Sayt test rejimida ishlamoqda

Хайитова Шаҳло Давлатовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза генетик коллекцияси линияларининг дурагайларида морфохўжалик белгиларининг ирсийланиши ва ўзгарувчанлиги», 03.00.09 – Умумий генетика (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.PhD/В211.
Илмий раҳбар: Набиев Садиғани Мухторович, биология фанлар доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, DSc.02/30.12.2019.В.53.01.
Расмий оппонентлар: Ибрагимов Паридун Шукурович, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор; Кушанов Фаҳриддин Нематуллаевич, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўза генетик коллекцияси линияларининг F1-F2 дурагайларида морфохўжалик белгиларнинг ирсийланиши, ўзгарувчанлиги, корреляцияси, авлоддан- авлодга берилиши хусусиятларини, бу линияларнинг қимматли-хўжалик белгилари бўйича комбинацион қобилиятларини аниқлаш ва селекцион қимматли генотипларни ажратиб олишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ғўза генетик коллекцияси линияларининг F1 дурагайларида тола чиқими белгисининг ота-она шаклининг генотипига боғлиқ равишда ижобий ўта доминантлик ва салбий тўлиқсиз доминантлик ҳолатларида ирсийланиши асосида бу линияларда белгининг доминант ёки рецессив генлар билан бошқарилиши исботланган;
ота-она шакллари ва F1 дурагайларига нисбатан F2 дурагайларида тола чиқими, узунлиги, индекси ва 1000 та чигит вазни белгиларининг ўзгарувчанлик кўламининг кенглиги ижобий ва салбий трансгрессия намоён бўлишига олиб келиши, гистограмманинг асосан бир чўққили бўлиб, белгиларнинг авлоддан-авлодга берилиши даражаси дурагай комбинациясига боғлиқ равишда паст ва юқори кўрсаткичли бўлиши аниқланган;
тола чиқими бўйича ижобий юқори умумий комбинацион қобилият, яъни донорлик хусусиятига Л-489, тола узунлиги бўйича Л-4112 ва Л-39, 1000 та чигит вазни бўйича эса Л-489 ва Л-608 линиялари эга эканликлари исботланган;
F1 дурагайларининг тўғри ва тескари комбинацияларида тола чиқими, узунлиги, индекси ва 1000 та чигит вазнининг ўртача кўрсаткичлари бўйича реципрок фарқланишнинг мавжудлиги асосида бу белгиларнинг генетик назоратида ядровий генлар билан бир қаторда, цитоплазматик генларнинг ҳам иштирок этиши аниқланган;
туксиз ва толасиз Л-70 линиясининг генотипида тола узунлиги ва чиқимини белгиловчи генлар яширин ҳолатда мавжудлиги, унинг тукли ва толали бошқа линиялар билан F1 дурагайларида бу белгиларнинг кўрсаткичлари генлар доминант аллелларининг миқдорига боғлиқ бўлиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ғўза генетик коллекцияси линияларининг дурагайларида морфохўжалик белгиларининг ирсийланиши ва ўзгарувчанлигини аниқлаш бўйича олинган натижалар асосида:
ғўза генетик коллекциясининг ўрта толали линияларини ўзаро дурагайлаш асосида олинган, қимматли-хўжалик белгиларининг юқори кўрсаткичларига эга Л-720, Л-721, Л-722, Л-750 ва Л-751 линиялари Ўзбекистон миллий университетининг ғўза генетик коллекцияси бўйича “Ноёб объект”ига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 24 ноябрдаги 8903-4915-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу ғўза линиялари Ўзбекистон миллий университети ғўза генетик коллекциясини тола чиқими ва тола узунлиги юқори, янги ирсий асосга эга бошланғич манбалар билан бойитиш имконини берган;
ўрта толали ғўзанинг янги Л-720, Л-721, Л-722, Л-750 ва Л-751 линиялари №А-8-6 “Ғўза генетик коллекциясининг истиқболли линиялари ва қурғоқчиликка чидамли навлар селекциясида такомиллаштирилган усулларни қўллаш” мавзусидаги амалий лойиҳасида бошланғич манбалар сифатида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 24 ноябрдаги 8903-4915-сон маълумотномаси). Натижада, қурғоқчиликка чидамлилик селекцияси учун ғўза линияларини ажратиб олиш имконини берган;
қимматли-хўжалик белгиларининг юқори кўрсаткичларининг мажмуасига эга, яъни битта кўсакдаги пахта вазни 6,0-6,5г., тола чиқими 42,0-43,0%, тола индекси 7,0-7,5г., тола сифати юқори бўлган Л-750 линияси ЎзР ФА ГЎЭБИнинг “Ғўза генофонди” ноёб объекти коллекциясига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 21-октябрдаги 4/1255-2240-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу линия ўрта толали ғўза коллекцияси хилма-хиллигини бойитиш ҳамда коллекция намуналари бўйича электрон базасини тўлдириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish