Sayt test rejimida ishlamoqda

Сотволдиев Нодирбек Журабаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фарғона минтақасида озиқ-овқат бозорининг амал қилиш механизмини такомиллаштириш», 08.00.012 – Минтақавий иқтисодиёт (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.DSc/Iqt111.
Илмий маслаҳатчи: Абдусалямов Мухамадамин,иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Dsc.14/30.12.2019.I.84.01.
Расмий оппонентлар: Ғуломов Саидахрор Саидахмедович, иқтисодиёт фанлари доктори, академик; Рузметов Бахтияр, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Низомов Аслиддин Бадриддинович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги «Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари» илмий тадқиқот маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади
Фарғона минтақасида озиқ-овқат бозорининг амал қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
минтақавий озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш услубиёти аҳолини минимал истеъмол харажатлари, маҳаллий талаб ва таклиф, қўшни ҳудудлар билан товар айирбошлаш кўрсаткичлари асосида мувофиқлаштирилган истеъмол ва ишлаб чиқариш балансларини шакллантириш орқали такомиллаштирилган;
экин майдонларини чекланганлиги, демографик салоҳиятнинг юқорилиги, ишлаб чиқариш имкониятларига кўра қолоқ ва илғор туманларни гуруҳлаш асосида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш асосланган;
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари қишлоқ туманларида мавжуд афзалликлардан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқишга ихтисослашувини амалга ошириш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ҳисобига синергетик (ҳамкорлик) самара олиш мумкинлиги асосланган;
Фарғона минтақасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва аҳоли истеъмоли ўртасидаги занжирни мувофиқлаштириш асосида озиқ-овқат бозорини 2030 йилгача ривожлантиришнинг прогноз параметрлари ишлаб чиқилган;
Фарғона минтақасини ташкил этувчи вилоятларнинг ўзаро боғланган ҳолда озиқ-овқат бозорини ривожлантириш ва аҳоли эҳтиёжларини қондиришга қаратилган ягона мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши 
Минтақавий озиқ-овқат бозорининг амал қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
минтақавий озиқ-овқат бозорининг таркибий тузилишини ифодаловчи назарий-услубий ёндашувларни такомиллаштириш асосида ишлаб чиқилган таклифлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан «Агросаноат мажмуаси иқтисодиёти» фан дастурини такомиллаштиришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 26 декабрдаги 89-03-5159-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши агросаноат мажмуаси тармоқларини бозор тамойиллари асосида жойлаштириш ва ихтисослаштириш бўйича замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш имконини берган; 
озиқ-овқат хавфсизлиги илмий концепциясини мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш талаблари ва бозор механизми нуқтаи назаридан баҳолаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари Қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августда қабул қилинган 483-I-сон «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунини такомиллаштиришда фойдаланилган (Аграр ва сув хўжалиги масалалари Қўмитасининг 2019 йил 27 декабрдаги  04/4-05-168-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётда қўлланиши озиқ-овқат бозорини сифатли, хавфсиз ва арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ва импорт таркибини такомиллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби тадбирлар учун ҳуқуқий асос яратган;
озиқ-овқат бозорида таркибий ўзгаришлар тенденциясини баҳолашга асосланган иқтисодий диагностик модел «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш барқарорлигини баҳолашда фойдаланилган ва шу асосда дастурий таъминот ишлаб чиқилган («Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясининг 2020 йил 28 январдаги БИ/11-1-133-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларни жорий этилиши озиқ-овқат маҳсулотларининг савдо хажмини 20 фоизга ошириш имконини берган.
табиий-иқтисодий ва демографик омиллар ўртасидаги корреляцион боғлиқлик асосида озиқ-овқат бозорининг иерархик таркибини баҳолаш таклифи «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси томонидан озиқ-овқат бозорининг минтақавий сиғимини аниқлашда ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан мавжуд ер ресурслари ва ялпи маҳсулот ўртасидаги номутаносибликларни аниқлашда фойдаланилган («Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясининг 2020 йил 28 январдаги БИ/11-1-133-сон маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2020 йил 28 августдаги 02/11-02/20-860-сон маълумотномаси). Ушбу таклифни жорий этилиши озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ихтисослашган зоналарини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати кластерларини самарали жойлаштириш учун қулай имконият яратган;
озиқ-овқат бозорида содир бўлаётган ёки содир бўлиши мумкин бўлган номувофиқликларни аниқлаб олиш усуллари асосида ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонининг «Ҳудудларнинг хусусиятлари ҳамда тўғридан-тўғри савдо тўпланган жойларни ҳисобга олган ҳолда ривожланишни чекловчи омилларни батафсил баҳолаш асосида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш» деб номланган 13-банди ижроси бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2020 йил 28 августдаги 02/11-02/20-860-сон маълумотномаси). Таклифларни жорий этилиши озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўшилган қийматнинг йиллик ўсишини 2021 йилда 3,0 фоиз, 2025 йилда 5,0 фоизга ошириш имконини берган;
Фарғона минтақасида озиқ-овқат бозорини 2030 йилгача бўлган даврда ривожланишининг прогноз параметрлари бўйича берилган таклифлари «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонининг «Етакчи қишлоқ хўжалиги корхоналари билан муносабатларнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш» деб номланган 8-банди ижроси бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишда фойдаланилган («Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясининг 2020 йил 28 январдаги БИ/11-1-133 сон маълумотномаси). Мазкур таклифни амалиётда қўлланиши мева-сабзавотчилик тармоқларини барқарор ривожланишини ва бозор механизмларидан кенг фойдаланишни таъминлашга олиб келган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish