Sayt test rejimida ishlamoqda

Хамидова Мадина Олимжоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Табиий антиоксидантлар ёрдамида юқори турғун маргарин маҳсулотларини олиш технологиясини такомиллаштириш», 02.00.17 – Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш технологиялари ва биотехнологиялари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Т346.
Илмий раҳбар: Абдурахимов Саидакбар Абдурахмонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.03/30.12.2019.Т.04.01.
Расмий оппонентлар: Исабаев Исмоил Бабаджанович, техника фанлари доктори, профессор; Хамроқулова Муборак  Хакимовна, техника фанлари бўйичп фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: “Тошкент ёғ-мой комбинати” АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: табиий антиоксидантлар ёрдамида юқори турғун маргарин маҳсулотларини олиш технологиясини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маргарин маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ўсимлик мойлари, қаттиқ ёғлар ва антиоксидантлар таркибининг ўзига хос хусусиятлари ва хоссалари аниқланган;
маргарин маҳсулотлари рецептурасига қўшимча сифатида саримсоқ, қизил ва оқ пиёздан олинган табиий антиоксидантлар ишлатилиши мумкинлиги аниқланган;
табиий антиоксидантларни тадқиқ этишда олинган синергетик самара асосида маргарин маҳсулотлари учун антиоксидантларнинг янги композициялари яратилган;
яратилган антиоксидант композицияларидан фойдаланган ҳолда юқори турғун маргарин маҳсулотлари олиш технологиясининг оптимал шарт шароитлари аниқланган;
яратилган антиоксидант композицияларидан фойдаланилганда, маргарин маҳсулотлари турига қараб, сифат кўрсаткичларининг сақланиш даврини 1,4-1,6 мартага узайиши аниқланган;
саримсоқ, қизил ва оқ пиёздан олинган антиоксидантлар композицияларининг қўлланилиши ёғлар оксидланишининг бирламчи (оксидлар) ва иккиламчи (карбонилли бирикмалар) ҳосилалари ҳосил бўлишини  тўхтатиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Табиий антиоксидант- лардан фойдаланган ҳолда юқори турғун маргарин маҳсулотларини олиш технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маргарин маҳсулотларидаги оксидланиш жараёнларини тўхтатиш учун маҳаллий сабзавот маҳсулотларидан (қизил, оқ пиёз ва саримсоқпиёз) табиий антиоксидант-кверцетинни олиш технологияси «Тошкент ёғ-мой комбинати» АЖда амалиётга жорий этилган  («Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг 2021 йил 12 январдаги КС/3-39-сон маълумотномаси). Натижада, маргаринлар учун қиммат нархдаги импорт ўрнига маҳаллий антиоксидантлар ишлаб чиқариш имконини берган;
маргарин маҳсулотлари учун кверцетин, α–токоферол,каротиноидлар ва фосфатид концентратидан антиоксидантлар композициясини олиш технологияси «Тошкент ёғ-мой комбинати» АЖда ишлаб чиқариш амалиётига жорий этилган («Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг 2021 йил 12 январдаги КС/3-39-сон маълумотномаси). Натижада, маргарин антиоксидантининг таъсир фаоллиги анъанавий антиоксидантларга нисбатан 1,3-1,4 мартага ошириш имконини берган;
маҳаллий хом ашёлар асосидаги антиоксидантлар композицияларидан фойдаланган ҳолда юқори турғун маргарин маҳсулотларини олиш технологияси «Тошкент ёғ-мой комбинати» АЖда  амалиётга жорий этилган («Ўзёғмойсаноат» Уюшмасининг 2021 йил 12 январдаги КС/3-39-сон маълумотномаси). Натижада, маргаринларнинг сақланиш муддатини маргарин турига қараб 1,4-1,6 мартага узайтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish