Sayt test rejimida ishlamoqda

Арипова Зухра Джахангировнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мисрнинг XIII-XV асрлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётида Аббосий халифаларнинг ўрни”, 24.00.01 – Ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.DSc/Tar163. 
Илмий маслаҳатчи: Хасанов Аҳаджон Аҳмаджонович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Мунавваров Зоҳидулло Иномходжаевич, сиёсий фанлар доктори, профессор; Юсупова Дилором Юнусовна, тарих фанлари доктори, академик; Агзамова Гулчехра Азизовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Мисрнинг XIII-XV асрлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётида Аббосий халифаларнинг тутган ўрнини аниқлаш орқали мамлуклар давридаги сиёсий вазият, маданий ҳаёт ва уларга Марказий Осиё анъаналарининг таъсирини очиб беришдан  иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Мамлуклар сиёсий ҳаракати, уларнинг маданияти ва урф-одатлари, маросимларида Қоҳирадаги Aббосий халифаларнинг ўрни юқори даражага етиб, халифалар Мисрдаги мамлук султонларининг ҳукмронлигини легитимлаштириш (қонунийлаштириш)га хизмат қилгани очиб берилган;
туркий сулола вакилларидан Аҳмад ибн Тўлун Қоҳирага Аббосий халифа Муътамидни чақирганида, унинг укаси Аҳмад ал-Муваффақ қаршилигига учрагани сабабли,  ундан кейин  Муҳаммад ибн Туғж Ихшид халифа Муттақийни таклиф қилганида,  Аббосий халифа бу таклифни рад этгани боис Аббосийлар халифалигини Мисрга кўчириш ҳақидаги режа амалга ошмай қолганлиги аниқланган; 
амирлар ичида мамлук султонларининг Аббосий халифаларни тахтдан четлатишларига қарши чиқиб, султонларга раддия беришгача борган амирлар ҳам бўлганлиги исботлаб берилган;  
1250-1382 йилларда Мисрда  ҳукмронлик қилган  баҳрий (туркий) мамлук султонларининг (سلاطين المماليك البحرية) минтақага таъсири юқори бўлганидан сарой ва мамлуклар орасида туркий тилнинг қипчоқ ва ўғуз шевасида  мулоқот қилинган ва араб-туркий луғатлари, грамматикага оид асарлар яратилган ҳамда 1382-1517 йилларда Мисрда буржий (черкес, кавказлик) мамлуклари ҳукмронлиги даврида ҳам туркий тил ўз ўрнини муомала тили сифатида сақлаб қолгани далилланган;
мамлук султонлари ҳукмронлиги даврида, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни юқори бўлиб, Султонларнинг рафиқалари давлат бошқарувига таъсир ўтказган ва мамлакат ғазнасига асосий тушумларни келтирувчи буғдойдан олинадиган солиқ турини Султон ан-Носир Муҳаммаднинг хотини малика Тўғой савдогарлар манфаатини ҳимоя қилган ҳолда бекор қилишга эришгани аниқланган; 
Миср мамлуклари даврида аҳоли  етти тоифага бўлиниб, унда  биринчи тоифа – юқори лавозимдаги кишилар, иккинчи тоифа – йирик савдогарлар, учинчи тоифа – сотувчилар, тўртинчи тоифа – деҳқонлар, бешинчи тоифа –  фақиҳ ва талабалар, олтинчи тоифа – ҳунармандлар, еттинчи тоифа эса  камбағал-бечораларга бўлингани, юқори даражадаги тоифаларда мамлуклар бўлганлиги  очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мисрнинг XIII-XV асрлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётида Аббосий халифаларнинг ўрнига оид тарихий манбаларни тадқиқ этиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулосалар асосида: 
мамлуклар сиёсий ҳаракатида, уларнинг маданияти ва урф-одатлари, маросимларида Мисрда Aббосий халифаларнинг ўрни юқори даражага етиб, халифалар Мисрдаги мамлук султонларининг ҳукмронлигини легитимлаштириш (қонунийлаштириш)га хизмат қилгани ҳақидаги маълумотлардан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг буюртмаси асосида “Ўрта аср шарқ алломалари” энциклопедиясида фойдаланилган (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2020 йил 24 июндаги 02/168-сон маълумотномаси). Натижада, ислом тарихи ва манбашунослигига оид манбаларни жамиятга етказишнинг назарий-методологик усуллари билан бирга, Осиё ва Африка давлатларининг фани, маданияти, дини ва ижтимоий-сиёсий тарихига оид тадқиқотларда фойдаланиш муҳим аҳамият касб этган; 
1250-1382 йилларда Мисрда  ҳукмронлик қилган (سلاطين المماليك البحرية) баҳрий (туркий) мамлук султонларининг минтақага таъсири юқори бўлганидан сарой ва мамлуклар орасида турк тилининг қипчоқ ва ўғуз шевасида  мулоқот қилинган ва араб-туркий луғатлари, грамматикага оид асарлар яратилган ҳамда 1382-1517 йилларда Мисрда буржий (черкес, кавказлик) мамлуклари ҳукмронлиги даврида ҳам туркий тил ўз ўрнини муомала тили сифатида сақлаб қолгани ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази томонидан буюртма асосида тайёрланган “Ислом цивилизацияси” қомусий луғатини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг 2020 йил 9 декабрдаги 377/20-сон маълумотномаси). Натижада, Марказий Осиё халқлари урф-одат ва анъаналари, тили Мисрда XIII-XV асрларда мавжудлиги бўйича маълумотлар соҳа мутахассислари билимларининг ошишига хизмат килган; 
Туркий сулола вакилларидан Аҳмад ибн Тўлун Қоҳирага Аббосий халифа Муътамидни чақирганида, унинг укаси Аҳмад ал-Муваффақ қаршилигига учрагани сабабли,  ундан кейин  Муҳаммад ибн Туғж Ихшид халифа Муттақийни таклиф қилганида,  Аббосий халифа бу таклифни рад этгани боис Аббосийлар халифалигини Мисрга кўчириш ҳақидаги режа амалга ошмай қолганлиги  ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари талабалари учун мўлжалланган “Ислом тарихи”, “Ислом маданияти ва санъати тарихи”, “Диншунослик қомусий луғати”нинг яратилишида кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 22 декабрдаги 650-сон маълумотномаси). Натижада, тадқиқотда берилган маълумотлар талаба-ёшларда илмий-назарий билимларни кенгайтириш ҳамда улар интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилган;
амирлар ичида мамлук султонларининг Аббосий халифаларни тахтдан олиб ташлаш ҳамда қатл этишларига қарши чиққиб, уларга раддия берганлари  ҳақидаги маълумотларидан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан буюртма асосида тайёрланган “Буюк юрт алломалари”, “Исломда ижтимоий иллатлар муолажаси” китобларига мазмунини тўлдиришда фойдаланилган (Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 2021 йил 11 январдаги 01-07/05 – сон маълумотномаси). Натижада, асли мовароуннаҳрлик бўлган бу сулола давридаги тарихий жараёнларни ўрганиш ва тадқиқ этиш Марказнинг маълумотлар базасини кенгайтириш учун  хизмат қилган;
мамлук султонлари ҳукмронлиги даврида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни юқори бўлиб, Султонларнинг рафиқалари давлат бошқарувига таъсир ўтказган ва мамлакат ғазнасига асосий тушумларни келтирувчи буғдойдан олинадиган солиқ турини Султон ан-Носир Муҳаммаднинг хотини малика Тўғой савдогарлар манфаатини ҳимоя қилиб, бекор қилишга эришгани ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари учун тайёрланган “Манбашунослик” дарслигига мазмунан сингдирилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 15.02.2021 санадаги 432-рақамли далолатномаси). Натижада, Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ушбу дарслик асосида Мисрда ўрта асрларда ёзилган манбалар, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида маълумотга эга бўлганлар;
Мисрнинг XIII-XV асрлардаги ижтимоий-сиёсий тарихи, унда  Аббосий халифаларнинг ўрни, Миср мамлуклари даврида аҳоли етти тоифага бўлингани ҳақидаги илмий натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон тарихи» телеканали ижодкорлари томонидан кўрсатувларнинг сценарийларини тайёрлашда ҳамда «Ўзбекистон тарихи» телеканалида эфирга узатилган «Тақдимот» кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил  28 январдаги 02-40-127-сон маълумотномаси). Натижалар баркамол авлод тарбиясидаги диний ва маънавий тамойилларни шакллантиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish