Sayt test rejimida ishlamoqda

Умурзаков Рустамжон Махамадовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): ХХ аср ўзбек қиссаларида бола образи: давр ва руҳият, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Fil1425.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.05.02.
Илмий раҳбар: Касимов Абдугапир Абдукаримович,  филология фанлари доктори, профессор
Расмий оппонентлар: Расулова Умида Йўлдош қизи, филология фанлари доктори; Тожибоева Муқаддас Абдураҳимовна, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот номи: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади ХХ аср ўзбек қиссаларидаги болалик ва бола образи тасвирида давр ва руҳиятнинг бадиий ифодасини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий  янгилиги:
бола образининг ўзбек адабиётидаги шаклланиш асослари, поэтик табиатининг даврий жиҳатдан фарқланиши, автобиографик характердаги қиссаларда болалик тасвири асосий ўринни эгаллаши ҳамда бола образи акс этган қиссалар ҳам автобиографик унсурлардан ҳоли бўлмаслиги асосланган;
Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасидаги бола эътиқоди емирилиши даврнинг маънавий таназзули билан боғлиқ ҳолда далилланган;
ХХ аср ўзбек қиссалари бола руҳияти талқинида катталар дунёсининг иллат ва кулфатлари акс эттирилиб, бола образи катталар учун кўзгу вазифасини бажариши исботланган;
Ўткир Ҳошимовнинг “Икки карра икки – беш” қиссаси бош қаҳрамони ўтиш давридаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий жараёнлар ҳосиласи сифатида бадиий талқин этилганлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ХХ аср ўзбек қиссаларида бола образини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
бола образи етакчи бўлган ХХ аср ўзбек қиссалари давр нуқтаи назаридан тизимлаштирилиб, автобиографик характердаги қиссаларда болалик тасвири асосий ўринни эгаллаши, бола образи акс этган қиссалар автобиографик унсурлардан ҳоли бўлмаслиги асосланган илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 15.05.2020 йилдаги 125-сонли буйруғи асосида эълон қилинган UNICEF билан ҳамкорликдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида ўзбек тилини ўқитиш сифатини ошириш” лойиҳасининг 1-босқичи: Она тили, ўзбек тили ва адабиёт фанларининг ўқув-методик материалларини ишлаб чиқишда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказининг 2021 йил 12 мартдаги 01/11-01/4-295-сон маълумотномаси). Натижада Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” ва Ойбекнинг “Болалик” қиссалари таҳлили ҳамда бола образига оид умумий хулосалар билан ўрта таълим мактабларидаги адабиёт фанининг ўқув-методик материаллари бойитилган;  
 Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасидаги бола эътиқоди емирилиши даврнинг маънавий таназзули билан боғлиқлигига оид илмий-назарий хулосалардан 2017-2020 йилларга мўлжалланган Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги ОТ-Ф1-100 рақамли “Имконияти чекланган болалар ижтимоий-маданий фаолиятининг бадиий-ижодиёт воситалари асосида назарий ва амалий такомиллашуви” номли фундаментал лойиҳа доирасида фойдаланилган (Фарғона давлат университетининг 2021 йил 25 февралдаги маълумотномаси). Натижада “Шахс ва қадриятлар” монографиясининг илмий-маърифий савияси ошган;
қисса жанридаги бола образи тадқиқи бўйича эришилган натижалардан Фарғона вилоят телерадиокомпаниясининг “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Интервью”, “Жондан азиз”, “Маънавият сарчашмалари” кўрсатувлари ва Фарғона радиосининг “Ёшлар кундалиги” эшиттиришларида фойдаланилган (Фарғона вилоят телерадиокомпаниясининг 2021 йил 23-февралдаги 68-сон маълумотномаси). Натижада ушбу кўрсатув ва эшиттиришлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни чуқурлашган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган ҳамда кўрсатув ва эшиттиришларда кўтарилган адабий масалаларнинг илмий асоси кучайтирилган;
ХХ аср ўзбек қиссалари бола руҳияти талқинида катталар дунёсининг иллат ва кулфатлари акс эттирилиб, бола образи катталар учун кўзгу вазифасини бажаришига оид хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилоят бўлими фаолиятида “Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар режаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари учун маърузалар тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармасининг 2021 йил 24-февралдаги 02-22/126-сон маълумотномаси). Натижада чора-тадбирлар режаси илмий асослар, ёшлар руҳиятига оид таҳлилий материаллар билан бойитилган;
бадиий адабиётдаги давр ва руҳият масаласини ёритишда бола образининг аҳамиятига оид таҳлил натижаларидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг Танқид ва адабиётшунослик кенгаши фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг 2021 йил 25 февралдаги 11 сон маълумотномаси).  Натижада ХХ аср ўзбек насрида давр ва қаҳрамон муносабати концептуал манзарасини ишлаб чиқиш жараёнларида бола образига таянилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish