Sayt test rejimida ishlamoqda

Аннаев Жалолиддин Тухташевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тармита-Термиз буддавийлик марказлари маданияти», 07.00.06 - Археология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Tar111.
Илмий раҳбар: Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Миллий археология маркази, DSс.02/02.30.12.2019.Tar.45.01.
Расмий оппонентлар: Асқаров Ахмадали Асқарович, тарих фанлари доктори, профессор,  академик;  Пидаев Шокир Расулович, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади янги археологик манбалар асосида Тармита-Термиз буддавийлик марказлари маданиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
янги стратиграфия маълумотлари ва археологик материалларни даврлаштириш асосида Тармита-Термизнинг Фаёзтепа буддавийлик монастири ва Муҳаммад Ҳаким Термизий мақбараси атрофидаги ғорсимон иншоотларнинг барпо этилиши даври ҳамда асосий фаолият босқичлари аниқланган; 
буддавийлик иншоотларининг шаклланиш босқичларини қиёслаш натижасида Фаёзтепа Ўрта Осиё ҳудудида бунёд этилган илк буддавийлик монастири сифатида ва Амударёдан шимолий ҳудудларга буддавийлик таълимоти кириб келган дастлабки аҳоли манзили Тармита-Термиз эканлиги исботланган;
буддавийлик ёдгорликларининг географияси ва топилган археологик манбалари (нумизматика, эпиграфика, тасвирий санъат намуналари) хронологиясига таянган ҳолда, буддавийлик таълимотининг Тармита-Термиздан Шимолий Бақтрияда тарқалишининг Амударё юқори оқими ўнг соҳили, Сурхондарё ҳавзаси ва “Темир дарвоза” асосий йўналишлари аниқланган;
Шимоли-ғарбий Бақтрияда кенг ёйилган ғорсимон иншоотларнинг ўзига хос қурилиш жиҳатлари асосида Тармита-Термизда Бомиён ва Шарқий Туркистондаги сингари буддавийлик ғор меъморчилиги мактаби шаклланганлиги ва тараққий этганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертация доирасида ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:
Тармита-Термиз буддавийлик марказлари маданияти бўйича илмий хулоса ва таклифлардан: 2004–2006 йилларда Фаёзтепа монастири, 2006–2008 йилларда Муҳаммад Ҳаким Термизий мақбараси яқинидаги ғорсимон иншоотлар мажмуи, 2012–2015 йиллар давомида ўзбек-француз Бақтрия экспедицияси томонидан Кичик Чингизтепа, “Кушон биноси” ёдгорлигида олиб борилган тадқиқотлар жараёнида қўлга киритилган археологик топилмалардан Термиз археология музейи экспозициясини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 12 октябрдаги 01-12-103821-сон далолатномаси). Натижада Тармита-Термиз буддавийлик маданияти ва ёдгорликлари тарихининг мазмуни ва аҳамиятини музей ташрифчилари учун очиб беришда ҳамда уларнинг тарих бўйича билимларини оширишга хизмат қилган;
Тармита-Термиз ҳудудида буддавийлик таълимотининг тарқалиши, ушбу таълимот билан боғлиқ ёдгорликлар ва топилмаларнинг ўрганилиши ҳамда таҳлили юзасидан олинган илмий натижалар «O'zbekiston tarixi» телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатуви сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2020 йил 3 декабрдаги 02-40-1227-сон маълумотномаси). Натижалар Ўзбекистон тарихий-маданий меросини тарғиботига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish