Sayt test rejimida ishlamoqda

Ашурова Нилуфар Ўктамовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этганлик учун жиноий жавобгарлик», 12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи. 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Yu458.
Илмий раҳбар: Рустамбаев Мирзаюсуп Хакимович, юридик фанлар доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети,DSc.32/30.12.2020.Yu/74.01.
Расмий оппонентлар: Тохиров Фарход,юридик фанлар доктори, профессор; Уразалиев Мурод Қораевич,юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчиташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этганлик учун жиноий жавобгарликни такомиллаштириш, бу турдаги жиноятлар сабабларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
вояга етмаган шахсни нафақат гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилиш, балки уларнинг аналогларини истеъмол этишга жалб қилиш учун  ҳам жиноий жавобгарлик белгиланиши лозимлиги асосланган;
гиёвандлик воситаларининг аналоглари ҳисобланмаган, лекин кишининг ақл-идрокига таъсир қиладиган восита ва моддаларни истеъмол этишга жалб қилиш ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликни белгилашга оид қоидалар аниқлаштирилди;
вояга етмаган шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликни белгилаш асослаб берилган;
вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда вояга етмаганларни ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилаётган шахслар, шу билан бирга ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилаётганларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган таъсир чораларини қўллаш юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга таклифлар киритиш ҳуқуқи Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг ваколатлари сифатида белгиланиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этганлик учун жиноий жавобгарликбелгилаш ва унинг олдини олиш масалаларини тадқиқ этишнинг илмий натижалари асосида:
вояга етмаган шахсни нафақат гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар, балки уларнинг аналогларини истеъмол этишга жалб қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланиши лозимлиги тўғрисидаги таклифдан ЖК 127-моддаси иккинчи қисмига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил 06 ноябрдаги 06-13/1850-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши мазкур турдаги қилмишларни содир этган шахсларнинг ҳаракатлари тўғри квалификация қилинишига ва жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланишига хизмат қилган;
вояга етмаган шахс гиёҳвандлик воситаларининг аналогларини истеъмол қилишга жалб этилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 127-моддаси иккинчи қисми билан квалификация қилиниши лозимлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 28 апрелдаги 12-сонли «Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 29-бандига ўзгартириш киритишда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 20 январдаги 08/УМ-59-21–сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши суд амалиётида вояга етмаган шахс гиёҳвандлик воситаларининг аналогларини истеъмол қилишга жалб этилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатларига тўғри ҳуқуқий баҳо беришга ва адолатли жазо тайинланишига хизмат қилган;
вояга етмаган шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдириб, уларни тиланчилик қилишга жалб этишнинг криминализация қилиниши лозимлиги тўғрисидаги таклифдан ЖК 1271-моддасининг қабул қилинишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд–ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 06-13/1850-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар қилмишга тўғри жиноят-ҳуқуқий баҳо бериш ва жиноий жазо тайинлашда одиллик принципига риоя этилишининг таъминланишига хизмат қилган;
вояга етмаганларни ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилаётган ёхуд вояга етмаганларга нисбатан бошқа ғайриқонуний қилмишлар содир этаётган шахсларни, шунингдек вояга етмаганларни моддий таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки уларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлаётган ота-оналарни ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларни аниқлаш ҳамда уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга таклифлар киритишни Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасидаги ваколатларидан бири сифатида белгилаш лозимлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2017 йил 12 июлдаги 151-сон буйруғи билан тасдиқланган «Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 58-банди тўртинчи хатбошисини тайёрлашда фойдаланилган(Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 31 январдаги 33/04-01/426-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилаётган шахсларнинг ҳаракатларини барвақт профилактикаси таъминланишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish