Sayt test rejimida ishlamoqda

Кошанова Нилуфар Махсудовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Умумтаълим мактабларида синф раҳбарлари фаолиятини ривожлантириш механизмлари (кластер ёндашуви асосида)”, 13.00.01-Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи.
Дисcертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Ped2469.
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти.
Илмий раҳбар: Ходжамқулов Умид Негматович, педагогика фанлари доктори.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, DSc.03/30.04.2021.Ped.82.01.  
Расмий оппонентлар: Маҳкамов Улфатжон Илхамович, педагогика фанлари доктори, профессор; Кадиров Қувондик Айитбаевич, педагогика фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: педагогик таълим кластери асосида синф раҳбари фаолияти самарадорлигини ошириш усулларини аниқлаш ва механизмларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
умумтаълим мактабларида синф раҳбарларининг ижтимоий-педагогик функцияси ва кластер ёндашувига асосланган бошқарув технологияси ўқитувчининг ушбу фаолият учун зарур бўлган шахсий, касбий ҳислатлари, ташкилотчилик, коммуникатив ва гностик малакалари, дидактик, когнитив, академик, перцептив қобилиятларини ҳисобга олиш асосида ишлаб чиқилган; 
таълим ва тарбия жараёнини ташкил қилиш ва бошқаришда синф раҳбарлари фаолиятининг интегратив, мақсадли ва тизимли кластер ҳамкорлигига асосланган дидактик имкониятлари ўқувчиларнинг коммуникатив, ахборот билан ишлаш, умуммаданий таянч компетенциялари ва ижтимоий мослашувчанлик, жамоавий ҳамкорликда ишлай олиш, медиа ва ахборот воситаларидан фойдалана олиш каби хусусий компетенцияларини ривожлантириш асосида аниқлаштирилган; 
умумтаълим мактабларида синф раҳбарлари фаолиятини ривожлантиришнинг функционал модели синф раҳбари когнитив фаолиятининг танишув-билиш, тушуниш-қўллаш, таҳлил қилиш-умумлаштириш, рефлексия-баҳолаш каби алгоритмик босқичларини таълим ва тарбия жараёнини фаоллаштирувчи ташкилотчилик ва коммуникатив малакаларига нисбатан адаптив қўллаш ва синф раҳбарларининг функционал мажбуриятларига мувофиқлаштириш асосида ишлаб чиқилган; 
синф раҳбари фаолиятини ривожлантириш механизмининг дидактик таъминоти замонавий ўқитувчи концепцияси ва профессиограммаси билан глобаллашаётган жамиятнинг маънавий-ахлоқий ҳамда таълим ва тарбия билан боғлиқ ижтимоий талабларини дилектик алоқадорликда уйғунлаштириш асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Умумтаълим мактабларида кластер ёндашуви асосида синф раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ошириш механизмлари бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
синф раҳбарлари ижтимоий-педагогик функцияси мазмуни ва мазкур фаолият учун зарур бўлган келажак ўқитувчисининг шахсий, касбий хислатлари; ташкилотчилик, коммуникатив ва гностик малакалари; дидактик, когнитив, академик, перцептив қобилиятлари ҳамда таълим ва тарбия жараёнини ташкил қилиш ва бошқаришда синф раҳбарлари фаолиятининг дидактик имкониятлари ўқитувчининг таянч ва хусусий компетенцияларини ривожлантириш ва оила, мактаб, олий таълим ва бошқа ижтимоий институтларнинг интегратив, мақсадли ва тизимли кластер ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш бўйича ишлаб чиқилган илмий методик таклиф ва тавсиялардан умумий ўрта таълим мактаблари синф раҳбарларининг фаолиятини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказининг 2021 йил 6 декабрдаги 01/11-01/10-1967-сон маълумотномаси). Натижада, умумий ўрта таълим муассасаларида синф раҳбарлари фаолиятининг таълим ва тарбия жараёнидаги самарадорлигини оширишга эришилган; 
умумтаълим мактабларида синф мураббийи фаолияти самарадорлигини оширишдаги янгича ёндашувлар, хусусан, кластер ёндашуви асосида ривожлантиришнинг функционал модели синф раҳбари когнитив фаолиятининг танишув-билиш, тушуниш-қўллаш, таҳлил қилиш-умумлаштириш, рефлексия-баҳолаш каби алгоритмик босқичлари, замонавий педагогик технологиялар, ота-она таълим салоҳиятини оширишда мураббий фаолиятининг аҳамияти ва шу асосда таълим сифати самарадорлигини ошириш, педагогик ва технологик тизимни такомиллаштириш, умумтаълим мактабларида таълим ва тарбиявий жараён сифатини ошириш бўйича синф мураббийи билан таълим субъектлари ҳамкорлигини ривожлантириш борасида ишлаб чиқилган илмий методик тавсиялардан П3-2017927124 рақамли “Таълим муассасаларида ҳамкорлик асосида педагогик фаолиятни ривожлантириш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 2021 йил 8 июлдаги  26-01-116-сон далолатномаси). Натижада, тадқиқот иши таълим турлари ҳамкорлигини янада кучайтиришга, таълим жараёни субъектлари ҳамкорлигини ривожлантиришга, умумтаълим сифат самарадорлигини оширишга хизмат қилган; 
глобаллашаётган жамият шароитида синф раҳбари фаолиятини ривожлантириш механизмининг дидактик таъминоти, келажак ўқитувчиси концепцияси ва замонавий ўқитувчи профессиограммаси бўйича илмий-методик тавсиялардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 10 декабрдаги 01/40/-1852-сон маълумотномаси). Натижада, кўрсатувнинг мазмунини ёшлар маънавиятини ёт таъсирлардан ҳимоя қилиш ва уларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш ғояси асосида бойитишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish