Sayt test rejimida ishlamoqda

Нуриддинов Бахтиёр Зафаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Қовушқоқ-эластик уч қатламли цилиндрик жисмларда хос ва ностационар тўлқинлар тарқалишининг илмий асослари», 01.02.04 – Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/FM231
Илмий раҳбар: Сафаров Исмоил Иброхимович, Тошкент кимё-технология институти профессори, физика-математика фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро муҳандислик-технология институти, PhD.03/27.02.2021.FM.101.02
Расмий оппонентлар:Мавлонов Тўлқин Мавлонович: техника фанлари доктори, профессор; Исмайилов Кубаймурат, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи:  Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади узун қовушқоқ-эластик уч қатламли цилиндрик жисмлар (тўлқин ўтказгичлар)да хос ва ностационар тўлқинлар тарқалишининг назариясини ривожлантириш ва илмий асосларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
уч қатламли узун, қовушоқ-эластик цилиндрик жисмларда хос тўлқинлар тарқалиши хусусиятларини ўрганиш масалаларининг математик қўйилиши, ечиш усуллари, алгоритми ва дастури ишлаб чиқилган; 
қобиқ билан тўлдирувчи орасида сирпанувчан контакт бўлганда (диссипатив бир жинслимас механик системаларда) дисперсион хусусиятлари муҳитнинг механик параметрларига кучсиз боғлиқ бўлган ва қурилманинг конструкцион хусусиятлари орқали аниқланувчи интерференцион тебранишлар мавжуд бўлиши аниқланган;
нисбатан юпқа тўлдирувчилар учун, тўлдирувчи қалинлигининг ошиши комплекс фаза тезлигининг ўзгаришига жиддий таъсир қилиши аниқланган. Бунда буралиш тебранишлари модаси тартибининг ошиб бориши билан фаза тезликлари фазосидаги эгри чизиқларнинг тўлқин сонига нисбатан тиғизлиги ортиши, қисқа тўлқинлар ҳолида эса комплекс фаза тезлиги ҳақиқий ва мавҳум қисмларининг лимит қийматлари мавжуд бўлиши топилган;
уч қатламли жисмларда локал ва текис тақсимланган юкланишлардан ностационар тўлқинларнинг тарқалиши сонли тадқиқ этилган. Бунда тўлқин қаттиқ материалга ўтганда (локал юкланишларда) чегара бўйлаб югурувчи катта чўзувчи кучланишга эга бўлган тўлқин ҳосил бўлиши топилди (кучланишларнинг кучайиши самараси). Материалнинг қовушқоқлик хусусиятлари ҳисобга олинганда фаза тезликларининг 10-15% га камайиши аниқланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қовушқоқ-эластик уч қатламли цилиндрик жисмларда хос ва ностационар тўлқинлар тарқалишининг илмий асосларини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаш усули, алгоритми ва дастури бўйича олинган натижалар асосида:
илмий техника дастурлари доирасида 2012-2016-йилларда Ф-4-14 рақамли «Суюқлик оқувчи ер ости эгри чизиқли қувурнинг ташқи кучлари таъсиридаги кучланиш-деформация ҳолатини тадқиқ қилиш назариясини ривожлантириш ва ҳисоблаш усулларини ишлаб чиқиш» лойиҳасини амалга оширишда қўлланилди (2021 йил 10 майдаги 89-10/927 рақамли маълумотнома Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус вазирлиги Бухоро мухандислик-технология институти).
илмий техника дастурлари доирасида 2016-2020-йилларда ОТ-Ф4-“Қовушқоқ суюқлик оқувчи кўп қатламли композит қувурлар эгри чизиқли бўлакларининг ҳарорат ва динамик юкланишлар таъсирида чизиқли бўлмаган динамик кучланиш-деформация ҳолатини ўрганиш усулларини ишлаб чиқиш ва назариясини ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишда қўлланилди (2021 йил 10 майдаги 1/01-1263 рақамли маълумотнома Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус вазирлиги Тошкент кимё-технология институти).
Натижада эластик ва қовушқоқ-эластик уч қатламли қобиқсимон элементлардан ташкил топган қувурнинг резонанс соҳасидаги тебранишлари ҳамда тўлқин тарқалишини ҳисоблашда диссертацияда олинган илмий натижалар қўлланилган ва мавжуд методика янгиланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish