Sayt test rejimida ishlamoqda

Бабабеков Акбар Давурбавичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “ХХ асрда Ўзбекистон тоғли туманларида этноиқтисодий жараёнлар (Сангзор-Зомин минтақаси мисолида)”, 07.00.07. – Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Tar256.
Илмий раҳбар: СалимовТурсун Ўсарович, тарих фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01. 
Расмий оппонентлар: Дониёров Алишер Худойбердиевич, тарих фанлари доктори, профессор; ТагаевАкбар Равшанович, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот номи: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Сангзор-Зомин тоғли туманларида ХХ асрда кечган этноиқтисодий жараёнларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
иқтисодий антропологияга хос маржинализм, формализм, субстантивизм, институционализм сингари илмий тамойил ва назариялар негизида шаклланган этноиқтисодиётнинг анъанавий хўжалик ҳамда бозор иқтисодиётига асосланган занжирсимон ривожланиш босқичлари очиб берилган; 
Сангзор-Зомин минтақасида аграр тармоқнинг устунлиги, ишлаб чиқаришда натурал ва майда товар шаклининг қўшиб олиб борилиши, ёпиқ тизимли уй хўжалиги, бандликнинг экстенсив типи ҳамда қўл меҳнатининг устунлиги тоғли аҳоли хўжалик фаолиятида “мироблик”, “ҳашар”, “ошначилик” каби норасмий жамоавийлик институтларининг шаклланишига асос бўлганлиги аниқланган; 
ХХ аср давомида юз берган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг нотекис кечиши натижасида юзага келган “тўлқинсимон иқтисодий жараён” таъсирида аҳолининг этнохўжалиги (деҳқончилик, чорвачилик, уй ҳунармандчилиги) унинг моддий турмуш даражасини инқироздан сақлаб қолишда асосий омил бўлиб хизмат қилганлиги исботланган;
Сангзор-Зомин минтақаси аҳолисининг маросимлар иқтисодиёти ва моддий маданият компонентларининг ХХ аср давомидаги даврий ўзгаришлари барқарорлашиб борган оила бюджети (даромад ва харажатлар миқдори) ҳамда даромад манбалари (томорқа, боғ, чорва)га узвий боғлиқлиги этнографик материаллар асосида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон тоғ ва тоғолди минтақалари аҳолиси турмуш тарзидаги этноиқтисодий жараёнларни тадқиқ этиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида: 
ХХ аср давомида юз берган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар (ер-сув декретлари, хусусий мулкчиликнинг бекор қилиниши, коллективлаштириш, қишлоқ хўжалигида давлат монополиясининг ўрнатилиши, национализация) натижасида юзага келган “тўлқинсимон иқтисодий жараён” шароитида аҳолининг этнохўжалиги (деҳқончилик, чорвачилик, уй ҳунармандчилиги) унинг моддий турмуш даражасини инқироздан сақлаб қолишда асосий омил бўлганлиги хусусидаги хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий Мерос департаменти фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 11 февралдаги 01-12-03-634-сон маълумотномаси). Натижада, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган моддий-маданий мерос ёдгорликлари тарихи ва этнологиясини ўрганишда, юртимизнинг этнотуризм салоҳиятини тўлақонли амалга оширишда ҳамда Маданият вазирлигини Маданий мерос департаменти ва Жиззах вилояти маданий мерос давлат бошқармасининг амалиёти учун муҳим манба бўлиб хизмат қилган; 
Сангзор-Зомин минтақаси аҳолиси хўжалик муносабатларида бирдамлик, иқтисодий ҳамкорлик ва ижтимоий ёрдам принципларига асосланганжамоавий институтлар (хашар, “ошначилик”) етакчи ўрин тутиб, ёшларни жамовий муносабатларга ва шахсий хўжалик ҳаётини юритишда ўзига хос мактаб бўлганлигига доир илмий хулосалардан “Антропология ва этнология” йўналиши талабалари билан учрашувда ва миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда ўтказилган маърифий-маданий тадбирларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2020 йил 7 июлдаги 01-07-879-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишнинг янада кучайишига, илмий ёндашувларнинг такомиллашишига ҳамда Ўзбекистон Республикасида этнология соҳасини янги босқичга кўтаришга, кўпмиллатли юртимизда миллатлараро дўстлик муносабатларни мустаҳкамлаш йўналишида истиқболдаги чора-тадбирлар режаларининг такомиллашуви имконини берган;
ХХ асрда тарихий-географик минтақаларга хос хўжалик муносабатларини ўрганишга бағишланган антропологик тадқиқотлар жараёнида яратилган назариялар(формалистик, субстантивизм ва институционализм) асосида иқтисодий антропология алоҳида фан тармоғи сифатида шаклланганлигигаоид илмий мулоҳазалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканалининг бир қатор кўрсатувлари, хусусан, “Этно” кўрсатуви сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2020 йил 16 декабрдаги 01-40-1304-сон маълумотномаси). Натижада, турли этносларнинг ўзаро маданий алоқалари, савдо ва пул-товар муносабатлари таъсири доирасида кўп асрлик тарихга эга хўжалик анъаналарини тиклаш учун хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish