Sayt test rejimida ishlamoqda

Юлчиева Сурайё Бахрамовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Кимё саноати ускуналарини ҳимоялаш учун антикоррозион композицион қопламаларнинг самарали таркиблари ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.07 – Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси, 05.02.01 – Машинасозликда материалшунослик. Қуймачилик. Металларга термик ва босим остида ишлов бериш. Қора, рангли ва ноёб металлар металлургияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.4.DSc./T467.
Илмий маслаҳатчилар: Негматов Сайибжон Содикович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Негматова Комила Сайибжановна, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК, DSc.03/30.12.2019.K/T.03.01.
Расмий оппонентлар: Толипов Ниғматилла Хамидович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Юсупов Фарход Махкамович, техника фанлари доктори, профессор; Рустамов Рахматилла Муродович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон машинасозлик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кимё саноати ускуналарини ҳимоялаш учун антикоррозион композицион қопламаларнинг самарали таркиблари ва олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суюқ шишали композицияларнинг гидратланиш ва структура шаклланиш жараёнининг қонуниятлари гидролиз спиртини ишлаб чиқариш агрессив муҳити учун ишлаб чиқилган;
композицияда гелга ўхшаш холатга ўтувчи гидросиликат ишқорларининг ҳосил бўлиши ҳисобига суюқ шишанинг гидролизида натрий кремнийфториди билан реакцияга киришмаган ишқор тўлдирувчи доналарини емириши, натижада тўлдирувчининг кремний кислотаси гели билан мустахкам боғланиши таъминланганлиги аниқланган;
композиция структурасининг зичлашиши кремнезем модулининг ортиши ҳисобига амалга ошиши натижасида шундай шишалар янада полимерланган ва ўзининг кремний-кислородли каркасида зич структурага эга бўлиб, композитнинг монолит, юқори мустахкам, сув ва кислотага чидамли структурасининг шаклланиши ҳисобига порфирит ва волластонит заррачаларининг юқори даражада цементланиши учун шароит яратилганлиги аниқланган;
полимер қўшимчалар бирлаштирувчи агент вазифасини бажариб, тўлдирувчи заррачаларида адсорбцияланиши натижасида боғловчининг тўлдирувчи билан кимёвий боғланиши натижасида гидросиликатлар ҳосил бўлиши ва сульфит-целлюлоза ишлаб чиқаришидаги тўйинтирувчи тузли мухитида полимер қўшимчалар билан модификация қилинган боғловчи асосидаги материалнинг коррозия механизми аниқланган;
материалнинг қотиши коагуляция ва поликонденсация жараёнлари билан кечишига асосланиб, Si-O-Si боғларнинг ташкил бўлишига олиб келувчи фазавий структура пайдо бўлиши ва силанол гурухларнинг (SiOH) конденсациясини таъминлаб бериб, унинг сингдирмаслик, мустахкамлик ва коррозион бардошлилик кўрсаткичининг юқори бўлишига олиб келиши аниқланган;
суюқ шиша композициялар юзасида компонентларнинг ўзаро таъсири натижасида пайдо бўлган гел махсулотлари ва эримайдиган бирикмалар турли коррозияли муҳитда кимёвий бардошлиликни ошириб берувчи майда кристалли, бир хил тузилишга эга структура ҳосил қилиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кимё саноати корхоналари ускуналарини ҳимоялаш учун коррозиябардош композицион материаллар ва улар асосидаги қопламаларнинг самарали таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ишлаб чиқилган коррозиябардош композицион суюқ шишали материаллар ва улар асосидаги қопламалар «Наманганвино» МЧЖда гидролиз цехи сиғимларини ички юзасини қоплашда жорий этилган («Ўзбекистон Республикаси Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночилиқни ривожлантириш агентлиги»нинг 2021 йил 15 июлдаги 02-19/2426-сон маълумотномаси). Натижада, гидролиз цехи сиғимларини ва қурилмаларининг агрессив муҳит таъсирига бардошлигини, ишлаш қобилиятини ва самарадорлигини, иш унумдорлигини ошириш, уларнинг энерго- ресурс тежамкорлигини ошириш имконини берган;
антикоррозион композицион материаллар ва улар асосидаги қопламалар «Наманганвино» МЧЖда саноатнинг турли соҳаларида агрессив муҳитда ишлатиладиган ускуна ва қурилмаларини коррозиядан ҳимоя қилишда амалиётга жорий этилган («Ўзбекистон Республикаси Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночилиқни ривожлантириш агентлиги»нинг 2021 йил 15 июлдаги 02-19/2426-сон маълумотномаси). Натижада, агрессив муҳитда ишлайдиган ускуна ва қурилмаларнинг умрбоқийлигини 2,5 марта ошириш имконини берган;
юқори физик-механик ва эксплуатацион хоссаларга эга бўлган импорт ўрнини босувчи антикоррозион композицион қопламалар «Наманганвино» МЧЖда гидролиз цехида агрессив муҳитдаги қурилмаларининг сирт юзасини қоплашда жорий қилинган («Ўзбекистон Республикаси Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночилиқни ривожлантириш агентлиги»нинг 2021 йил 15 июлдаги 02-19/2426-сон маълумотномаси). Натижада, «Наманганвино» МЧЖнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish