Sayt test rejimida ishlamoqda

Эсонов Зиёдбек Юлдашевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг ҳунармандчилик анъаналари (XIX аср охири – XX аср бошлари), 07.00.07 – Этнография, этнология ва антропология.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2020.4.PhD/Tar565.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01. 
Илмий раҳбар: Абдуллаев Улуғбек Сайданович, тарих фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Дониёров Алишер Худайбердиевич, тарих фанлари доктори, профессор; Азимова Нодира Ҳайитбаевна, тарих фанлари номзоди. 
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX аср охири – XX аср бошларида Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг ҳунармандчилик анъаналарини тарихий-этнографик материаллар асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Фарғона водийси қишлоқларида ҳунармандчилик маҳсулотлари асосан азалдан хонаки ишлаб чиқаришга асосланганлиги ҳамда XIX аср охири – XX аср бошларига хос уй-ҳунармандчилиги хўжалик-маданий (ўтроқ ва яримўтроқ) ва этник (ўзбек, тожик, қирғиз, уйғур) анъаналар асосида шаклланганлиги аниқланган;
XIX аср охири – XX аср бошларида водийнинг йирик қишлоқларда ишлаб чиқариш маҳсулотни товар шаклида, марказлардан узоқда жойлашган қишлоқларда эса буюртмага ёки натурал хўжалик эҳтиёжлари натижасида уй-ҳунармандчилиги шаклида тараққий этганлиги тарихий-этнографик материаллар асосида очиб берилган;
қишлоқ шароитида ҳунармандчиликнинг тўқимачилик, кулолчилик, темирчилик, дурадгорлик тармоқларидаги этник ва ҳудудий хусусиятлари хом-ашёга ишлов бериш анъаналари ҳамда маҳсулот турлари, уларнинг бадиий-эстетик қийматига кўра фарқланиши кўрсатиб берилган;
ҳунармандчилик билан боғлиқ эътиқодий қарашлар, маросимлар, урф-одатлар, устоз-шогирд анъаналари аждодлардан-авлодларга ўтиб келган ва улар моҳиятан ҳомий-пирларга топинишга асосланганлиги тарихий манбалар ва этнографик материаллар асосида далилланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. XIX аср охири – ХХ аср бошларида Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг ҳунармандчилик анъаналари этник хусусиятларини тадқиқ этиш бўйича қўлга киритилган натижалар ва илмий хулоса, таклифлар асосида:
Фарғона водийсида ўзбек, тожик ва уйғур халқлари хўжалигида ҳунармандчиликнинг тўқимачилик, кулолчилик, темирчилик ва дурадгорчилик тармоқларидаги этноҳудудий хусусиятлар ҳунармандчилик марказларида хом-ашё ишлови, асбоб-ускуналар тузилиши, маҳсулот турлари ва уларнинг бадиий-эстетик қийматида намаён бўлишига оид материаллардан Халқаро “Олтин мерос” жамғармасини ташкилий фаолиятида фойдаланилган. (Халқаро “Олтин мерос” ҳайрия жамоат фондининг 2019 йил 27 ноябрдаги 01 80 сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари халқ амалий санъати дурдоналарини, ҳунармандчилик анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳамда уни жаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида тарғиб қилишга хизмат қилади.
XIX аср охири – XX аср бошларида водийнинг йирик қишлоқларда ишлаб чиқариш маҳсулотни товар шаклида, марказлардан узоқда жойлашган қишлоқларда эса буюртмага ёки натурал хўжалик эҳтиёжлари натижасида уй-ҳунармандчилиги шаклида тараққий этганлигига оид маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси фаолиятида фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг 2019 йил 27 ноябрдаги 02 02/1483 сон маълумотномаси). Ушбу илмий тавсиялар ҳунармандчилик анъаналарини кенг тарғиб этишга, миллий қадриятларни сақлаш қолишга хизмат қилган. 
Фарғона водийси аҳолиси ҳунармандчилик анъаналарининг тарихий тараққиёти, локал ва этник хусусиятлари ҳамда урф-одатларнинг тарихий асосларига доир илмий хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Dunyo bo‘ylab” телеканали “Жавоҳир” кўрсатувининг “Ўзбек дўппидўзлиги”, “Миллий қандолатпазлик” ҳунармандчилигига бағишланган сонларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Dunyo bo‘ylab” телеканали ДУКнинг 2020 йил 14 январдаги 08-14-17-сон маълумотномаси). Таклиф этилган фикр ва мулоҳазалар миллий ҳунармандчилик билан боғлиқ анъаналар ва қадриятларни тарғиб қилиш ҳамда номоддий меросимизнинг ушбу намунаси мисолида халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини жамоатчиликка етказишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish