Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳамидов Илҳомжон Содиқжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болaлaрдa сурункaли кaтaрaл гингивитни ташхиси, профилaктикaси вa дaволaшни такомиллaштириш», 14.00.21 – Стоматология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Tib1254.
Илмий раҳбар: Мирсалихова Фируза Луқмоновна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат стоматология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти, DSc04/30.12.2019.Тib.59.01.
Расмий оппонентлар: Беленова Ирина Александровна, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Камилов Хайдар Пазилович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Болаларда сурункали катарал гингивитни ташхислаш, олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сурункали катарал гингивит билан касалланган болаларда милкнинг цитопатологик ўзгаришларга эга ҳужайраларнинг камайиши, ПМЯЛ яллиғланиш инфилтрати ҳужайраларининг, шикастланмаган моноцитларнинг ортишининг фонида тикан қатлам ядрога эга ҳужайралар ҳамда  дағал ядросиз ҳужайралар миқдори камайиши касаллик патогенезидаги муҳим бўғим эканлиги асосланган;
милк ариғида асосий микробиологик кўрсаткичларнинг миқдор ва сифат ўзгаришлари болаларнинг оғиз бўшлиғида гигиена ҳолати яхшиланишида милк яллиғланиш интенсивлиги  ўзгаришига параллел қайта тикланиши асосланган;
касаллик клиник аломатлари бўлмаганида болаларда цитологик усулдан фойдаланиш пародонт тўқималарида яллиғланиш ўзгаришлари ва мос равишда пародонт тўқималарида яллиғланишнинг асоратлари пайдо бўлиш хавфини аниқлашда ташхисий мезонлардан бири эканлиги аниқланган;
комплекс даволашнинг таклиф этилган кетма-кетликда  қўлланилиши индивидуал даволаш тактикасини танлаган ҳолда, беморлар ҳаёт сифатини яхшилаши ва касаллик қайталаниш хавфини камайтириши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Гингивитнинг турли шакллари мавжуд бўлган болаларда касалликни олдини олиш ва даволаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
сурункали катарал гингивит мавжуд бўлган  болаларни даволаш бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Болаларда сурункали катарал гингивитни комплекс даволаш самарадорлигини баҳолаш» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 22 декабрдаги 8н-р/633-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсияномани жорий қилиш болаларда сурункали катарал гингивитни даволаш сифатини ошириш имконини берган.
сурункали катарал гингивитни ташхислаш учун тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Сурункали катарал гингивитни ташҳислаш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 22 декабрдаги 8н-р/634-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсияномани жорий қилиш сурункали катарал гингивит касаллигини эрта ташхислаш ва клиник кечишини ўзига хослигини инобатга олган ҳолда даволаш тактикаси ишлаб чиқиш ва самарадорлигини ошириш имконини берган.
олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан Фарғона вилояти Қува ва Бухоро вилояти Ромитон туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда Тошкент давлат стоматология институти клиникаси иш фаолиятига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 15 январьдаги 8н-д/14-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг  амалиётга жорий қилиниши натижасида беморларнинг ҳаёт сифатини ошириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish