Sayt test rejimida ishlamoqda

Саидов Азамат Исмоиловичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Оилада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишининг ижтимоий-психологик хусусиятлари”, 19.00.05 – Ижтимоий психология. Этнопсихология (психология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.DSс/P34.
Илмий раҳбар: Умаров Бахриддин Менгбоевич, психология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педагогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Тошкент давлат педагогика университети, DSc.03/30.01.2020.P.26.02.
Расмий оппонентлар: Абдуллаева Шоира Хамидовна, психология фанлари доктори; Самаров Рустам Садриддинович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Муминова Лола Рахимона, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Жиззах давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади оилада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишининг ижтимоий-психологик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланиши ўз саломатлигига тизимли ёндашадиган шахснинг бошқаларда ҳам шундай хусусиятлар камол топишига ўзи англамаган ҳолда ҳайриҳоҳ бўлиши туфайли унинг саломатликни таъминлаш тарғиботчиси сифатидаги ролининг ортиб боришига ижобий таъсир кўрсатиши аниқланган;
носоғлом ижтимоий муҳит ёшларда меъёрларга тўғри келмайдиган ғайриинсоний вазифаларни бажаришга ундаши натижасида улар хулқида аста-секин деформациялашувнинг пайдо бўлиши, бу эса шахс онгида соғлом турмуш тарзига нисбатан салбий муносабатларни келтириб чиқариши асосланган;
оилада ота-оналарнинг фарзандларига меъёридан ортиқ меҳр қўйиши, уларни асраб авайлашлари, эъзозлашлари, истаган нарсаларини муҳайё қилишга интилишлари болаларда манманлик, бировларни менсимаслик, тайёрга-айёрлик, меҳнатнинг қадрига етмаслик, сабр-тоқатсизлик каби салбий ҳислатларнинг шаклланишига олиб келиши аниқланиб, бундай руҳда тарбияланган болалар муаммоли вазиятларда мустақил фикр юритиш, муайян қарорларга келиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш борасида қийинчиликларга учраши исботланган;
уч авлод вакилларининг бир жойда яшайдиган оилада истиқомат қилувчи ёшларда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган саломатликка миллий қадрият сифатида қарашнинг юқори бўлиши сабабли уларда соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги этнопсихологик тасаввурларнинг эрта шаклланиши аниқланган;
оилада ёшларнинг ўз соғлиги ҳақида қайғуриш, соғлом турмуш тарзига ўзини иродавий жиҳатдан йўналтира олиш, соғлом турмуш тарзининг аҳамиятига қатъий ишонч, руҳий саломатлик, ҳаёт ва унинг хурсандчиликлари мазмуни ҳақидаги шахснинг тафаккури, мақсад сари интилиш каби ижтимоий-психологик омилларга ўз менини ишонтира олиш орқали уларда соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланишига эришиш мумкинлиги асосланган.
IV.  Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Оилада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишининг ижтимоий-психологик хусусиятларини ўрганиш юзасидан амалга оширилган илмий тадқиқот иши асосида:
оилада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишининг психологик компонетлари (соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланиши бўйича шахснинг онги ва англанган фаолияти, алоҳида шахснинг соғлом турмуш тарзига муносабати, шахснинг ўзини ўзи соғлом турмуш тарзи сари мотивациялаши, соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлар шаклланишида шахснинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш, шахснинг соғлом турмуш тарзи бўйича тушунча ва тасаввурлари), ижтимоий-психологик (оилада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишига имконият яратувчи психологик муҳитни яратиш, соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлар шаклланишида ота-оналарнинг фарзандларга ибрат ва намуна сифатидаги таъсири, оиладаги шахслараро муносабатлар барқарорлиги) ва этнопсихологик (оилада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишида миллий қадриятларнинг ўрни, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг маънавий-маърифий жиҳатлари) омилларини ўрганиш бўйича олинган илмий хулосалар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Психология ўқув-илмий марказининг П-М-9 –сон буйруғи асосида “Ижтимоий психология” модули мазмунига киритилган (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Психология ўқув-илмий марказининг 2020 йил 19 августдаги П-М-9Б-сон маълумотномаси). Натижада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланиши ва шакллантириш бўйича кўрсатиладиган психологик хизмат имкониятларини такомиллаштиришга эришилган;
оила ва оилавий муҳит – ёшларда соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурларнинг  шаклланишига ўзига хос таъсир кўрсатиш мумкинлигидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Психология ўқув-илмий марказининг П-М-9 буйруғи билан “Оила психологияси” модулини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Психология ўқув-илмий марказининг 2020 йил 19 августдаги П-М-9Б-сон маълумотномаси). Натижада амалиётчи психологларни оилавий муҳитнинг ёшларда соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланиши бўйича касбий компетенцияларини ошириш самарадорлигини оширишга эришилган;
оилада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишига миллий қадриятлар, маънавий-маърифий баркамоллик ва этнопсихологик хусусиятларнинг таъсирини ўрганиш бўйича олинган натижалар “Этнопсихология ва дин психологияси” модули мазмунига киритилган (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Психология ўқув-илмий марказининг 2020 йил 19 августдаги П-М-9Б-сон маълумотномаси). Натижада ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлари шаклланишида миллий қадриятлар, маънавий-маърифий баркамоллик, этнопсихологик хусусиятларнинг ўрнига оид назарий қарашлар ва амалий тавсиялар билан  “Этнопсихология ва дин психологияси” ўқув фани мавзулари такомиллаштирилган;
оилада ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурларни шакллантиришда ёшларнинг носоғлом хулқ-атвори, зарарли одатларга берилишларининг олдини олиш ва уларнинг руҳий барқарорлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган психологик тавсиялар “Девиантология асослари” модулига татбиқ этилган (“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтининг 2020 йил 5 декабрдаги 01-09/57-сон маълумотномаси). Натижада оилада ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурлар шаклланишида ёшларнинг носоғлом хулқ-атворини ва зарарли одатларга берилишларининг олдини олиш бўйича амалий психологик тавсиялар “Девиантология асослари” ўқув фанининг мазмунини тўлдирилишига ва такомиллашишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish