Нурмуҳаммедова Гўзалхон Баҳодировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг криминологик тавсифи ва уларнинг профилактикасини такомиллаштириш», 12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Yu443.
Илмий раҳбар: Рустамбаев Мирзаюсуп Ҳакимович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, DSc.32/30.12.2020.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Тохиров Фарход, юридик фанлар доктори, профессор; Ниязова Саломат Сапаровна, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқоднинг мақсади Ўзбекистон Республикасида коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг криминологик тавсифини таҳлил қилиш асосида ушбу турдаги жиноятлар профилактикасини такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«коррупция» тушунчаси «давлат функцияларини бажаришга ваколатли бўлган шахслар, уларга тенглаштирилган шахсларнинг жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зид равишда ўзининг мансаб лавозимидан ноқонуний фойдаланиб ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги эвазига, шунингдек, ушбу ҳаракатларни юридик шахс номидан ёхуд юридик шахс фойдасига бажариш» сифатида такомиллаштирилган;
мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш; хизмат мавқеидан фойдаланиб алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш; тижоратда пора эвазига оғдириб олиш; нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш; ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш; мансаб сохтакорлиги; пора олиш; пора бериш; пора олиш-беришда воситачилик қилиш; давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш ҳамда ушбу органлар хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши; жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш; ҳарбий мансабдорлар (бошлиқ ёки бошқа мансабдор шахснинг)нинг ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги каби жиноятларни коррупцияга оид жиноятлар сифатида таснифлаш асослантирилган;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни ижтимоий хавфи катта бўлмаган; унча оғир бўлмаган; оғир; ўта оғир жиноятлар таснифидан келиб чиқиб, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш баравари миқдоригача бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш асослантирилган;
коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлик учун шахс ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида рағбатлантириш тарзида тақдирлаш ҳамда эсдалик совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан ошмаслиги лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг криминологик тавсифи ва уларнинг профилактикасини бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
«коррупция» тушунчасига доир концептуал ғоя ва таклифларидан «Коррупцияга қарши кураш: асосий вазифалар» ўқув қўлланмасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг 2020 йил 30 июндаги 359-сон буйруғи, 359-215 рақамли гувоҳнома). Ушбу таклифнинг жорий этилиши мутахассислик бўйича таълим олаётган курсантлар, профессор-ўқитувчилар, малака ошириш факультети тингловчилари, шунингдек коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашувчи орган ходимларининг билим, ўқув ва кўникмаларининг шаклланиши ва ривожланишига хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси моддаларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилганлигидан келиб чиқиб коррупцияга оид жиноятлар сифатида таснифлашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарори билан тасдиқланган «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом»нинг 3-бандида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021 йил 28 майдаги 12/21-28-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши мамлакатдаги криминоген вазиятни ўта аниқликда белгилаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалдаги механизмларни такомиллаштиришга хизмат қилган;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантиришга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарори билан тасдиқланган «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом»нинг 9-бандида акс эттирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021 йил 28 майдаги 12/21-28-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий қилиниши коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантиришнинг иқтисодий-ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга хизмат қилган;
коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартибига оид таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарори билан тасдиқланган «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом»нинг 10-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021 йил 28 майдаги 12/21-28-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этиш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилган.