Sayt test rejimida ishlamoqda

Атаев Шокир Куранбаевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тадбиркорлик фаолиятини маъмурий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш”, 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.4PhD/Yu622.
Илмий раҳбар: Мухамедов Ўткирбек Хазратқулович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Селиманова Светлана Михайловна, юридик фанлар доктори, профессор; Ганиев Шерзод Алишерович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тадбиркорлик фаолиятини маъмурий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида фаолияти тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра нодавлат нотижорат ташкилотлардан ташқари барча турдаги юридик шахсларнинг тугатилиши мумкинлиги асослантирилган;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги турли инвестиция объектларига қўйилмалар учун хавфсиз шарт-шароитларнинг таъминланишини инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг мақсади сифатида қонунда белгилаш зарурати асосланган;
пандемия шароитида Covid-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори-дармон воситалари, тиббий буюмлар ва техникаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилишини вақтинчалик тўхтатиш орқали тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш лозимлиги асосланган;
алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширишда бундай маҳсулотларни сақлаш, қабул қилиш ва тарқатиш учун мўлжалланган ва ўрнатилган талабларга жавоб берадиган бинога эгалик қилишни лицензия талаблари ва шартлари сифатида қонунчиликда белгилаш лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Тадбиркорлик фаолиятини маъмурий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида фаолияти тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра нодавлат нотижорат ташкилотлардан ташқари барча турдаги юридик шахсларнинг тугатилиши мумкинлиги ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 11 декабрдаги “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-592-сон қонунининг 1-моддаси биринчи бандига биноан Фуқаролик Кодексининг 53-моддаси иккинчи қисмини янги таҳрирда баён этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2021 йил 21 январдаги  04/1-79-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши юридик шахсларни тугатиш асосларининг қонун ҳужжатларида аниқ белгиланишига хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги турли инвестиция объектларига қўйилмалар учун хавфсиз шарт-шароитларнинг таъминланишини инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг мақсади сифатида қонунда белгилашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ-598-сон қонунининг 24-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2021 йил 21 январдаги  04/1-79-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши чет эллик ҳамда маҳаллий инвесторлар томонидан амалга ошириладиган инвестициялар ва инвестиция фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш орқали Ўзбекистон Республикасини ва унинг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилган;
пандемия шароитида Covid-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори-дармон воситалари, тиббий буюмлар ва техникаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилишини вақтинчалик тўхтатиш орқали тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 449-сон қарорининг 3-бандини янги таҳрирда баён этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2020 йил 7 октябрдаги 12/1-204-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши пандемия шароитида Covid-19 инфекцияси билан касалланиш ҳолатларини даволашда соғлиқни сақлаш тузилмаларини қўллаб-қувватлашга, шунингдек Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олишга хизмат қилган;
алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширишда бундай маҳсулотларни сақлаш, қабул қилиш ва тарқатиш учун мўлжалланган ва ўрнатилган талабларга жавоб берадиган бинога эгалик қилишни лицензия талаблари ҳамда шартлари сифатида қонунчиликда белгилашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 майдаги 301-сон қарори билан тасдиқланган “Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби, шунингдек лицензия талаблари ва шартларини бузганлик учун қўлланадиган чоралар ва санкциялар тўғрисида”ги низомнинг 2-бобини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2020 йил 7 октябрдаги 12/1-201-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларининг қонун ҳужжатларида аниқ белгиланишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish