Sayt test rejimida ishlamoqda

Иногамов Сарвар Нигматуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Хитой Халқ Республикасининг экспортни рағбатлантириш тажрибасини Ўзбекистон Республикасида қўллаш имкониятлари”, 08.00.09 – Жаҳон иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2019.4.PhD/Iqt1170.
Илмий раҳбар: Ходжаев Баходир Асадуллаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.11/30.12.2019.Tar/Yu/I/S/24.01. 
Расмий оппонентлар: Шарифхўжаев Шавкат Акилович, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент; Салихов Жасур Шавкатович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Хитой Халқ Республикасининг экспортни рағбатлантириш механизми ҳамда экспортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш стратегиясини Ўзбекистон Республикаси экспортни рағбатлантиришни янада такомиллаштириш ва ташқи савдо диверсификациясини кенгайтириш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ўртасида кунлик товарларга бўлган эҳтиёж, нархларни таҳлил қилиш ва масъул ташкилотларга тақдим этиш, шу жумладан, харидор топишга кўмак бериш учун ягона электрон платформа яратиш зарурияти илмий жиҳатдан асосланган;
Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналарида “халқаро маркетолог” вазифаларини амалга ошириш жорий қилинди ва уларнинг функционал вазифаларига чет эл бозорларида нисбий устунликка эга бўлган миллий маҳсулотларни экспорт салоҳиятини доимий таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги савдо уйлари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги тўғридан тўғри ҳамкорликни мувофиқлаштириши илмий жиҳатдан асосланган;
Хитой Халқ Республикаси эксим (Exim Bank of China) банкининг экспортни кредитлаш бўйича шартнома имзолаш ҳамда шартнома асосида хориждан буюртмалар топиб, уларни ўша давлат талаблари бўйича миллий ишлаб чиқарувчиларга кредит асосида буюртма бериш амалиётини Ўзбекистонда қўлланилиши миллий ишлаб чиқарувчиларни экспорт фаолиятини рағбатлантириш нуқтаи назаридан муҳимлиги асослаб берилган;
экспортни рағбатлантириш идораларида товар-хом ашёларини тўғридан тўғри чет эл бозорларига экспорт қилиш имкониятини берувчи брокерлик фаолиятини йўлга қўйиш таклифи асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Хитой Халқ Республикасининг экспортни рағбатлантириш тажрибасини Ўзбекистон Республикасида қўллаш имкониятлари бўйича илмий натижалар асосида: 
Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ўртасида кунлик товарларга бўлган эҳтиёж, нархларни таҳлил қилиш ва масъул ташкилотларга тақдим этиш, шу жумладан, харидор топишга кўмак бериш учун ягона электрон платформа яратиш бўйича таклиф Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинди ва https://uzchinaexport.com платформаси ишга туширилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йил 19 июнидаги 05-1/30826-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги 5400-сонли Фармонининг 9-хатбошисида келтирилган давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, глобал ахборот майдонида мамлакатимиз манфаатларини илгари суриш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш орқали Ташқи ишлар вазирлиги тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланилган. 
Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналарида “халқаро маркетолог” вазифаларини амалга ошириш жорий қилинди ва уларнинг функционал вазифаларига чет эл бозорларида нисбий устунликка эга бўлган миллий маҳсулотларни экспорт салоҳиятини доимий таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги савдо уйлари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги тўғридан тўғри ҳамкорликни мувофиқлаштириш белгиланган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йил 19 июнидаги 05-1/30826-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги 5400-сонли Фармонининг 3-хатбошисида келтирилган Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолиятига мамлакатимиз маҳсулотлари, ишлари (хизматлари) экспортини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, инвестициялар, илғор технологиялар ва туристлар оқимини мамлакатга жалб этишга йўналтирилган янгича ёндашув ва усулларни жорий этиш вазифаларини бажариш мақсадида фойдаланилган. 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Узтрейд» акциядорлик жамияти миллий ишлаб чиқарувчиларимизни қўллаб қувватлаш мақсадида Хитой Эксим банкининг (Exim Bank of China) экспортни кредитлаш бўйича шартнома имзолаш тажрибаси ҳамда шартнома асосида хориждан буюртмалар топиб, уларни ўша давлат талаблари бўйича миллий ишлаб чиқарувчиларга кредит асосида буюртма бериш механизмини Республикамизга татбиқ қилиш таклифи амалиётга жорий қилинди ва «Узтрейд» акциядорлик жамияти томонидан 2020-2021 йилларга мўлжалланган компаниянинг ривожланиш дастурига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Узтрейд» акциядорлик жамиятининг 2019 йил 23 октябрдаги 01/06-908-сон маълумотномаси). Юқоридаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Узтрейд» акциядорлик жамияти экспорт фаолияти кўламини ошириш йўлида фойдаланилган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Узтрейд» акциядорлик жамияти экспорт фаолияти кўламини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, экспортни қўллаб қувватлаш мақсадида товар-хом ашё биржаларида нисбатан арзон ва чет давлатларда нисбий устунликка эга бўлган маҳсулотларни доимий ўрганиб борувчи ҳамда уларни тўғридан-тўғри чет эл бозорларига экспорт қилиш имкониятини берувчи акциядорлик жамиятининг брокерлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича берилган таклиф амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Узтрейд» акциядорлик жамиятининг 2019 йил 23 октябрдаги 01/06/-908-сон маълумотномаси). Юқоридаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Узтрейд» акциядорлик жамияти экспорт фаолияти кўламини ошириш йўлида фойдаланилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish