Sayt test rejimida ishlamoqda

Расулова Мастура Кабиловнанинг
техника фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи):  «Махсус кийим эксплуатацион ишончлилигини таъминлаш усулларини ишлаб чиқиш», 05.06.04 - «Тикувчилик буюмлари технологияси ва костюм дизайни » (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  В2019.2.DSc/Т290.
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Ташпулатов Салих Шукурович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, DSc.03/30.12.2019.T.08.01.
Расмий оппонентлар: Абдукаримова Машхура Абдураимовна, техника фанлари доктори; Арипджанова Дилафруз Уктамовна, техника фанлари доктори, профессор; Жилисбаева Раушан Оразовна, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган мухандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади озиқ-овқат саноати, хусусан, ёғ-мой саноати ишчилари учун эсплуатациянинг аниқ шароити ва корхона имиджи - қиёфасини ҳисобга олган ҳолда юқори эргономик, эстетик, ҳимоя ва гигиеник хусусиятларга эга бўлган  махсус кийимларнинг эксплуатацион ишончлилигини таъминлаш усулларини ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
махсус кийимларнинг эксплуатацион ишончлилигини оширувчи ва ишлаш муддатини узайтирувчи мочевиноформальдегид олигомер таркибли эритмани шимдириш йўли билан тўқимачилик материаллари ва улардан тайёрланган буюмларнинг кам киришувчанлигини таъминлаш  усуллари ишлаб чиқилган;
коллаген асосидаги полимер-композицион материални қўллаш орқали маҳаллий пахта толали газламадан тайёрланган махсус кийим деталларининг чок мустаҳкамлигини таъминлаш усули яратилган;
биринчи марта игна учи емирилишининг чокдаги бахялар сони, тикиладиган газлама қавати сони ва тикув машинаси бош валининг айланиш тезлигига боғлиқлиги ва игна учи емирилишининг ривожланиш тенгламаси ҳамда прогноз баҳолаш услуби ишлаб чиқилган; 
илмий тажрибани математик режалаштириш усули асосида махсус кийим деталлари ипли бирикмаларининг мустаҳкамлик кўрсаткичлари чок кенглиги, бахялар сони ва газламанинг юза зичлигига боғланишлари  ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Диссертация тадқиқоти жараёнида олинган натижалар асосида:
ишчилар учун махсус кийим тўпламларига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг саноат намуналарига патентлари олинган (№ SAP 01077, 2013 й.; № SAP 01851, 2018 й.; № SAP 01950, 2019 й.). Натижада маҳаллий пахта толали газламадан тайёрланган махсус кийим  комплекти хизмат муддатини ошириш имконини берган; 
ёғ-мой тармоқлари ишчиларига махсус кийим тўпламлари учун конструкторлик-лойиҳалаштириш ва технологик ҳужжатлари «Нурафшон Нур» МЧЖ, «Тожинисо Файз» МЧЖ, “Нурота тикувчилик” МЧЖ, “Textile diamond invest” МЧЖ тикувчилик корхоналарида жорий этилган («O’zto’qimachiliksanoat» уюшмасининг 2021 йил 18 августдаги 03/14-2454 сонли маълумотномаси). Жорий этилган натижалар кам киришувчан хусусиятга эга пахта толали газламадан тайёрланган махсус кийим ишлаб чиқариш имконини берди;
пахта толали газламалар ва махсус кийимларнинг кам киришувчанлигини таъминлаш усулига Россия Федерацияси Интеллектуал мулк федерал хизмати томонидан ихтиро учун патенти (№ 2739185, 2020 й.), ҳамда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро учун патенти олинган (IAP 06565). Натижада тўқимачилик материалларининг камкиришувчанлигини 12 % га, мустаҳкамлигини 10 % га, ғижимланмасликни 11 % га ошириш имконини берган;
кам киришувчан тўқимачилик материалларидан тайёрланган махсус кийимлар ишлаб чиқариш «Нурафшон Нур» МЧЖ ва «Тожинисо Файз» МЧЖ тикувчилик корхоналарида («O’zto’qimachiliksanoat» уюшмасининг 2021 йил 18 августдаги №03/14-2454 рақамли маълумотномаси) апробацияси – синовдан ўтказилди ва «Нурли Дон» МЧЖ (Жиззах шаҳри) ва «SARDOBA AGRO HOLDING» МЧЖ (Тошкент шаҳри) ёғ-мой саноат корхоналарида ишлаб чиқаришга жорий қилинди. Тўқимачилик материаллари ва махсус кийимларни ишлаб чиқилган технологиясини жорий этиш натижасида маҳсулотларнинг хизмат қилиш муддатини 50% га ошириш таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish