Sayt test rejimida ishlamoqda

Садиков Рустамжон Тохировичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Бўлакли бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда суюқликлар фильтрация жараёнларини математик моделлаштириш», 05.01.07 – «Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи» (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2021.3.PhD/T1992.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Назирова Элмира Шодмоновна, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.13/30.12.2019.T.07.01.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: 
Равшанов Нормаҳмад, техника фанлари доктори, профессор. 
Жабборов Насриддин Мирзоодилович, физика-математика фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат транспорт университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади суюқликларнинг бўлакли бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитли қатламларда ҳамда ўзаро динамик алоқага эга кўп қатламли нефть конларида ностационар фильтрация жараёнларининг математик моделлари, уларнинг сонли усуллари ва самарали ҳисоблаш алгоритмларини ишлаб чиқиш, шу билан бирга ҳисоблаш тажрибалари сонли натижаларини визуал формада икки (2D) ва уч ўлчамли (3D) графикларда тақдим этишнинг дастурий мажмуасини яратиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суст ўтказувчан қатламларга эга ўзаро динамик алоқадаги нефть конлари тизими учун фильтрация жараёнининг математик модели ишлаб чиқилган;
динамик алоқадаги уч қатламли ғовак муҳитда нефть ностационар фильтрация чегаравий масаласини ечишнинг сонли усуллари ва алгоритмлари ишлаб чиқилган;
бўлакли бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитли қатламда нефть фильтрация масаласи икки ўлчамли математик модели учун сонли модель ишлаб чиқилган; 
бўлакли бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда нефть фильтрация чегаравий масаласини ечишнинг ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Диссертация тадқиқоти жараёнида олинган натижалар асосида:
ғовак муҳитда суюқликларнинг икки ўлчамли фильтрланиш жараёнини сонли моделлаштиришда БВ-Атех-2018 (399+487) рақамли «Гидрогеологик жараёнларни уч ўлчовли моделларини тузиш ва икки компонентли муҳитда диффузион жараёнларни сонли моделлаштириш учун амалий дастурлар пакетини яратиш» илмий лойиҳасида «Бўлакли бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда суюқликлар фильтрацияси жараёнини компьютерли моделлаштириш» дастурий мажмуаси Сардоба темир йўл агросаноат унитар корхонасига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 3 ноябрь 33-8/7764-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида ҳисоблашга кетган вақт 8-10 бароварга қисқаргани ва ишлаб чиқариш самарадорлиги эса 15% га ошишига эришиш имконини берган;
бўлакли бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда суюқликлар фильтрацияси жараёнини компьютерли моделлаштириш асосида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Рақамли технологиялар маркази» унитар корхонасига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 3 ноябрь 33-8/7764-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида дастурий мажмуанинг синов тариқасида тадбиқ қилишда ҳисоблаш натижаларидаги аниқлик 5-7 % гача ошиш ва ҳисоблашга кетган вақт 80-85% қисқариши имконини берган;
бўлакли бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда суюқликлар фильтрацияси жараёнини компьютерли моделлаштириш асосида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа «Газли нефть газ қазиб чиқариш бошқармаси» объектларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 3 ноябрь 33-8/7764-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида нефть–газ конларининг ишлаш самарадорлигини 7-10 % га оширишга эришиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish