Sayt test rejimida ishlamoqda

Эгамбердиева Нигора Азадовнанинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Амударё ҳавзаси ҳудудларининг қадимги маданияти  (милоддан аввалги VIII – милодий IV асрлар)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSс/Tar110.
Илмий раҳбар: Аҳмадали Асқаров, тарих фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педагогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Исҳоқов Мирсодиқ Мирсултонович, тарих фанлари доктори, профессор; Мавлонов Ўктам Махмасобирович, тарих фанлари  доктори, профессор; Эшов Баходир Жўраевич, тарих фанлари  доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Амударё ҳавзаси ҳудудларидаги қадимги давр маданиятининг мил.авв. VIII–милодий IV асрларга оид даври тарихини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Авесто”, Оссурия, Эрон, Юнон, Рим ёзма манбалари асосида Бақтрия мил. авв. VIII асрда мустақил, қудратли давлат бўлганлиги, мил.авв. VI асрнинг бошларида хорасмийларнинг қуйи Амударё ҳудудига жанубдан кўчиб келганлиги далилланган; 
Бақтрия, Суғд ва қадимги Хоразмдаги илк давлатлар маълум бир сунъий суғориш тузилмаси чегараси асосида воҳа давлатчилиги сифатида вужудга келганлиги асосланиб, уларнинг минтақавий ривожланиш жараёнлари сув билан таъминланганлигига боғлиқлиги  асосланган;
Амударё ҳавзаси ҳудудларидаги давлатлар устидан ахамонийлар  фақат сиёсий ҳукмронлик ўрнатганлиги, уларнинг иқтисодий ва маданий тараққиётга таъсир кўрсатмаганлиги минтақадаги археологик ёдгорликларнинг қурилиш услублари ва моддий манбаларга асосланиб далилланган; 
Қадимги Хоразм мил.авв. IV асрдан мил. IV асргача мустақил давлат сифатида фаолият юритганлиги боис, мазкур давлатга нисбатан “қанғ” ва “кушон” даври атамаларини қўллаш тўғри эмаслиги, буни Хоразмнинг мустақил ривожланиш даври деб аташ лозимлиги асослаб берилган;
Амударё ҳавзаси ҳудудларидаги давлатларнинг маҳаллий бошқарув тизимида демократия тамойиллари устун хусусиятга эга бўлганлиги, диний бағрикенглик ғояси ва зардуштийлик диний эътиқодининг турли йўналишлари - Ахурамаздага, Митрага, Анахитага эътиқод мавжуд бўлганлиги исботланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Амударё ҳавзаси ҳудудларининг қадимги  маданияти (милоддан аввалги VIII – милодий IV асрлар) ни тадқиқ қилиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида: 
“Авесто”, Оссурия, Эрон, Юнон, Рим ёзма манбалари таҳлили асосида Бақтрия мил. авв. VIII асрда мустақил, қудратли давлат бўлганлиги, мил.авв. VI асрнинг бошларида хорасмийларнинг қуйи Амударё ҳудудига жанубдан кўчиб келганлиги оид тадқиқот натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг тарғибот ва ташвиқот ишларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг 2020 йил 24 сентябрдаги 01–04–АЯ/593/1- сон маълумотномаси). Натижада Маданий мерос департаменти маълумотлар базасини бойитишда, тарғиботларни кучайтиришда ва аҳолининг тарихий тафаккури, дунёқарашини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этган;
Аҳамонийлар Амударё ҳавзаси ҳудудларидаги давлатлар устидан фақат сиёсий ҳукмронлик ўрнатганлиги изоҳланиб, бу даврдаги иқтисодий ва маданий тараққиётга таъсир кўрсатмаганлиги, минтақадаги археологик ёдгорликларнинг қурилиш услуби ва улардан топилган моддий манбаларнинг қиёсий таҳлилига  оид натижаларидан Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2018-2020 йилларда ўтказилган тарғибот фаолиятида ва “Буюк ипак йўли бўйлаб” номли илмий-маърифий экспедицияси учун материаллар тайёрлашда фойдаланилган  (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2020 йил 15 октябрдаги 03/07–875-сон маълумотномаси). Натижада Бақтрия, қадимги Хоразм, Суғд давлатлари моддий маданияти, меъморчилик, шаҳарсозлик соҳаларининг ривожланиш жараёнлари, аҳолисининг ижтимоий турмуш тарзи, давлат мафкураси, унинг жамиятдаги ўрни тўғрисидаги маълумотларидан тарғибот материаллари тайёрланди ва бу маълумотлар юртимиз аҳолисининг тарихий билим, дунёқарашини бойитишда муҳим манба бўлиб хизмат қилган;
Бақтрия, Суғд ва қадимги Хоразмдаги илк давлатлар маълум бир сунъий суғориш тузилмаси чегараси асосида воҳа давлатчилиги сифатида вужудга келганлиги асосланиб, уларнинг минтақавий ривожланиш жараёнлари сув билан таъминлаганлигига боғлиқлиги  бўйича олинган натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O`zbekiston tarixi” телерадиоканалининг “Тарихий савол”, “Ибтидо”, “Мавзу” кўрсатувларида тадқиқотга тортилган мавзу юзасидан суҳбат бўлиб ўтди ва мазкур материаллардан кўрсатувлар сценарийларида фойдаланилди (“O`zbekiston” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2020 йил 29 августдаги 01–40–790-сон маълумотномаси). Натижада аҳолининг тафаккурида тарихий тафаккурининг мустаҳкамланишига хизмат қилган;
Қадимги Хоразм мил.авв. IV асрдан мил. IV асргача мустақил давлат сифатида фаолият юритганлиги, шу боисдан  мазкур давлатга нисбатан “қанғ” ва “кушон” даври атамалари эмас, балки Хоразмнинг мустақил ривожланиш даври эканлиги тўғрисидаги тадқиқот натижаларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан тайёрланган “Этноглобус”, “Таълим ва тараққиёт”, “Миллат ва маънавият” номли радиоэшиттиришлар сценарийларини тайёрлашда (2014-2020 йиллар давомида)  фойдаланилган (“O`zbekiston” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 04–25–1028-сон маълумотномаси). Натижада радиотингловчилар илк шаҳарлар тарихи, давлатчиликнинг шаклланиш омиллари, аҳолининг турмуш тарзи, қадимги шаҳарларнинг мудофаа тизими элементлари турлари борасида олиб борилган тадқиқотлар, уларнинг бугунги кун учун аҳамияти тўғрисида маълумотларга эга бўлган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish