Sayt test rejimida ishlamoqda

Икромов Бахром Фарходовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Бошланғич тайёргарлик босқичида шуғулланувчи эшкакчи байдаркачиларнинг мувозанат турғунлигини инновацион восита ва усуллар ёрдамида ривожлантириш”, 13.00.04 – Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Ped828.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, DSc.03/30.12.2019.Ped.28.01.
Илмий раҳбар: Жуманов Ортиқмат Сангилбоевич, педагогика фанлари номзоди, доцент.
Расмий оппонентлар: Алламуратов Шухрат Иноятович, биология фанлари доктори, профессор; Купалов Санжарбек Улугбекович, педагогика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади бошланғич тайёргарлик босқичида байдаркада эшкак эшувчиларнинг техник элементларини сифатли ўзлаштириш учун мувозанат турғунлигини ривожлантиришга қаратилган инновацион восита ва усулларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бошланғич тайёргарлик босқичида байдаркада эшкак эшувчиларнинг махсус мувозанат қобилиятини ривожлантириш учун «БОСУ» платформасида одатий жисмоний юкламалар жараёнида иштирок этмайдиган майда мушак гуруҳлари тонусини оширишга йўналтирилган ноанъанавий машғулот тузилмасини ишлаб чиқиш ҳисобига эшиш жараёнидаги мувозанатни барқарор ушлаб туриш имконияти кенгайтирилган;
бошланғич тайёргарлик босқичида шуғулланувчи байдаркада эшкак эшувчиларнинг махсус тайёргарлигини назорат қилиш учун ишлаб чиқилган «Kayak balance control» дастури орқали мувозанат сақлаш турғунлигини ривожлантиришда олинган тезкор ахборотни қайта ишлаб, машғулот жараёнини масофа бўйлаб оғиш бурчаги ва вақтини коррекциялаш ҳисобига қисқа муддатда турғун мувозанатга эришиш имконияти такомиллаштирилган;
байдаркада эшкак эшувчиларнинг машғулот жараёнида «Kayak balance training ergometr» инновацион тренажеридан фойдаланиб ўзига хос мувозанат ҳиссини тренажердан сувдаги қайиққа ижобий равишда ўтказиш учун ҳар бир босқич давомида ўрнатилган оғиш меёридан чиқмаган ҳолда эшиш ҳаракати иммитациясини сувдаги фаолиятга максимал яқинлаштириш ҳисобига техник элементларни ўзлаштириш имконияти такомиллаштирилган;
байдаркада эшкак эшувчиларда статик ва динамик мувозанат машқларини уйғунликда қўллаш учун беқарор ҳамда ўзгарувчан таянчни «Баланс ёстиқчаси» орқали машғулотларга киритиш ҳисобига координацион имкониятларни ривожлантириш механизми такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бошланғич тайёргарлик босқичида шуғулланувчи байдаркада эшкак эшувчиларнинг мувозанат турғунлигини ривожлантириш орқали эшиш техникаси элементларини сифатли ўзлаштириш бўйича олинган натижалари асосида:
мувозанат турғунлиги, координацион имкониятлар ва вестибуляр аппаратни шакллантириш ва ривожлантиришда қўлланилган «БОСУ» воситастдан фойдаланиш бўйича таклифлар Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги спортнинг сув турлари буйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби байдаркада эшкак эшиш бўйича тарбияланувчиларнинг ўқув-машғулотлар жараёнига тадбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 10 декабрдаги 03-07-08-3501-сон маълумотномаси). Натижада ёш эшкакчи байдаркачиларнинг мувозанатни сақлаш қобилияти бўйича кўрсаткичлари кўзни очиб бажариш машқида ўртача 20,9% га, кўзни юмиб бажаришда ўртача 18,0% га яхшиланган;
эшкакчиларнинг сувдаги мувозанат турғунлиги ва унинг ривожланиш динамикаси бўйича тўлиқ, объектив ва тезкор маълумотлар тақдим эта олувчи “KBC” махсус электрон иловасидан фойдаланиш бўйича тавсиялар Ўзбекистоннинг байдаркада эшкак эшиш бўйича етакчи спортчиларининг қайиқдаги мувозанат турғунлигини назорат қилиш жараёнига тадбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 10 декабрдаги 03-07-08-3501-сон маълумотномаси). Натижада байдаркада эшкак эшиш бўйича фаолият олиб борувчи 3- спорт даражасига эга эшкакчи байдаркачиларда қайиқдаги томонларга оғиш бурчаклари бўйича кўрсаткичлари чап ва ўнг томонлар бўйича мос равишда 6,67 ва 8,68 градусни, Халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига эга эшкакчи байдаркачиларда 5,87 ва 5,95 градусни ташкил этган;
ёш эшкакчи байдаркачиларнинг машғулот жараёнини фаол рағбатлантириб, қуруқликда мувозанат турғунлигини шакллантиришга имкон берувчи “Kayak balance training ergometr” тренажёридан фойдаланиш бўйича тавсиялар Чирчиқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ўқув-машғулотлари жараёнига тадбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 10 декабрдаги 03-07-08-3501-сон маълумотномаси). Натижада ёш эшкакчи байдаркачиларнинг “эшкакни сувга киритиш”, “эшкакни тортиш”, “сувдан чиқариш” ва “эшишга тайёргарлик” каби техника элементларининг ўзлаштириш кўрсаткичлари 13-15% га ошган;
байдаркада эшкак эшувчиларнинг коордигацион имкониятларини ривожлантириш механизми бўйича таклиф ва тавсиялар «Eshkak eshish nazariyasi va uslubiyati» номли ўқув қўлланма мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 28 июндаги 434-314-сон гувоҳномаси). Натижада тажриба оҳирига келиб 10-11 ёшли шуғулланувчиларнинг мувозанатни сақлаш қобилияти бўйича кўрсаткичлари яхшиланди ва назорат гуруҳиникига нисбатан сезиларли фарқлар (P<0.05) аниқланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish