Исабаев Махсад Баходировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини ошириш механизмлари», 23.00.02 – Сиёсий институтлар, жараёнлар ва технологиялар (сиёсий фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.PhD/Ss141.
Илмий раҳбар: Жалилов Актам Ташназарович, сиёсий фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Ss.01.08.
Расмий оппонентлар: Мўминов Алишер Гаппарович, сиёсий фанлар доктори, профессор; Муйдинов Дилшод Нажмиддинович, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги мажбуриятларини бажармаган, ўз сайловчиларининг ишончини оқлай олмаган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатини шу сиёсий партия ташаббуси билан чақириб олиш тартиби илмий асосланган;
маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатларининг сайловчилар билан ҳудудий муаммоларнинг ечимида ташаббускорлик, ишончни оқлаш, ўзаро қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан мулоқот майдонини шакллантиришда “партия+сайловчи+депутат” механизмини қўллаш асосланган;
ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастури ижросини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг оммавий ахборот воситалари билан ижтимоий шериклик муносабатларини назорат-таҳлил (сўров, эшитув, муҳокама), тарғибот (очиқ мулоқот, бинар суҳбат), ҳамкорлик (бипартизм, трипартизм, плюралпартизм) шакллари такомиллаштирилган;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш ваколатларига “Кенгаш сўрови”ни юбориш ҳуқуқи алоҳида янги норма сифатида қонунчиликка киритиш асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини ошириш механизмларига доир олинган илмий натижалар асосида:
депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги мажбуриятларини бажармаган, ўз сайловчиларининг ишончини оқлай олмаган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатини шу сиёсий партия ташаббуси билан чақириб олиш тартибига доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-563-сон “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунининг 17-моддасини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йил 16 июндаги 05/1-02-121а-сон маълумотномаси). Натижада маҳаллий кенгаш депутатларининг ўз сиёсий партияси олдидаги масъулиятининг ошиши, мажбуриятларини бажариши, унинг сиёсий партия билан маҳаллий кенгаш ўртасидаги боғловчи кўприк вазифасини ўташига хизмат қилган;
маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатларининг сайловчилар билан ҳудудий муаммоларнинг ечимида ташаббускорлик, ишончни оқлаш, ўзаро қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан мулоқот майдонини шакллантиришда “партия+сайловчи+депутат” механизмини қўллашга доир таклифлардан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси парламенти қуйи палатаси ва маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлардаги Сайловолди дастурининг “Давлат, жамият қурилиши ва суд-ҳуқуқ соҳасида ижтимоий тенглик ҳамда ижтимоий демократия” устувор йўналиши бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг 2019 йил 13 сентябрдаги 1-756-сон маълумотномаси). Натижада партия билан депутатнинг ҳамкорлик фаолиятини самарали ташкил этиш, сайловчи орқали улар ўртасидаги ўзаро ишонч, қўллаб-қувватлашга эришиш ва маҳаллий кенгашдаги партия гуруҳлари томонидан назорат-таҳлил ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг бошқа шаклларидан унумли фойдаланишга хизмат қилган;
ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастури ижросини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг оммавий ахборот воситалари билан ижтимоий шериклик муносабатларини назорат-таҳлил (сўров, эшитув, муҳокама), тарғибот (очиқ мулоқот, бинар суҳбат), ҳамкорлик (бипартизм, трипартизм, плюралпартизм) шаклларига доир таклифлардан “Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури”, ҳудудий инвестиция ва маҳаллийлаштириш дастурларининг бажарилиши юзасидан маълумотлар кенг жамоатчилик эътибори учун интернет матбуот нашрида эълон қилиш ҳамда “Фуқароларнинг депутатларга мурожаатларини қабул қилиш” рукнини ташкил этишда фойдаланилган (Наманган вилояти ҳокимлигининг 2021 йил 18 июндаги 02/10-8503-сон маълумотномаси). Натижада халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши фаолияти шаффофлигини таъминлаш ва қарорлар ижросини оммавий ахборот воситалари орқали амалга ошириш билан ҳақиқий халқ вакиллари институтига айланишига хизмат қилган;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш ваколатлари таркибига “Кенгаш сўрови”ни юбориш ҳуқуқини киритишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 августдаги ЎРҚ-512-сонли “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддаси (“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 24–25-моддалари)ни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 7 ноябрдаги 05/01-995-сон маълумотномаси). Натижада халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг асосий ваколатларининг ажратилиши орқали маҳаллий Кенгашларнинг назорат шакли – депутатлик эшитувининг кенгайишига хизмат қилган.