиш ва адабий тил қоидаларига амал қилиши учун манба сифатида хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish