Sayt test rejimida ishlamoqda

Пардаева Шаҳноза Абдинабиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Хўжалик субъектларида молиявий натижаларнинг стратегик бошқарув ҳисобини такомиллаштириш», 08.00.08 – “Бухгaлтeрия ҳисoби, иқтисoдий тaҳлил вa aудит” (иытисодиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Iqt1719. 
Илмий раҳбар: Умаров Зафар Абсаматович, иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Ахмеджанов Каримжон Бакиджанович, иқтисод фанлари доктори (DSc), профессор; Алиқулов Абдимўмин Исматович, иқтисод фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади хўжалик юритувчи субъектларда молиявий натижаларнинг стратегик бошқарув ҳисоби такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
молиявий натижаларнинг стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилиш учун иқтисодий қўшилган қиймат (EVA) ўлчови ва капиталга қилинган инвестиция, харажатлар ва баҳосини ифодаловчи кўрсаткичлар мажмуаси таклиф этилган;
“қиймат занжири”га ҳамда эгилувчан бюджетни шакллантиришга асосланган, беш босқичли интеграллашган тизим таклиф этилган;
 “АВС”, “Таргет-костинг” ҳамда “Кайзен-костинг” ҳисоб тизимларидан комплекс фойдаланиш тамойилига асосланган “тизимли ёндошув усули” таклиф этилган;
молиявий ҳамда номолиявий кўрсаткичларни ўзида мужассам этган баланслаштирилган кўрсаткичлар блокларини шакллантириш асосида стратегик прогноз балансини тузиш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Молиявий натижаларнинг стратегик бошқарув ҳисобини тaкoмиллaштириш бўйичa олинган илмий натижалар aсoсидa:
молиявий натижаларнинг стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилиш учун иқтисодий қўшилган қиймат (EVA) ўлчови ва капиталга килинган инвестиция, харажатлар ва баҳосини ифодаловичи кўрсаткичлар мажмуаси бўйича берган таклифларидан “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасида масъулият марказлари (сегментлари)да капиталларининг реал бозор қийматини баҳолашда фойдаланилган (“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг 2021 йил 8 сентябрдаги 04-01-02/8778-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф натижасида комбинатни яхлит тарзда, шунингдек унинг алоҳида олинган таркибий қисмлари, сегментлари, масъулият маказларининг фаолиятлари самарадорлигини улар олаётган фойда кўрсаткичи орқали баҳолаш билан бирга, умумий капиталлари қиймати, яъни ҳар бирининг бозор баҳоси қанча миқдорни ташкил қилаётганлигини ҳам баҳолаш имконияти пайдо бўлди. Бунинг натижасида келгусида ҳар бир акционер учун олаётган дивиденд кўринишидаги фойда миқдорининг ўзинигина эмас, балким унинг комбинат акциясига қилган инвестицияси бўйича реал даромади даражаси қандай ўзгараётганлигини ҳам ҳисоблаш, таҳлил қилиш ҳамда кузатиб бориш имконияти яратилган;
“қиймат занжири”га ҳамда эгилувчан бюджетни шакллантиришга асосланган, беш босқичли интеграллашган тизим бўйича берган тавсиясидан “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасида харажатларнинг стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилиш ва юритишда фойдаланилган (“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг 2021 йил 8 сентябрдаги 04-01-02/8778-сон маълумотномаси). Мазкур таклифни амалиётда қўллаш натижасида комбинатда харажатларни бевосита жараёнларни амалга ошираётган ишчи-ходим томонидан улар вужудга келган жойларда (масъулият марказларида) амалга ошириш имконияти яратилди, эгри харажатларни юқори аниқликда тақсимлаш ҳамда уларнинг миқдорини узлуксиз тарзда оптималлаштириб бориш таъминланди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бирлиги таннархини аниқ ҳисоб-китоб қилиш усули такомиллашди. Мазкур тадбирлар комбинатда маҳсулот таннархини камайтириш бўйича 2021 йилнинг январь-июнь ойлари учун тасдиқланган мақсадли параметрларни 103 фоизга ошириб бажаришга имконият яратди. Бу эса натижада ҳисобот даврида комбинатда маҳсулот танархини 7 фозига камайтириш ҳамда харажатларни 502,8 млрд. сўмга оптималлаштириш имкониятини берган;
“АВС”, “Таргет-костинг” ҳамда “Кайзен-костинг” ҳисоб тизимларидан комплекс фойдаланиш тамойилига асосланган “тизимли ёндошув усули” бўйича таклифидан “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасида молиявий натижаларни ифодаловчи кўрсаткичларнинг истиқболда прогноз параметрларини белгилашда фойдаланилган (“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг 2021 йил 8 сентябрдаги 04-01-02/8778-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф комбинатнинг стратегик салоҳиятини, хусусан, узоқ муддатга мўлжалланган инвестицион лойиҳалар самарасини баҳолаш имкониятларини яратмоқда, хусусан, комбинатнинг молиявий натижаларини ифодаловчи кўрсаткичлар параметрларини 2026 йилгача белгилашда асосий башорат қилиш усули сифатида фойдаланилмоқда;
молиявий ҳамда номолиявий кўрсаткичларни ўзида мужассам этган баланслаштирилган кўрсаткичлар блокларини шакллантириш асосида стратегик прогноз балансини тузиш бўйича берган таклифидан “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасида молиявий натижалар бўйича стратегик бошқарув қарорларининг тезкорлигини таъминлашда ва самарадорлигини оширишда фойдаланилган  (“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг 2021 йил 8 сентябрдаги 04-01-02/8778-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф комбинатнинг стратегик истиқболда молиявий натижаларини ифодаловчи кўрсаткичларнинг ўзгаришини, динамикасини ҳамда уларга таъсир қиладиган омилларни ҳисобга олиш, таҳлил қилиш ва натижада узлуксиз ҳамда тезкор тарзда параметрларига ўзгартиришлар киритиб бориш имкониятини яратган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish