Нишанбаев Сабир Зарипбаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Ўзбекистон флорасидаги Polygonum, Alhagi, Quercus ва Platanus туркум ўсимликларининг фенол ва терпеноид бирикмалари», 02.00.10 - Биоорганик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.DSc/K25.
Илмий маслаҳатчи: Арипова Салимахон Фазиловна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимлик моддалари кимёси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўсимлик моддалари кимёси институти, DSc.02/30.01.2020.К/Т.104.01.
Расмий оппонентлар: Комилов Хожиасрор Максудович, фармацевтика фанлари доктори, профессор; Абдулладжанова Нодира Гуломжановна, кимё фанлари доктори, профессор; Абдуллаев Шавкат Вахидович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи Polygonum coriarium Grig., Alhagi canescens (Regel) B. Keller & Shap., Alhagi persarum Boiss. & Buhse, Alhagi pseudalhagi (M. Bieb.) Desv. Ex Shap., Quercus robur L. ва Platanus orientalis L. ўсимликларининг фенол ва терпеноид бирикмаларини тадқиқ қилиш, ажратиб олиш, уларнинг кимёвий тузилиши ва фазовий конфигурациясини замонавий физик-кимёвий усуллар ёрдамида аниқлаш, адабиётларда маълум бўлган бирикмаларни идентификация қилиш ҳамда фармакологик хоссаларини аниқлаш ва улар асосида тиббиёт учун зарур дори воситасини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк маротаба Polygonum coriarium, Alhagi canescens, Alhagi persarum, Alhagi pseudalhagi, Quercus robur ва Platanus orientalis ўсимлик турларидан 35 дан ортиқ фенол моддалар ажратиб олинган, уларнинг кимёвий тузилишлари кимёвий ва физикавий тадқиқот усуллари ёрдамида аниқланган, шунингдек ушбу тур ўсимликларнинг учувчан терпеноид бирикмалари таркиби аниқланган;
Polygonum coriarium ўсимлик туридан 5 та фенол бирикмалар ажратиб олинган ва 51 та учувчан бирикмалар идентификация қилинган;
Alhagi canescens ўсимлик туридан 13 та флавоноидлар ҳамда 1 та циклик спирт D-пинитол индивидуал ҳолда ажратиб олинган ва эфир мойи таркибидаги 70 та учувчан бирикмалари идентификация қилинган;
Alhagi persarum ўсимлик туридан 5 та флавоноидлар индивидуал ҳолда ажратиб олинган ва эфир мойи таркибидаги 94 та учувчан бирикмалар идентификация қилинган;
биринчи маротаба Alhagi pseudalhagi ўсимлиги ер устки қисмининг полипренол гомологлари таркиби ўрганилган, олинган натижага кўра ушбу ўсимлик полипреноллари боғланган ҳолда учраши ва изопрен қолдиқлари сони n=11-12 га тенглиги аниқланган;
биологик фаол изорамнетин ва нарциссин флавоноидларининг, шунингдек диабетга қарши, гипогликемик хусусиятларга эга бўлган циклик спирт D-пинитолнинг янги истиқболли ўсимлик манбаи (Alhagi canescens) топилган;
Alhagi canescens ва Alhagi persarum ўсимлик турларининг эфир мойлари микробларга қарши компонентларнинг манбаи эканлиги аниқланган;
Quercus robur пўстлоғидан 7 та фенолкарбон кислотаси индивидуал ҳолда ажратиб олинган ва идентификация қилинган;
илк бор Platanus orientalis пўстлоғидан 3 та мономер ва димер ҳолдаги ҳамда 4 та янги олигомер проантоцианидингликозидлар индивидуал ҳолда ажратиб олинган ва тузилишлари исботланган;
ажратиб олинган янги олигомер проантоцианидинларнинг мономерлари ўзаро флаванлараро С4C8 ва С4С8 боғлар орқали боғланганлиги, мономер таркиби ()-эпикатехин, ()-эпикатехин-3-О-галлат, (+)-катехин-3-О-галлат, ()-эпигаллокатехин-3-О-галлат ҳосилаларининг олигомерларидан ташкил топган, гликозилланган ва ацилгликозилланган проантоцианидинлар эканлиги аниқланган;
маҳаллий Polygonum coriarium ўсимлигининг полимер проантоцианидинлари асосида гипоксияга қарши таъсирга эга бўлган «Катацин» дори воситаси яратилган ҳамда ушбу дори воситаси субстанциясини олиш усулининг лаборатория ва тажриба ишлаб чиқариш регламентлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи Polygonum coriarium, Alhagi canescens, Alhagi persarum, Alhagi pseudalhagi, Quercus robur ва Platanus orientalis ўсимликларининг фенол ва терпеноид бирикмаларини тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
гипоксияга қарши таъсирга эга бўлган дори воситани олиш усули учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 05061, 2015 й.). Натижада маҳаллий хом ашёдан гипоксияга қарши восита, яъни кислород етишмовчиликда ишлатиладиган дори воситаси яратиш имконини берган;
яратилган дори воситасининг савдо номи учун «Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси» (рақам DV/M 01565/06/17 (06.06.2017 й.)) олинган;
«Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази» ДУК Фармакология қўмитаси томонидан клиник синовлардан ўтказиш мақсадида 3 та клиник базаларга рухсат берилган (Фармакология Қўмитасининг 2017 йил 7-июндаги 29/03-732-сон маълумотномаси). Натижада, Республикада шу турдаги дори воситаларининг импорти ўрнини босувчи янги дори восита олиш имконини берган;
Polygonum coriarium, Alhagi canescens, Alhagi persarum, Alhagi pseudalhagi, Quercus robur ва Platanus orientalis ўсимликларининг фенол ва терпеноид бирикмаларини тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар импакт-фактори юқори бўлган етакчи 30 дан ортиқ хорижий илмий журналларда табиий бирикмаларни идентификация қилиш ва тузилишини аниқлашда ҳамда бошқа керакли маълумотлар олишда фойдаланилган (Carbohydrate Polymers, 2019, Vol. 211 (1), JCR, IF 7.182; Journal of Molecular Liquids, 2015, Vol. 212, JCR, IF 5.065; Frontiers in Microbiology, 2020, Vol. 11, JCR, IF 4.235; Microorganisms, 2020, Vol. 8, JCR, IF 4.152; Journal of Natural Products, 2020, Vol. 83 (10), JCR, IF 3.779; Journal of Ethnopharmacology, 2012, Vol. 143 (1), JCR, IF 3.690; Journal of Water Process Engineering, 2021, Vol. 39, JCR, IF 3.465; Phytochemistry, 2016. Vol. 130, JCR, IF 3.044; Fitoterapia, 2012, Vol.83 (2), JCR, IF 2.527 ва бошқалар). Натижада, ўсимликлардан ажратиб олинган фенол ва терпеноид бирикмаларнинг тузилишини исботлаш ва мазкур ўсимликларнинг кимёвий таркиби тўғрисида маълумотлар олиш имконини берган;
ажратилган янги проантоцианидинларнинг кимёвий тузилишлари ва физикавий хусусиятлари аниқланиб, халқаро махсус луғат «Dictionary of Flavonoids» (Taylor&Francis Group CRC Press) маълумотлар базасига 1255211-38-1, 1255211-63-2, 882995-48-4 рақамлари остида киритилган. Натижада, янги бирикмаларга ўхшаш моддаларнинг тузилиши ва физикавий хусусиятларини тавсифлашда тақдим этилган маълумотлардан соҳа олимларига фойдаланиш имконини берган;
диссертация мавзусига тааллуқли Alhagi туркумига мансуб ўсимликларнинг фитокимёвий таркиби, биологик фаолликлари ва улар асосида яратилаётган дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар бўйича бутун дунё илмий маълумотларини тўплаб «Метаболиты растений рода Alhagi» мавзусида монография чоп этилган бўлиб, мазкур монографиядан Россиянинг Ханта-Манси автоном округи-Югра Сургут давлат Университетининг «ХМАО-Югранинг ёввойи ўсимликларининг полифенолларини ажратиб олиш ва аниқлашнинг инновацион технологиялари ҳамда уларнинг шимолдаги ёшга боғлиқ касалликларда геропротектив хусусиятларини ўрганиш» мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида ажратилган полифенол бирикмаларнинг кимёвий тузилишини ва антиоксидант, мембранани барқарорлаштирувчи хусусиятларини аниқлашда, флавоноидлар, уларнинг фармакологик таъсир механизми ва биологик фаоллигининг кимёвий тузилишга боғлиқлигини тушунтириш, шунингдек, ўқув жараёнида 04.06.01-Кимё фанлари йўналиши бўйича аспирантларнинг диссертация ишларини тайёрлаш ва ўқитишда фойдаланилган (Сургут давлат университетининг 2020 йил 2-декабрдаги 12-35-07/46-сон маълумотномаси). Натижада, «Биоорганик кимё» йўналишидаги магистрант талабаларнинг диссертация ёзишлари учун тўлиқ маълумотлар олиш имконини берган.