Матяқубова Элмира Умрбековнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўза генофонди асосида G.barbadense L. турига мансуб истиқболли бошланғич манбалар яратиш”, 06.01.05- селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/Qx452.
Илмий раҳбар: Халикова Малохат Бабамурадовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, PhD.05/27.02.2020.Qx.42.02.
Расмий оппонентлар Бабаев Яшин Аманович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим; Холмуродова Гўзал Рўзиевна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғўзанинг G.barbadense L. турига мансуб жаҳон коллекцияси намуналарини ўрганиш натижасида юқори ва барқарор кўрсаткичли ашёларни танлаш, уларни дурагайлаш орқали олинган янги генетик шаклларда белгиларнинг ирсийланиши ва ўзгарувчанлигини тадқиқ қилиш орқали истиқболли бошланғич манбалар яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ғўзанинг жаҳон генофондидаги G.barbadense L. турига мансуб истиқболли намуналарни ҳар томонлама ўрганиш асосида тола сифати ва бошқа қимматли-хўжалик белгилари мажмуи бўйича юқори кўрсаткичли шакллар ажратилиб, улар иштирокида янги генетик таркибли рекомбинант тур ичи F1-F2 ўсимликлари олинган ҳамда белгиларнинг шаклланиши ирсийланиш ва ўзгарувчанлик қонуниятлари орқали асосланган;
G.barbadense L. турига мансуб коллекция намуналари иштирокида олинган тур ичи дурагайлар ичидан тола узунлиги, тола чиқими, кўсак вазни бўйича ўзгарувчанлик кўлами кенг бўлган трансгрессив ўсимликлар ажратилган, оилалар танлаб олинган, наслдан-наслга берилиш коэффициенти асосида танлов йўналиши белгиланган ва самарадорлиги илмий асосланган;
олдинги тадқиқотларда G.barbadense L. турига мансуб навлар ва интрогрессив тизмалар иштирокида олинган дурагайларнинг F3-F4 авлодлари ўрганилиб, уларда селекцион-генетик баҳолаш, белгиларнинг шаклланишида танловларнинг аҳамияти асосланган;
юқори потенциалли оилаларни ажратиш натижасида асосий хўжалик белгилари кўрсаткичлари барқарор бўлган ТТБ-1 ва ТТБ-2 тизмалари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғўза генофонди асосида G.barbadense L. турига мансуб истиқболли бошланғич манбалар яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
тезпишарлиги 110,0-112,0 кун, тола чиқими 36,0-38,1%, тола узунлиги 38,5-42,2 мм бўлган ингичка толали коллекция намуналари қимматли-хўжалик белгиларининг намоён бўлиши, барқарорлиги бўйича синовдан ўтказилиши натижасида уларда белгиларнинг кам ўзгарувчан эканлиги тасдиқланиб бошланғич манба сифатида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 28 декабрдаги 02/020-4662-сон маълумотномаси). Натижада яратилган дурагайлар ҳосилдорлиги 3,0-4,2 ц/га ни (самарадорлик 10,0-12,0%) ташкил этиб, тола сифати бўйича 12,0-15,0 % юқори самарадорликка эришилган;
барқарор кўрсаткичли бошланғич ашёлар иштирокида F1-F2 ўсимликлари синтез қилинган ва уларда ижобий белгиларнинг ирсийланиши ва ўзгарувчанлиги селекцион-генетик асосланган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 28 декабрдаги 02/020-4662-сон маълумотномаси). Натижада F2 ўсимликлари орасидан тола узунлиги 38,0-43,2 мм, тола чиқими 35,0-38,0%, кўсак вазни 3,3-3,8 г бўлган ўсимликлар танлаб олинган;
интрогрессив шакллар ҳамда Pima S4 ва Термиз-31 нав намуналари иштирокида олинган, тола сифати Iа, Iб типларга мансуб бўлган ТТБ-1, ТТБ-2 тизмалари синовдан ўтказилганда иқтисодий самарадорликнинг ортиши қайд қилиниб, ҳосилдорлик бўйича 4,0-4,5 ц/га, тола сифати бўйича 14,0-15,5% юқори самарадорликка эришилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 16 мартдаги 4/1255-791-сон маълумотномаси). Натижада бу тизмаларнинг уруғлари “Ғўза коллекцияси ноёб объекти”га тақдим этилган. Улар ғўза коллекциясини бойитиш билан бирга “Қишлоқ хўжалиги, биотехнология, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” устувор йўналишидаги фундаментал ва амалий лойиҳаларда бошланғич ашё сифатида фойдаланиш имконини берган.