Sayt test rejimida ishlamoqda

Мадияров Инамжан Батырбаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбек ва қорақалпоқ халқ тез айтишлари типологияси”, 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Fil673
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети
Илмий раҳбар: Мирзаева Салимахон Райимжановна, филология фанлари доктори, профессор. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Алламбергенов Кенесбай Алламбергенович, филология фанлари доктори, профессор; Жўраева Мунис Юнусовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек ва қорақалпоқ халқ тез айтишларининг генезиси ва тарихий-тадрижий тараққиёти, жанрнинг юзага келиш омиллари, жанрий ва вазифавий хусусиятлари, бадиияти, типологияси ҳамда унинг бошқа жанрлар билан ўхшаш ва фарқли жиҳатларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек ва қорақалпоқ халқ тез айтишларининг генезиси, уларнинг қадимги мифологик қарашлар ҳамда ритуалларга боғлиқлиги, тез айтишларнинг тарихий-тадрижий такомили, юзага келиш омиллари, жанрнинг дастлабки функциялари, маросим фольклори билан алоқадорлиги, таснифи, жанрий ва вазифавий хусусиятлари, тез айтишларда ижтимоий давр инъикоси, туркий, хусусан, ўзбек ва қорақалпоқ халқларида тез айтишларнинг ижро ўрни ва ижро усуллари далилланган;
тез айтишларнинг бошқа болалар фольклори жанрлари билан генетик алоқадорлиги, яъни жанрлараро муносабат масаласи, халқ талаб ва эҳтиёжларига мослашиб бориши натижасида мақол-тез айтишлар, топишмоқ-тез айтишлар ва санама-тез айтишлар каби янги ҳосилалар пайдо бўлгани аниқланган;
туркий, хусусан, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари фольклоридаги тез айтишлар типологик жиҳатдан муштарак хусусиятларга эгалиги очиб берилган, насрий ва шеърий, болалар, ўсмирлар, катталар, чалғитишга асосланган, сўз маъноси ўзгарадиган ва тажнисли, воқеабанд ва кумулятив, қадимий (анъанавий), замонавий турлари мавжудлиги кўрсатилган;
ўзбек ва қорақалпоқ тез айтишларида ушбу халқларнинг миллий менталитети, ўзига хос анъана ва қадриятлари акс этганлиги, мазкур халқлар урф-одатлари ва маросимларидаги муштаракликлар тез айтишларда ҳам акс этганлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек ва қорақалпоқ халқ тез айтишларининг ўрганилиши, қиёсий типологияси, юзага келиш омилларининг муштараклиги, ўхшаш ва фарқли хусусиятлари, бадиияти билан боғлиқ вазифаларни тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
тез айтиш жанри, унинг жаҳон фольклори жанрлар тизимидаги ўрни, типологияси, генезиси, тарихий-тадрижий тараққиёти, бошқа жанрлар билан генетик алоқалари ва жанрий муносабат масалалари ҳақидаги назарий хулосаларидан ФА-Ф1-005 “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” (2016-2020) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 26 майдаги 17.01/109-сон маълумотномаси). Натижада, илмий тадқиқот хулосалари ўзбек ва қорақалпоқ фольклорининг жанрлар таркиби, тарихий асослари, бадиий эволюцияси, типологияси ва ўзига хос хусусиятларини ёритишга хизмат қилган;
халқ тез айтишларининг композицион тузилиши, бадииятига оид назарий хулосалари Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятида қорақалпоқ шеъриятида халқ тез айтишларининг бадииятини ўрганиш орқали миллат руҳини, маънавиятини ифодалаш ҳамда фольклор анъаналарининг асар ғоясини очиб беришдаги аҳамиятини ёритишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 4 июндаги 74-сон маълумотномаси). Натижада, ўзбек ва қорақалпоқ адабиётида фольклорга хос анъаналарни қўллаш, ушбу икки халқ шеъриятидаги халқона образ ва тушунчаларни талқин қилиш масалалари ойдинлашган;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Андижон вилояти бўлими “Мутолаа завқи” телекўрсатуви, “Маънавият сарчашмаси”, “Шеърият гулшани” ва “Радиомутолаа” эшиттиришларини тайёрлашда ўзбек халқ тез айтишларининг ўзига хослиги, композицияси, бадииятига оид илмий қарашлар ва хулосалардан фойдаланилган (Миллий телерадиокомпания Андижон вилояти бўлимининг 2021 йил 19 майдаги 20-24/151-сон маълумотномаси). Натижада, юқорида кўрсатиб ўтилган кўрсатув ва эшиттиришларнинг бадиий жиҳатдан янада қизиқарли, мазмунли, жонли чиқишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish