Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшмуродов Зиёдулло Ориповичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Кон транспорт тизимларида ростланувчи электр юритмалар асосида энергия ва ресурстежамкор технологиялар», 04.00.16 – Кончилик машиналари, 05.05.01 ‒ Энергетика тизимлари ва мажмуалари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.DSc/T325.
Илмий маслаҳатчи: Бобожанов Махсуд Каландарович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги DSc.17/04.06.2021.T.06.02 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Арипов Назиржон Мукаррамович, техника фанлари доктори, профессор; Умаров Фарходбек Яркулович, техника фанлари доктори, доцент; Джураев Рустам Умарханович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кон транспорт тизимларида ростланувчи электр юритмалар асосида конвейерлар энергия самарадорлигини ошириш имконини берувчи энергия ва ресурс тежовчи технологияларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кон транспорт тизимларига қўйиладиган техник-технологик талабларни ҳисобга олган ҳолда лентали конвейерлар энергия самарадорлигини ошириш учун конвейерлар иш самарадорлигига таъсир этувчи конструктив ва технологик омиллар аниқланган; 
кон массаларини ташиш учун конвейер транспорти мехатрон тизими  иш режимини ростлаш имконини берувчи электр юритмаларга эга «конвейер-бункер-конвейер» тизими бўйича технологик схема асосланган;
тортиш қурилмаси ва юритмадаги юкламани аниқлаш, параметрларни оптималлаш ҳамда электр энергия исрофини минималлаш учун «юк-лента-таянч ролик» тизимида конвейер қурилмаси кучланиш-деформация ҳолатини аниқлаш усули ишлаб чиқилган;
конвейер юк ташиш самарадорлигини лента тезлигини ростлаш режимига ва юритма моторларини фойдали иш коэффициентига, шунингдек лента юкланиши характеридаги тасодифийликни ҳисобга олувчи ташишда ўртача меъёрий энергия сарфини шакллантирувчи жараён математик модели ишлаб чиқилган;
асинхрон электр юритмаларнинг динамик хусусиятларини аниқлаш учун юклама ва машина параметрлари, динамик кўрсаткичлар орасидаги ўзаро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда аналитик боғлиқликлар олинган;
кон массаларини ташишда энергия тежамкорлигига эришиш учун юклама ҳажми ва унумдорликни оширишни ҳисобга олувчи лентали конвейернинг частотавий ростланувчи электр юритмаларини ишлаш самарадорлигини аниқлаш алгоритми ва математик модели ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Кон-металлургия саноатида кон массаларини ташиш учун частотавий-ростланувчи электр юритмаларини қўллаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
частотавий ростланувчи асинхрон электр юритмали конвейерлар энергия ва ресурс тежамкор иш режимлари ҳамда конвейер мехатрон тизимларида ишлаб чиқилган юк оқимига боғлик тезликни ростлаш схемаси Навоий кон-металлургия комбинати 4-сон гидрометаллургия заводида амалиётга жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 19 февралдаги 02-06-07/2040-сон маълумотномаси). Натижада, қўллаш электр энергия истеъмолини ўртача 30% га, мотор моментини ўта ростлашни  15% гача, юритма моторлари ўртасидаги юклама тенг тақсимланишини 10%га камайтириш имконини берган;  
такомиллаштирилган лентали конвейерларни ишга туширишни бошқариш тизими Навоий кон-металлургия комбинати 4-сон гидрометаллургия заводида амалиётга жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 19 февралдаги 02-06-07/2040-сон маълумотномаси). Натижада, ишга тушириш режимларида электр энергия сарфи 15-25%га ва динамик ўта юкланишни 2-3 мартага камайтириш имконини берган; 
рудани ташиш ва майдалашда энергия самарадорлик кўрсаткичларини яхшилаш учун кон массаларини ташиш ва майдалаш машина ва механизмлари энергия ва ресурс тежамкорлигини аниқлаш усули Навоий кон-металлургия комбинати 4-сон гидрометаллургия заводида амалиётга жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 19 февралдаги 02-06-07/2040-сон маълумотномаси). Натижада, бирлик махсулотни ишлаб чиқиш учун электр энергиянинг солиштирма меъёрини тоннасига 1кВт соатга тежаш имконини берган;
ярим ўтказгич элементлар базасида янги ишга туширгичлар ёрдамида кон транспорт тизими ёрдамчи қурилмалари учун уч ва бир фазали электр моторларини коммутациялаш жараёнини такомиллаштириш усули Навоий кон-металлургия комбинати 4-сон гидрометаллургия заводида амалиётга жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 19 февралдаги 02-06-07/2040-сон маълумотномаси). Натижада, технологик циклда сарфларни камайтириш, юритма асосий қисмлари ишлаш муддатини узайтириш ва кон транспорт тизимлари ёрдамчи қурилмалари юритмасидаги электр моторларни ишончли коммутациялаш имкони яратилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish