Sayt test rejimida ishlamoqda

Таиров Саидамир Саидмаликовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Учламчи алюмосиликат системалар асосидаги керамик кошинларнинг қаттиқ фазали пишиш жараёнлари ва хоссалари», 02.00.15 – Силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/К317.
Илмий раҳбар: Қодирова Зулайхо Раимовна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Шарипов Хасан Туропович, кимё фанлари доктори, профессор; Юнусов Миржали Юсупович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: учламчи алюмосиликат системалари асосида керамик пардозбоп кошинларнинг қаттиқ фазали пишиш жараёнлари ва хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор газни тозалаш чиқиндиси (ГТЧ)  ва флюоритни флотацион бойитиш (ФФБ) чиқиндиларидан тезлатилган режимда куйдириш билан керамик пардозбоп кошинлар учун учламчи алюмосиликат системалар таркибида суюқланма ҳосил қилувчи сифатида фойдаланиш имкониятлари асосланган;
суюқланма ҳосил қилувчи ГТЧ ва ФФБ чиқиндиларининг кимёвий-минералогик таркиблари ва физик-кимёвий хоссалари, уларнинг керамик масса тажриба намуналарининг пишиш жараёнларига, физик-кимёвий ва керамика-технологик хоссаларига таъсири аниқланган;
«каолин-глина-ГТЧ чиқиндиси» ва «каолин-глина-ФФБ чиқиндиси» учламчи системаларида 950-1150оС ҳарорат оралиғида қаттиқ фазадаги пишиш жараёнида янги кристалл фазаларнинг структураларини ҳосил бўлиши аниқланган;
хомашё компонентларининг α-кварц (SiO2), гематит (Fe2O3), анортит (СаSi2Al2O8), муллит (Al4OSi2Al2O12), альбит (NaSi3AlO8), вюстит (FeO) минераллари кристалл фазаларининг структураларини ҳосил қилиб, фазавий ўтиш қонуниятлари асосланган;
алюмосиликат бинар ва учламчи системаларда суюқланма ҳосил қилувчи ГТЧ ва ФФБ чиқиндилари иштирокидаги пишиш жараёнлари ва учламчи диаграммаларда мақбул таркиблар соҳаси аниқланган;
суюқланма ҳосил қилувчи ГТЧ ва ФФБ чиқиндиларидан фойдаланилган керамик омухтанинг мақбул таркибларини 950-1150оС ҳарорат оралиғида тезлатилган режимда пишишдаги физик-кимёвий  жараёнлар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Алюмосиликат массаларни пишиш жараёнларини тадқиқ этиш ва маҳаллий хомашё ва иккиламчи ресурслардан фойдаланиб, керамик кошинларнинг таркибларини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ГТЧ ва ФФБ чиқиндиларидан фойдаланиб керамик кошинлар учун лойиҳалаштирилган таркиблардаги қаттиқ фазали реакциялари №Т.3-16 “Ишқорий ер бентонитлари иштирокида қаттиқ ҳолатдаги поликомпонент системаларнинг фазавий ўзгаришларнинг қонуниятлари” мавзусидаги фундаментал лойиҳада юқори ҳароратдаги фазавий ўтиш жараёнларда қиёсий таҳлил қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 30 декабрдаги 4/1255-3019-сон маълумотномаси). Натижада, янги учламчи алюмосиликат системаси асосидаги қаттиқ фазали пишиш жараёнлари ва керамик материалларнинг хоссалари тўғрисидаги илмий асосланган фундаментал маълумотлар олиш имконини берган;
ГТЧ ва ФФБ чиқиндиларидан фойдаланиб керамик кошинлар учун ишлаб чиқилган таркиб «ART GLOSS GALLERY» ҚКнинг “2022-2023 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган («ART GLOSS GALLERY» ҚКнинг 2021 йил 5 мартдаги 9-сон маълумотномаси). Натижада, керамик кошинлар ишлаб чиқаришни амалдагига нисбатан 1,5 баробар арзонлаштириш имконини беради.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish