Курганов Анваржон Мухторовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Инглиз ва ўзбек тилларида ҳарбий терминлар қўлланилишининг лингвокультурологик хусусиятлари”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (инглиз тили) (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Fil311.
Илмий раҳбар: Якубов Жамоллитдин Абдувалиевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, DSc.03/30.12.2019.Fil/Ped.27.01.
Расмий оппонентлар: Дадабоев Ҳамидулла Арипович, филология фанлари доктори, профессор; Тўхтасинов Илхом Мадаминович, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларидаги ҳарбий терминларнинг структур, семантик ва стилистик жиҳатларини ҳамда уларнинг лингвокультурологик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инглиз ва ўзбек тилларида ҳарбий терминларнинг диахрон аспектда тарихий-этимологик хусусиятларининг изоморф ва алломорф жиҳатларини аниқлаш орқали терминларнинг шаклланишида транстерминологизация ҳодисасининг устуворлиги далилланган;
инглиз ва ўзбек тиллари ҳарбий терминларининг сўз туркумларига мансублилиги жиҳатидан аниқланган лингвостатистик мезонларга кўра уларнинг синхрон аспектда лексик-семантик, структур-семантик ва синтактик хусусиятлари очиб берилган ҳамда аффиксал моделлари аниқланган;
ҳарбий соҳага оид матнларни таржима қилишда ҳар икки тил ҳарбий терминологиясини олтита семантик гуруҳда намоён бўлувчи (қўшин турларини ифодаловчи терминлар, ҳарбий штабга оид терминлар, умумтактикага оид терминлар, ҳарбий-ташкилий фаолиятни ифодаловчи терминлар, ҳарбий топографик терминлар, ҳарбий сафга оид терминлар) лингвокультурологик хусусиятларини очиб беришда адекват таржима қилиш усулининг самарадорлиги исботланган;
инглиз ва ўзбек тилларини ўрганишда қиёсий терминшунослик ва лексикография тамойилларини такомиллаштириш ҳамда ҳарбий терминларни тартибга солиш (унификация қилиш), уларни таржима қилишда адекватликка эришиш юзасидан илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва ўзбек тилларида ҳарбий терминларни чоғиштирма аспектда тадқиқ қилиш асосида:
инглиз ва ўзбек тилларида ҳарбий терминологиянинг диахрон аспектда, тарихий-этимологик хусусиятларига оид маълумотлардан ПЗ-20171024335 рақамли “Ўзбек шеваларининг лингвокультурологик тадқиқи” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 8 январдаги 89-03-96-сон маълумотномаси). Натижада инглиз ва ўзбек тилларида ҳарбий терминларнинг шаклланишида транстерминологизация ҳодисасининг устуворлигига оид материаллар билан бойитилган;
инглиз ва ўзбек тиллари ҳарбий терминларининг лексик, структур-семантик хусусиятларига оид илмий-назарий хулосалардан ФЗ-20160910202206 рақамли “Вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка мойил ўқувчиларни тарбиялашнинг ижтимоий педагогик технологиялари” мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2020 йил 23 июлдаги 2/2229-сон маълумотномаси). Натижада тақдим этилган маълумотлар инглиз ва ўзбек тиллари ҳарбий терминларининг сўз туркумларига мансублилиги жиҳатидан аниқланган лингвостатистик мезонлар ишлаб чиқишга хизмат қилган;
инглиз ва ўзбек тилларида ҳарбий терминларнинг лингвокультурологик хусусиятларига оид илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси кундузги таълим курсантлари учун “Инглиз тили” (Тошкент, 2021 й. 240 б.) ўқув қўлланмасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 8 январдаги 89-03-96-сон маълумотномаси). Натижада “My specialty, equipment: weapons, countering terrorism” ва бошқа лексик мавзуларни ёритишга, шунингдек ҳарбий терминлар лингвокультурологик хусусиятга эга эканлигини аниқлашга хизмат қилган;
инглиз ва ўзбек тилларида ҳарбий терминларни тартиблаштириш, уларнинг таркибини мақбуллаштириш асосидаги маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston” телерадиоканали ДУК “Маънавий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан тайёрланган “Бедорлик” радиоэшиттиришини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 31 декабрдаги 04-25-1942-сон маълумотномаси). Натижада радиотингловчиларни инглиз ва ўзбек тилларидаги ҳарбий терминларнинг шаклланиши, ясалиши, уларнинг лингвокультурологик хусусиятлари билан таништиришда ҳамда ҳарбий терминларни тартибга солиш юзасидан илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилган.