Фармон ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрда "Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғpисида"ги фармони қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда, илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб бориш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шунингдек, унда замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модеринизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масаласига ҳам асосий эътибор қаратилган.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раҳбарияти иштирокида ўтказилган анжуманда ушбу фармон ижросини таъминлаш ҳамда хорижий илмий даражалар тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш масалалари ҳақида сўз борди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси бош илмий котиби Абдулазиз Шермуҳамедов фармон мазмунига эътибор қаратар экан, бу ҳужжат билан тасдиқланган концепциянинг стратегик мақсадига тўхталиб ўтди.
– Фармонга мувофиқ, олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланади, – деди А.Шермуҳамедов. – Унга кўра, халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинади ва нострификация қилинади. Халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган профессор, доцент, катта илмий ходим ва уларга тенглаштирилган бошқа илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кенгашларининг тавсиясига асосан қўшимча экспертиза ўтказмасдан ва бошқа синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади.
Таъкидланганидек, ушбу фармон талаблари асосида Олий аттестация комиссияси томонидан жорий йил 68 нафар фуқаронинг хорижий олий таълим ташкилотларидан илмий даража олинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлари нострификация қилинган. Ҳужжатлари тўғридан-тўғри тан олинган ва нострификация қилинганларнинг 5 нафари чет эл фуқароларидир.
Таъкидланганидек, ушбу фармон талаблари асосида Олий аттестация комиссияси томонидан жорий йил 68 нафар фуқаронинг хорижий олий таълим ташкилотларидан илмий даража олинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлари нострификация қилинган. Ҳужжатлари тўғридан-тўғри тан олинган ва нострификация қилинганларнинг 5 нафари чет эл фуқароларидир.
– Фан тармоғига доир таҳлиллар шуни кўрсатадики, иқтисодиёт фанлари бўйича 22 та, техника фанлари бўйича 12 та, физика фанлари бўйича 7 та, юридик ва математика фанлари бўйича 5 та, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича 4 та, биология ва сиёсий фанлар бўйича 3 та, кимё ва тиббиёт фанлари бўйича 2 та, филология, педагогика, исломшунослик фанлари бўйича 1 тадан ҳужжат нострификация қилинган. Бундан ташқари, олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинмаган ва халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотлари рўйхатига кирмаган хорижий олий таълим ташкилотларидан олинган 36 та ҳужжат ҳам нострификация қилинди. Улар аввалги тартибга мувофиқ, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида”ги низом асосида расмийлаштирилди, – деди Абдулазиз Шермуҳамедов.
Манба: https://uza.uz/