Sayt test rejimida ishlamoqda

Урунбаев Эркиннинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «К-қийматли мантиқ функциялари асосида эвристик алгоритмларнинг оптимал корректорларини синтез қилиш усуллари», 01.01.03– Ҳисоблаш математикаси ва дискрет математика (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.5DSc/FM148.
Илмий маслаҳатчи: Кабулов Анвар Василович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд Давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.FM.01.02 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Касимов Надимулло Хабибуллаевич физика-математика фанлари доктори, профессор, Хаётов Абдулло Рахмонович
физика-математика фанлари доктори, профессор, Аллаков Исмоил физика-математика фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Тошкент шахридаги Турин политехника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади эвристик усулларнинг аниқлигини ошириш масаласига k-қийматли мантиқ функциялари ёрдамида оптимал корректорларни қуришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
нокоррект алгоритмлар тўпламини коррекцияловчи k-қийматли функциялар системаси синфларининг тўлиқлиги тўғрисидаги теоремалар исботланган; 
эвристик алгоритмлар натижасини коррекциялаш учун нокоррект алгоритмлар тўпламини коррекцияловчи каноник нормал шаклдаги k-қийматли функцияни минималлаштиришнинг мантиқий усули ва алгоритми қурилган; 
назорат материаллари асосида эвристик алгоритмларнинг оптимал корректорларини қуриш методологияси ишлаб чиқилган;
ўрнатилган турли чекловлар ва назорат материаллари асосида эвристик алгоритмларнинг оптимал корректорларини тузишнинг мантиқий усуллари ва алгоритмлари яратилган;
эвристик алгоритмларнинг каноник нормал шакл синфидаги оптимал корректорини қуриш ва монотонликни аниқлаш масаласини ечиш учун, Шеннон масаласига асосланган k-қийматли монотон функцилар сони хақидаги теорема исботланган;
нокоррект алгоритмлар тўпламини коррекцияловчи k-қийматли функцияни каноник нормал синфида минимал кўринишда ифодалаш учун маҳсус минимал базислари тўғрисидаги теоремалар исботланган;
берилган кодлашга нисбатан тўлиқ аниқланмаган дискрет монотон функцияни давом эттиришнинг инвариантлик принципи хақидаги теорема исботланган; 
коллегиал диагностика ва бошқарув қарорини қабул қилишни қўллаб-қувватлаш учун коррекцияловчи алгоритмлардан фойдаланган ҳолда эвристик алгоритмларни оптимал коррекциялаш алгоритмик тизими ва дастурий таъминоти яратилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Эвристик усулларнинг аниқлигини ошириш масаласига k-қийматли мантиқ функциялари ёрдамида оптимал корректорларни қуриш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
яратилган эвристик алгоритмни коррекциялаш усули Нукус тумани сув хўжалиги корхонасининг гидротехник циклини бошқаришда татбиқ этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 15 апрелдаги 01/01-3-151-сонли маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши гидротехник жараённинг модернизация қилинадиган гидротехник жойларини аниқлаш асосида сув хўжалигини оптималлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини 15% га ошириш имконини берган;
технологик режимларни автоматлаштирилган бошқарув ва назорат тизими учун тавсия этилган корректордан Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида технологик режимларни оптимизациялашда қўлланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 16 апрелдаги 01/18- 846-сонли маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши, тизимнинг ишлаш ишончлилигини ошириш, маҳсулотларнинг сифатини яхшилаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, хомашё ва энергия ресурслари сарфини камайтириш, ишчи ходимларнинг меҳнат шароитларини 12 фоизга яхшилаш имконини берган; 
эвристик алгоритмларни k-қийматли мантиқ функциялари бўйича оптимал коррекциялаш учун яратилган алгоритмик тизим ва дастурий таъминотидан Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасида диагностикада коллегиал қарор қабул қилиш жараёнида қўлланилган. (Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 14 апрелдаги 01/2345 маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши қарор қабул қилишда коррекциялаш алгоритмларидан фойдаланиш эвристик усулларнинг аниқлигини ошириш масаласини ҳал қилиш ҳамда ташхиснинг аниқлигини 15 фоиз ошириш имконини берган; 
таклиф қилинган оддий каноник шакллар синфидаги k-қийматли фукцияларни минималлаштириш усуллари, алгоритмлари ва k-қийматли мантиқ функцияларини монотонлигини текширишни мураккаблигини баҳолаш мезонидан БВ-М-Ф4-004 "Бошқарув тизимлари назариясида алгоритмлаш тамойилларини ишлаб чиқиш" грант лойиҳасида экстремал муаммоларни ечишнинг алгоритмларини ишлаб чиқишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2021 йил 16 июлдаги 33-8/5163 маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши технологик жараёнларнинг функционал жадваллари асосида қурилган автоматлаштириш тизимида аниқ оптимал ечимларни аниқлаш дастурий таъминотини ишлаб чиқиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish