Юлдашева Феруза Улугбековнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасида давлат хизматига кириш ва ўташнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш”, 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3. Рhd/Yu175.
Илмий раҳбар: Асадов Шавкат Ғайбуллаевич, юридик фанлар доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, DSс 32/30.12.2020.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Саид-Газиева Нилуфар Шерзодовна, юридик фанлар доктори; Йўлдошев Азиз Эргашевич, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматига кириш ва ўташнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича илмий-назарий ва амалий жиҳатдан асослантирилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«давлат хизматчиси» тушунчаси «ўн саккиз ёшга тўлган, тегишли малакага эга, давлат органларида давлат мансабини эгаллаб турган, давлат томонидан тўланадиган (маош) ҳақ эвазига давлат вазифа ва функцияларини бажарадиган, эгаллаб турган мансаб лавозимидан келиб чиқиб мажбуриятларни қонун асосида ўрнатилган тартибда доимий амалга оширувчи фуқаро» ҳисобланиши сифатида бойитилган;
Ўзбекистонда давлат органлари олдига қўйилган вазифаларни самарали ҳал қилишга қодир фуқаролик давлат хизматчилари ва бошқарув кадрларини танлаб олишда уларнинг ақлий салоҳиятини (интеллект даражаси-IQ-тест) ҳамда сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар соҳасида билим даражасини аниқлаш бўйича тест синовини ўтказиш зарурати асосланган;
янги Ўзбекистон шароитида фуқаролик давлат хизматчилари ва бошқарув кадрларини танлаб олишда етакчилик (лидерлик) салоҳияти ва ўзгаришларга мослашувчанлик даражаси каби компетенцияларни баҳолаш зарурати асослаб берилган;
божхона органларида хизматга қабул қилишда бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқароларга чекловлар белгилаш зарурати исботланган;
судьялик лавозимларига номзодлар захирасига одил судловни амалга оширишга монелик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлган; белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган; ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилган фуқароларни киритмаслик кераклиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон Республикасида давлат хизматига кириш ва ўташнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга оид тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«давлат хизматчиси»га доир концептуал ғоя ва таклифлардан «Давлат бошқаруви» магистратура мутахассислиги учун «Давлат хизмати» (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўқув-услубий кенгашининг 2019 йил 25 октябрдаги 2-сон мажлис баённомаси) ўқув қўлланмасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг 2020 йил 15 октябрь 03/757-сон маълумотномаси). Натижада ушбу мутахассислик бўйича таълим олаётган магистрантлар, профессор-ўқитувчилар, шунингдек, бошқарув кадрларининг билим, ўқув ва кўникмаларининг шаклланиши ва ривожланишига хизмат қилган;
истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловининг биринчи босқичида иштирокчиларнинг ақлий салоҳиятини, иккинчи босқичда сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлардан хабардорлик даражасини аниқлаш бўйича тестлар ўтказиш зарурати ҳақидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги ПҚ–3755-сонли «Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 14 декабрь 06/2-3265-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар замонавий бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг самарали тартибини шакллантиришга хизмат қилган;
истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловида иштирокчиларни баҳолаш ва унинг ғолибларини аниқлаш мезонларига оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги ПҚ–3755-сонли «Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 14 декабрь 06/2-3265-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар профессионал бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий ва барқарор мезонларини шакллантиришга ҳисса қўшган.
божхона органларида хизматга қабул қилиш ва хизматни ўташга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 октябрдаги ЎРҚ-502-сонли «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги (янги таҳрири) Қонунининг 13-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2019 йил 14 ноябрдаги 06/2-06-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар божхона органларидаги хизматга фуқароларни қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, уларнинг божхона органларидаги хизматда кўтарилиши ва бошқа лавозимга ўтишининг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантиришда номзодлар учун қўйилган муайян талабларни белгилашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-566-сон «Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2019 йил 14 ноябрдаги 06/2-06-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар судьялик лавозимларига номзодлар захирасига шахсларни киритилиши мумкин бўлмаган ҳолатларни қонун ҳужжатларида мустаҳкамланишига хизмат қилган.