Ҳайдаров Иззатилла Махмуталиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон саноатининг Совет Иттифоқи ягона халқ хўжалиги комплексидаги ўрни (1945-1991 йй.)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2019.4.DSc/Tar83.
Илмий маслаҳатчи: Муртазаева Раҳбархон Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор; Обломурадов Наим Халимович, тарих фанлари доктори, профессор; Расулов Бахтиёр Маҳмуджонович, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1945-1991 йилларда Ўзбекистон саноатининг совет иттифоқи ягона халқ хўжалиги комплексида тутган ўрнини ва унда юзага келган зиддият ва муаммоларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
совет ҳокимиятининг мустамлакачилик сиёсатига асосланган марказлаштирилган ва маъмурий-буйруқбозлик бошқаруви доирасида ХХ асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон ССРдаги саноат ишлаб чиқаришининг 95%ига иттифоқ, иттифоқ-республика, 5%ига республика министрликлари раҳбарлик қилган бўлса, 80-йилларга келиб бутун саноат ишлаб чиқаришнинг асосий 80%ига иттифоқ ва иттифоқ-республика министрликлари раҳбарлик қилганлиги оқибатида республика иттифоқ министрликларининг мўмай хом ашё манбаига айлантирилганлиги асосланган;
Ўзбекистон ССРда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (пахта толаси, тўқимачилик матолари, пахтачилик машиналари ва б.) турли қитъалардаги 58 та мамлакатга, шунингдек, ўтга чидамли металларнинг беш хили (молибден ўрамлари, кукунлар, қаттиқ қотишмалар, вольфрам қоришмалари ва карбити) Руминия, Венгрия, Финляндия, Югославия, Болгария, ГДР, Канада, Корея, Вьетнам, Афғонистон ва Монголия давлатларига (марказ орқали) экспорт қилинганлиги аниқланган;
совет ҳукумати томонидан Ўзбекистоннинг рангли ва нодир металлар конларини фаол ўзлаштирилгани, аслида, бу металлар совет давлати учун муҳим стратегик аҳамиятига эга бўлган саноатининг етакчи тармоқларини жадал ривожланиши ва экспорт потенциалининг муҳим бандини ташкил этганлиги учун республикадан топилган заҳиралар асосида янги рангли металлургия заводларининг ишга туширилганлиги ва бу корхоналар марказ назорати остида фаолият юритганлиги далилланган;
Ўзбекистон ССР саноатининг бир томонлама ривожланиши олдиндан белгилаб қўйилганлиги, асосан хом ашёни тайёрлаш, қадоқлаш ҳамда ташишга хизмат қилувчи корхоналар тизимидан иборат қилиб қўйилганлиги оқибатида саноат ишлаб чиқаришнинг муҳим иқтисодий кўрсаткичлари пасайиб, республикадаги ялпи саноат маҳсулотларининг ўртача йиллик ўсиши мунтазам равишда тушиб, инқирозга юз тутиб борганлиги далилланган;
Ўзбекистон ССР саноатига маҳаллий миллат вакилларидан ишчи кадрлар тайёрлаш ва мавжуд меҳнат ресурсларини ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этиш масалаларини ўз вақтида ҳал этилмаганлиги, юқори малакали инженер-техник ходимларни бошқа республикалардан олиб келиниши оқибатида, саноат бошқарувида миллий кадрларга сунъий равишда йўл берилмай бошқарув ва мутахассис кадрларга тобе қилиб қўйилганлиги, республикадаги меҳнаткашлардан эса, асосан оддий ишчи сифатида фойдаланилганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 1945-1991 йилларда Ўзбекистон саноатининг Совет Иттифоқи ягона халқ хўжалиги комплексидаги ўрнини тадқиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
собиқ совет давлатининг ягона халқ хўжалиги комплексини мустаҳкамлаш, барча иттифоқдош республикаларни бир мажмуага боғлаш, Ўзбекистон саноатининг бир томонлама ривожланиш хусусиятлари, Ўзбекистон халқ хўжалигининг асосан пахтачилик, шу билан бирга, ипакчилик, қоракўлчилик ва мевачиликка ихтисослашгани ҳақидаги натижалардан “Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув тарихи” дарслигининг “Совет ҳукмронлиги даврида Ўзбекистонда давлат қурилиши ва бошқаруви” мавзуини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 1 майдаги 89-03-1615–сон далолатномаси). Натижада бу талабаларга совет давлатининг халқ хўжалигини бошқаришда республика манфаатларини ҳисобга олмагани, Ўзбекистоннинг имкониятлари, унинг меҳнат ресурслари, меҳнат тақсимоти шакллари эътибордан четда қолгани, ишлаб чиқарувчи кучларни жойлаштиришда жиддий хатоликларга йўл қўйилгани ҳақидаги маълумотларни ўзлаштиришига имкон берган;
иттифоқнинг ягона халқ хўжалиги комплекси доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчи кучларнинг жойлаштирилиши, янги конлар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилиши, геологик қидирув ишлари ва уларнинг натижаларига оид хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси “Геология музейи” экспозицияларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат Қўмитасининг 2018 йил 13 июндаги 04/14-сон маълумотномаси). Натижада бу ҳол музейга ташриф буюрувчиларнинг Ўзбекистондаги мавжуд конлар ва улардан совет давлати ҳукмронлиги йилларида фойдаланиш йўллари ҳамда қазиб олинган қимматбаҳо металлар ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлишига имкон берган;
Ўзбекистон иқтисодий районлари орасида Фарғона иқтисодий районининг ўрни, ундаги саноат корхоналарининг нооқилона жойлаштирилиши, унинг оқибатлари ҳамда Фарғона ва Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводи, Андижон, Фарғона гидролиз заводлари, тўқимачилик комбинатларида режалаштиришнинг кўп босқичли, ғоят мураккаб ҳолда олиб борилганлигини исботловчи маълумот ва хулосалардан Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг “Андижон вилояти совет ҳокимияти тузими даврида” экспозицияларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 19 апрелдаги 01-11-10-2732 – сон маълумотномаси). Натижада бу маълумотлар музейга ташриф буюрувчиларнинг Андижон вилоятида фаолият юритган саноат корхоналари, конлар ва улардан совет давлати йилларида фойдаланиш йўллари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлишга имконини яратган;
Фарғона иқтисодий райони таркибида бўлган Наманган вилоятида янги саноат корхоналарининг барпо этилиши, уларнинг бошқарилиши жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни очиб беришга қаратилган манбалар ва илмий хулосалардан Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи экспозицияларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 19 апрелдаги 01-11-10-2732 – сон маълумотномаси). Натижада булар ушбу музейларга ташриф буюрувчиларда Наманган вилоятидаги саноат корхоналарининг тарихи, советларнинг халқ хўжалигини бошқариш тизимининг хусусиятлари ҳамда унинг салбий оқибатлари ҳақидаги маълумотлар билан танишишига имкон берган;
ХХ аср 20-80-йилларида Ўзбекистонда олиб борилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ўзгаришларнинг моҳияти, совет тузумининг халқ хўжалиги устидан умумий раҳбарлик қилишининг мақсади, амалиёти ва оқибатлари, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қайта тиклаш йилларида ўзбек халқининг фидокорона меҳнати, 80-йилларнинг иккинчи ярмида жамиятда танглик ҳолатининг кучайиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича олинган илмий натижалардан ИФА2012-1-4 “Ўзбекистоннинг совет даври тарихи (1917-1991 йиллар). 2-жилд” мавзуидаги инновацион лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 1 майдаги 89-03-1614 – сон далолатномаси). Бу совет даврида ўтказилган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларни бирламчи манбалар асосида чуқурроқ ёритиб беришга имкон яратган.