Абдурахманов Илхом Эргашбоевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Металлооксид композитлар асосида заҳарли ва портловчан газларни аниқловчи кимёвий сенсорлар яратиш», 02.00.02 – Аналитик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.DSc/K87.
Илмий маслаҳатчи: Насимов Абдулло Мурадович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.К.01.03.
Расмий оппонентлар: Шабилалов Азод Ахмедович, кимё фанлари доктори, профессор; Рўзимурадов Олим Нарбекович, кимё фанлари доктори, профессор; Яхшиева Зухра Зиятовна, кимё фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Умумий ва ноорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: металлооксид композитлар асосида заҳарли ва портловчан газларни аниқловчи селектив яримўтказгичли сенсорларини яратиш ва уларнинг метрологик кўрсаткичларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор кўп компонентли газ аралашмалари таркибидан аммиак, водород сульфиди ва метанни назорати учун ZnO, ТiO2 ва WO3 асосидаги яримўтказгичли сенсорларни селектив газсезгир материалларининг мақсадга йўналтирилган синтези амалга оширилган;
ПЭГ иштирокида олинган ғовак газсезгир наноматериалларни темир, мис ва кобальт оксидлари билан модификациялаш сенсорнинг NH3, H2S ва CH4 га сезгирлигини ошириши ва аниқлаш жараёнининг температурасини пасайтириши исботланган;
газ аралашмалари айрим компонентларига нисбатан активликлари турлича бўлган катализаторлардан фойдаланилганда яримўтказгичли сенсорларнинг аммиак, водород сульфиди ва метанга нисбатан селективлигини ошириши аниқланган;
NH3, H2S ва CH4 ни аниқловчи селектив сенсорларнинг аналитик, эксплуатацион ва бошқа кўрсаткичларига газ муҳити параметрларининг таъсири аниқланган;
табиий газни аниқловчи сигнализатор яратилган ва кўрсатгичларига атроф-муҳит омилларнинг таъсири исботланган;
металл оксидлари аралашмалари ва темплат-полиэтиленгликоль асосида тайёрланган ярим ўтказгичли сенсорлар аммиак, водород сульфиди ва метанни аниқлаш жараёнида юқори сезгирликка эга эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Металлооксид композитлар асосида заҳарли ва портловчан газларни аниқловчи кимёвий сенсорлар яратиш жараёнида олинган илмий натижалар асосида:
яратилган табиий газ ва СН4 ни аниқловчи сенсор «Муборак газни қайта ишлаш заводи» АЖда амалиётга жорий этилган («Муборак газни қайта ишлаш заводи» АЖ нинг 2020 йил 27 июндаги 473/GK-06-сон маълумотномаси). Натижада, метанни аниқлашнинг юқори тезкорлиги, сезгирлиги, селективлигига эришилган ҳамда саноат ва маиший бинолари ҳавоси таркибида табиий газнинг тўпланишини назорат қилиш имконини берган;
аммиакни аниқлашни яримўтказгичли усули ва сенсори «Муборак газни қайта ишлаш заводи» АЖда амалиётга жорий этилган («Муборак газни қайта ишлаш заводи» АЖ нинг 2020 йил 27 июндаги № 475/GК-06-сонли маълумотномаси). Натижада, аммиакни аниқлашнинг юқори сезгирлиги, тезкорлиги ва селективлигини таъминлаш имконини берган;
ишлаб чиқилган водород сульфиди узлуксиз назоратини таъминловчи кимёвий сенсор «Муборак газни қайта ишлаш заводи» АЖда амалиётга жорий этилган («Муборак газни қайта ишлаш заводи» АЖ нинг 2020 йил 04 июлдаги 488/GК-07-сон маълумотномаси). Натижада, ғовак ГСМ дан фойдаланиб ишлаб чиқилган кичик ўлчамли датчикни қўлланилиши аниқланувчи компонентни юқори аниқликда назоратини таъминлаш имконини берган;
ишлаб чиқилган кимёвий сенсорлар ОТ-Ф7-52 рақамли “Турли табиатли органик ва ноорганик моддаларнинг таъсирланиш қонуниятлари ва реакцион қобилияти ҳамда берилган комплекс хоссали янги бирикмалар олиш” мавзусидаги амалий лойиҳада органик ва ноорганик моддаларнинг таъсирлашиш жараёнида ажралиб чиқадиган газлар таркибини назоратида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 22 июлдаги 89-03-2627-сон маълумотномаси). Натижада, 1-аллил-2-нафтилметил эфирини олишнинг мақбул шароитларини топиш имконини берган.