Sayt test rejimida ishlamoqda

Боймуротов Содиқ Роззиқовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Маҳаллий бюджетлар даромадларини барқарорлаштиришда ер ва мол-мулк солиқларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Iqt1210.
Илмий раҳбар: Тошматов Шухрат Амонович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Жўраев Абдуғаффор Сафарович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Ўрмонов Жаҳонгир Жалолдинович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади маҳаллий бюджетлар даромадларини барқарорлаштиришда ер ва мол-мулк солиқларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларга ер солиғининг базавий ставкаларининг мутлоқ суммасини жорий этиш асосида аниқлаштирувчи солиқ ставкаларини белгилаш орқали маҳаллий вакиллик органларининг ваколатларини кенгайтириш асосланган;
қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар учун ерларнинг норматив қийматидан солиқ ҳисоблаш таклиф этилган;
мулкларни бозор баҳосига асосланган кадастр қийматидан ҳисоблаш тартибини қўллаш орқали ер ва мол-мулк солиқларини унификациялаш асосида босқичма-босқич кўчмас мулк солиғини жорий этиш таклиф қилинган;
солиқ тўловчилар ҳамда солиқ объектлари сонини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетлар даромадларини барқарорлаштириш асосланган;
туристик-рекреацион хусусиятга эга ҳудудлар учун махсус солиқ режимини белгилаш орқали кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ижара тушумлари ҳисобини юритиш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Маҳаллий бюджетлар даромадларини барқарорлаштиришда ер ва мол-мулк солиқларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар учун ер солиғининг базавий ставкаларини мутлоқ суммасини жорий этиш асосида аниқлаштирувчи солиқ ставкаларини белгилаш орқали маҳаллий вакиллик органларининг ваколатларини кенгайтириш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-659-сон Қонуни билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги ПФ-6121-сон фармонида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 10 февралдаги 06/04-01-03-32/296-сон далолатномаси ва Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 28 октябрдаги 17/2-32953-сон маълумотномаси). Натижада, ер солиғининг базавий ставкалари мутлоқ суммаларда юридик шахслар учун 1 гектарь ва жисмоний шахслар учун 1 кв.метр ер ҳажмида Солиқ кодексида белгиланган ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий мавқеи ва солиқ тўловчининг молиявий салоҳиятидан келиб чиқиб, маҳаллий вакиллик органларига солиқнинг аниқ ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи тақдим этилган;
қишлоқ хўжалиги мақсадида фойдаланиладиган ерлар учун норматив қийматдан солиқ ҳисоблаш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-659-сон Қонуни билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги ПФ-6121-сон фармонида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 10 февралдаги 06/04-01-03-32/296-сон далолатномаси ва Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 28 октябрдаги 17/2-32953-сон маълумотномаси). Натижада, барча қишлоқ хўжалик корхоналарининг бир хил тартибда ернинг норматив қийматидан солиқ тўлашга ўтказилиши ва норматив қийматни контурлар бўйича аниқлаш усулини қўллаш солиқ маъмурчилигини соддалашишига ва солиқ юкининг тенг тақсимланишига сабаб бўлган;
мулкларни бозор баҳосига асосланган кадастр қийматидан ҳисоблаш тартибини қўллаш орқали ер ва мол-мулк солиқларини унификациялаш асосида босқичма-босқич кўчмас мулк солиғини жорий этиш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 10 февралдаги 06/04-01-03-32/296-сон далолатномаси). Натижада, солиқ тўловчиларда мулклардан самарали ва мақсадли фойдаланишга иммунитет шаклланиб, улардаги боқимандалик хусусиятлари бартараф этилади, солиқ маъмурчилиги соддалашади ва маҳаллий бюджетларнинг молиявий барқарорлиги таъминланган;
солиқ тўловчилар ҳамда солиқ объектлари сонини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетлар даромадларини барқарорлаштириш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6061-сон Фармонида ўз аксини топган (Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2021 йил 8 февралдаги 02-10-678-сон далолатномаси). Натижада, мамлакатимизда ер майдонлари ва кўчмас мулк эгаларининг қатъий рўйхати тузилиб, уларнинг ягона давлат реестри  шакллантирилган. Давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастри ҳисобининг онлайн геопорталида юритилиши ва унинг миллий геоахборот тизимига интеграция қилиниши, солиқ солиш жараёнларини автоматлаштирган тизимини яратилишини, солиққа тортиш объектларининг кенгайишини ва солиқ тушумларининг оширилишини  таъминланган;
туристик-рекреацион хусусиятга эга ҳудудлар учун махсус солиқ режимини белгилаш орқали кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ижара тушумлари ҳисобини юритиш бўйича таклифи Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 107-сон қарорида ўз аксини топган (Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 28 октябрдаги 17/2-32953-сон маълумотномаси, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 17 январдаги 18/2-02413-сон далолатномаси). Натижада, Бўстонлиқ туманида алоҳида солиқ режими ва кўчмас мулкларни ягона электрон платформада ҳисобга олиш тизими жорий этилган, ҳамда 2020 йилда кўчмас мулкларни ижарага берувчи юридик шахслар сони 124 фоизга, якка тартибдаги тадбикорлик субъектлари сони 250 фоизга ва жисмоний шахслар сони 292 фоизга ўсган ҳамда улардан 12,4 млрд.сўм қўшимча солиқ ундирилган, 1157 нафар фуқароларнинг кўчмас мулк объектлари электрон платформада рўйхатга олиниб уларга қўшимча 1,9 млрд.сўм солиқ ҳисобланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish