Алкаров Элёр Махмудович
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ахборот-коммуникация технологиялари асосида педагог кадрлар узлуксиз касбий ривожланишини бошқариш самарадорлигини ошириш”, 13.00.07 – Таълимда менежмент.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Ped1369.
Илмий раҳбар: Бахрамов Анвар Ахрарович, физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти, DSc.28/30.12.2019.Ped.68.01.
Расмий оппонентлар: Мирсолиева Мухаббат Тўхтасиновна, педагогика фанлари доктори; Махмудов Абдухалим Хамидович, педагогика фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Чирчиқ давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади халқ таълими педагог ходимларининг малакасини ошириш тизимида ахборот-мониторинг хизматини такомиллаш-тириш орқали педагог кадрларнинг узлуксиз касбий ривожланишини бошқариш самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
умумтаълим мактаблари педагогларининг узлуксиз касбий ривожланишини бошқариш механизми касбий ривожланишга доир индивидуал малака ошириш дастурини шакллантириш асосида такомиллаштирилган;
узлуксиз касбий ривожлантириш шароитида таълим сифатини таъминлаш механизмлари туманлардаги фан методистларининг лавозим мажбуриятларига ўқитувчиларнинг малака ошириш траекторияларини коррекциялаш ва назорат қилиш функцияларини киритиш орқали такомиллаштирилган;
умумтаълим мактаблари педагогларининг касбий ривожланишининг узлуксизлигини таъминлашнинг ҳар бир педагогнинг индивидуал ривожланишининг динамик ҳолатини аниқловчи ташхислаш, хронологик таққослаш ва прогноз қилиш функцияларидан иборат самарали модели ишлаб чиқилган;
умумтаълим мактаблари педагогларининг “муқобил малака ошириш” ва “индивидуал малака ошириш траекториялари бўйича таълим” шаклида узлуксиз касбий ривожланиши натижаларини кредитларда ифодалашга асосланган баҳолаш тизими ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ахборот-коммуникация технологиялари асосида педагог кадрлар узлуксиз касбий ривожланишини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тадқиқот натижалари асосида:
халқ таълими муассасалари педагог ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиши жараёнлари мониторингини амалга оширишнинг мазмун-моҳиятини аниқлаштиришга доир таклифлардан 2021 йил 29 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 21–сон буйруғини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 19 майдаги 02-02/3-1485-сон маълумотномаси). Натижада халқ таълими муассасалари педагог ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиш траекторияси асосида билим ва кўникмаларини аниқлаш воситалари ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган;
халқ таълими муассасалари педагог ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиши жараёнлари мониторинги механизмлари интеграллашган ахборот-таълим муҳитини шакллантиришга доир таклифлардан “Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказлари ўқув жараёнини автоматлаштириш” номли лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 29 декабрдаги 336–сон ҳамда 2021 йил 30 мартдаги 90–сон буйруқлари, Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 19 майдаги 02-02/3-1485-сон маълумотномаси). Натижада халқ таълими муассасалари педагог ходимларининг электрон портфолиосини шакллантириш, педагог ходимнинг индивидуал траекторияси, касбий ривожланиш натижалари ва ўзлаштирган ўқув дастурлари тўғрисидаги маълумотларни жамлаш имконияти яратилган;
ахборот мониторинг хизматининг ахборот бериш, ташхислаш, таққослаш ва прогноз қилиш фукцияларини аниқлаштириш асосида педагог ходимларнинг узлуксиз касбий ривожланиши тизими самарадорлигини таъминлашга доир таклифлардан “Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари малака ошириш курслари тингловчиларининг якуний аттестацияси тўғрисидаги муваққат низом”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 30 мартдаги 90–сон буйруғи, Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 19 майдаги
02-02/3-1485-сон маълумотномаси). Натижада халқ таълими педагог ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиши тизими самарадорлигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича якуний аттестация жараёнлари такомиллаштирилган;
ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида педагог ходимларнинг узлуксиз касбий ривожланиши таълими самарадорлигини таъминловчи дастурий тизим ва алгоритмлардан малака ошириш жараёнларида таълим сифатини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 29 декабрдаги 336-сон буйруғи, Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 19 майдаги 02-02/3-1485-сон маълумотномаси). Натижада халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари ўқув-методик ахборотларини тизимлаштиришга хизмат қилувчи, ўқув ва бошқарув жараёнида ахборот мониторинг хизматини кўрсатиш имкониятини берувчи электрон тизим ишлаб чиқилган.