Sayt test rejimida ishlamoqda

Жабборов Одил Абдималиковичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Суғориладиган тупроқлар унумдорлиги динамикаси ва уни ошириш йўллари (Жиззах вилояти мисолида)”, 03.00.13-Тупроқшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Qx396.
Илмий раҳбар: Қўзиев Рамазон, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.25/30.12.2019.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Юлдашев Ғулом, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Фахрутдинова Машкура Фазлиддинова, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Жиззах вилояти суғориладиган тупроқларининг хосса-хусусиятлари, мелиоратив ҳолати ва унумдорлигида содир бўлган ўзгаришларни аниқлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғориладиган автоморф, ярим гидроморф ва гидроморф тупроқлардаги шўрланиш ва шўрсизланиш жараёнларининг йиллар давомидаги тенденцион ўзгаришлари аниқланган;
ҳудуднинг суғориладиган автоморф тупроқларида ювилиш, гидроморф тупроқларида эса шўрланишни етакчилик қилиши аниқланган ва уларнинг унумдорликка салбий таъсири асосланган;
ҳудуднинг сўнгги 10 йиллик тупроқ унумдорлиги тўғрисидаги маълумотларни солиштириш асосида суғориладиган тупроқлар унумдорлигида содир бўлган ўзгаришлар очиб берилган;
ҳудуд суғориладиган тупроқларнинг 9,5 фоизи алоҳида қимматга эга ер майдонлар эканлиги ҳамда нисбатан энг юқори унумдорлик типик бўз тупроқлар ҳиссасига тўғри келиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Суғориладиган тупроқлар унумдорлиги динамикаси ва уни ошириш йўллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Жиззах вилояти тупроқларининг унумдорлигини қайта тиклаш ва ошириш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар» тасдиқланган ва амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 05 августдаги
03-04-7019-сон маълумотномаси). Натижада, вилоятидаги турли тупроқ-иқлим шароитларида шаклланган мелиоратив ҳолати ёмон, ер ости сувлари кўтарилган, шўрланган, гипслашган, эрозияланган суғориладиган тупроқлар унумдорлигини қайта тиклаш ва ошириш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича тадбирларни белгилашда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Пахтакор тумани «Гулистон», Зарбдор тумани «Бўстон», Арнасой тумани «Мустақиллик», Мирзачўл тумани «Ўзбекистон» массивларидаги жами 9732,8 га суғориладиган ерларнинг 1:10 000 масштабли тупроқ шўрланиш хариталари амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 05 августдаги 03-04-7019-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу харита маълумотлари ҳудудлардаги мавжуд ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш, ошириш ва муҳофазалаш ҳамда қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш бўйича тадбирлар белгилаш имконини берган;
Жиззах вилояти Пахтакор тумани «Гулистон», Зарбдор тумани «Бўстон», Арнасой тумани «Мустақиллик», Мирзачўл «Ўзбекистон» массивларининг 1:10 000 миқёсдаги тупроқ сифатини баҳолаш хариталари массивлар ҳудудидаги фермер хўжаликлар фойдаланишлари учун амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 05 августдаги 03-04-7019-сон маълумотномаси). Натижада, массивлардаги тупроқларнинг хосса-хусусиятлари ва унумдорлик даражасига қараб ерларнинг меъёрий қийматини ҳисоблаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва ошириш орқали ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар белгилашга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish