Sayt test rejimida ishlamoqda

Қамбарова Шоирахон Асқаровнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фарғона водийсида совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (ХХ асрнинг 20-йиллари ўрталари – 30-йиллар)», 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.PhD/Tar312.
Илмий раҳбар: Зияева Доно Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети. PhD.03/31.03.2021.Tar.05.05.
Расмий оппонентлар: Хасанов Бахтиёр Вахапович, тарих фанлари доктори, профессор; Расулов Бахтиёр Маҳмуджонович, тарих фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади совет ҳокимиятининг Ўзбекистонда XX асрнинг 20-30-йилларида сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда олиб борган қатағон сиёсати ҳамда унинг оқибатларини Фарғона водийси мисолида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
партиядаги “тозалаш” жараёнлари уч босқичда ўтказилиб, уни 1935 йилда якунлаш назарда тутилган бўлса-да, Фарғона водийсида 1938 йилгача давом этганлиги ҳамда “тозалов”дан ўтмаганларнинг катта қисмини деҳқонлар ташкил қилганлиги асосланган;
сайлов комиссиялари таркибига ўз вазифасини яхши тушунмаган кишиларнинг кириб қолиши натижасида сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар рўйхатини тузишда хатоликларга йўл қўйилгани, кўпгина кишиларнинг ноҳақ сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани, 1930 йилга келиб Ўзбекистон ССРда “ҳақсиз”лар рўйхатига киритилган 189200 нафар фуқародан 61966 нафари (32,7 %)ни Фарғона водийсида истиқомат қилувчи фуқаролар ташкил қилгани аниқланган;
динга қарши кураш жараёнларидаги қатағонлар оқибатида 1940 йилга келиб, Фарғона водийсидаги мавжуд 3553 та масжиддан 377 таси, рўйхатга олинган 2928 нафар диний уламодан 807 нафари фаолият юритгани далилланган;
Фарғона водийси бўйича 1937-1938 йиллардаги қатағонлар жараёни қурбонларидан  3718 нафарининг ижтимоий таркиби аниқланиб, уларнинг 2057 нафари деҳқонлар, 479 нафари ишчилар, 375 нафари диндорлар, 124 нафари савдогарлар ва 683 нафари бошқа ижтимоий гуруҳларга мансуб  бўлганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ХХ асрнинг 20-йиллари ўрталари – 30-йилларида совет ҳокимиятининг Фарғона водийсида амалга оширган қатағон сиёсатини тадқиқ этиш давомида олинган натижалар, хулосалар ва амалий тавсиялар асосида:
Фарғона водийси шаҳар ва қишлоқларида совет ҳокимиятининг миллий кадрлар, маориф ходимлари, деҳқонлар ва руҳоният вакилларига нисбатан амалга оширган қатағон сиёсати ва унинг алоҳида кўринишларини акс эттирувчи материаллардан ҳамда статистик маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейининг “Совет ҳокимиятининг 1920-1930 йиллардаги қатағон сиёсати” номли экспозициясини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейининг 2020 йил 18 февралдаги 27-сон маълумотномаси). Натижада музейга ташриф буюрувчиларда совет ҳокимиятнинг Фарғона водийсида олиб борган қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини берган; 
совет ҳукуматининг сайлов қонунчилиги, сайловларни ўтказиш жараёнида Фарғона водийсида қишлоқ аҳолиси турли қатламларининг сиёсий ҳуқуқларидан чеклаши, “ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар”нинг ижтимоий аҳволи, шунингдек, диний муассасалар ва диндорларга қарши олиб борилган таъқиб сиёсатига доир маълумотларнинг таҳлили Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканали “Тақдимот” кўрсатуви сценарийсини тузиш ва кўрсатувни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон телерадиоканали унитар корхонасининг 2020 йил 16 мартдаги 01-40-244 сон маълумотномаси). Натижалар телетомошабинларга совет давлатининг Фарғона водийсидаги қатағон сиёсати ва унинг хусусиятлари, сиёсий қатағонларнинг ижтимоий оқибатлари тўғрисида янги тарихий маълумотлар етказиб беришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish