Sayt test rejimida ishlamoqda

Хайдаров Дилшод Очиловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XX аср охири – XXI аср бошларида Ўзбекистонда саноат шаҳарларининг ривожланиш тарихи (Зарафшон иқтисодий райони мисолида)”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Tar205.
Илмий раҳбар: Рахматуллаев Шавкатжон Мухаммадалиевич тарих фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Tar.02.10.
Расмий оппонентлар: Турсунов Сайфулла Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор; Юнусова Хуршида Эркиновна, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат педагогика институти. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XX аср охири – XXI аср бошларида Зарафшон иқтисодий райони саноат шаҳарларида кечган иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
собиқ совет даврида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар таъсирида юз берган урбанизация жараёнларининг Зарафшон иқтисодий районида бир ёқлама кечганлиги натижасида ҳудудий ривожланишдаги номутаносибликлар юзага келганлиги очиб берилган; 
“ресурс шаҳар”, “иқтисодий район” атамалари Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод, Зафаробод, Зарметан, Ингичка каби саноат шаҳарлари мисолида  тарих фани соҳасида биринчи маротаба қўлланилгани асосланган; 
райондаги саноат шаҳарларида фаолият кўрсатган ҳамда инқирозий ҳолатда бўлган саноат корхоналарига нисбатан санация чораларини қўллаш, корхоналарни соғломлаштириш чоралари, яъни, сарфланган маблағнинг ижобий натижа бермаганлиги, маҳсулотларнинг рақобатбардошлилик даражаси кўтарилмаганлиги ва охир оқибат ушбу корхоналарнинг аксарияти банкротликга учраганлиги очиб берилган; 
Зарафшон иқтисодий районда жойлашган корхона ишчилари ва шаҳар аҳолиси орасида ичтерлама, кам қонлик, зардобли гепатит, ўсма, сил касалликлари кимё корхоналарида чангни ушлаб қолувчи ускуналарнинг етишмаслиги, зарарли чиқиндиларнинг атроф-муҳитга тарқалиб кетиши оқибатида кўпайганлиги тарихий фактлар асосида далилланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Зарафшон иқтисодий райони мисолида саноат шаҳарлари тарихи тадқиқоти давомида олинган илмий натижалар асосида:
Зарафшон иқтисодий райони шаҳарларидаги ижтимоий ва демографик жараёнларга оид хулосалардан Ўзбекистон тарихи давлат музейи экспозициясини “Мустақил Ўзбекистон: Озод ва обод Ватан” бўлимини янги материаллар билан бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 11 февралдаги 3/1255-431-сон маълумотномаси). Натижада музей ходимлари ва экскурсоводлар учун саноат шаҳарларидаги корхоналар ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақида янги маълумотлар олишга имкон яратилган;
Зарафшон иқтисодий райони саноат шаҳарлари ҳамда саноат корхоналари фаолияти, мулкий муносабатларнинг шаклланишига оид маълумотлардан Ф1-ФА-0-11986 рақамли “Ўзбекистон шаҳарлари тарихи: анъаналар, урбанизация ва трансформация жараёнлари (энг қадимдан ҳозиргача)” номли  фундаментал лойиҳа доирасида тайёрланиб чоп этилган “Ўзбекистонда замонавий шаҳар маданияти” номли коллектив монографиянинг “Янги иқтисодий инфратузилмаларнинг ташкил топиши” қисмини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 11 февралдаги 3/1255-431-сон маълумотномаси). Натижалар Зарафшон иқтисодий райони саноат шаҳарларида замонавий бозор инфратузилмасининг ривожланишига оид илмий хулосаларни татбиқ қилишга хизмат қилган;
“урбанизация”, “шаҳар”, “ресурс шаҳар”, “иқтисодий район” каби терминлар мазмун-моҳиятига оид хулосалардан “Самарқанд вилояти географияси” (ISBN 978-9943-5225-5-2) номли монографиянинг “Урбанизация жараёни ва шаҳарлар географияси” ва “Саноати” бўлимларини ёзишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 10 февралдаги 89-03-818 сон маълумотномаси). Натижада талабаларнинг Самарқанддаги урбанизация жараёнлари, саноат шаҳарларининг демографик ўзгаришлари ҳақидаги билимларини бойитишга хизмат қилган;  
ресурсли шаҳарларнинг ўзига хос иқтисодий ва ижтимоий-географик ҳолатига оид хулосаларидан Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2018-2019 йилларда ўтказилган тарғибот фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг 2020 йил 11 февралдаги 02/07-186-сон маълумотномаси). Натижада мамлакатимизнинг урбанизация тарихи, Зарафшон иқтисодий райони саноат шаҳарлари ҳақидаги маълумотларни аҳоли ўртасида тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish