Sayt test rejimida ishlamoqda

Матибаева Разия Балтабаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): IX-XIV асрларда Марказий Осиёда ислом қадриятларининг миллий урф-одатлар билан уйғунлашуви (Абу Ҳанифага оид «Маноқиб» ва «Муснад» асарлар асосида). 24.00.01 – Ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.DSc/Tar164. 
Илмий маслаҳатчи: Исламов Захиджон Махмудович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Мухамедов Неъматуллох Асатуллаевич, тарих фанлари доктори, доцент; Азамат Зиё, тарих фанлари доктори, профессор; Имомназаров Муҳаммаджон, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади IX-XIV асрларда Марказий Осиёда ислом дини ва миллий маданият ўртасидаги ўзаро таъсир жараёнларини Абу Ҳанифага оид маноқиб ва муснадлари асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
«Маноқиб Аби Ҳанифа» жанридаги асарлар асосида Мовароуннаҳрда Абу Ҳанифа шахсиятининг вақтга, ҳанафий олимларнинг ғоявий рақиблари билан курашиш хусусиятига қараб ўзгарганлиги, унинг тасвири ҳунармандлар, савдогарлар ва шаҳар аҳолиси ўрта қатламининг бошқа вакиллари учун кундалик ҳаётда намуна бўлишга хизмат қилгани аниқланган;
ҳанафийлик мазҳабининг Марказий Осиёда мустаҳкам ўрин топишида асосан иккита катта омил – кучли таъсирга эга минтақа фақиҳлари (الفقهاء) ҳамда сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар, аштархонийлар каби маҳаллий ҳукмдорларнинг сулолалари ўзларини ҳанафий вакиллари деб ҳисоблашлари ҳанафий мазҳабининг омма орасида янада чуқур сингишига омил бўлиб хизмат қилгани далилланган;
катталарга эҳтиром, тинчлик ва омонликнинг қадрига етишдек Марказий Осиё халқлари минталитетида шаклланган қадриятлар ўрта асрларда карромийлик (الكرامية), хорижийлик (الخوارج) сингари турли оқимларнинг айирмачилик (الفرقة), такфир (التكفير) каби ғоялари кириб келишига қарши иммунитет вазифасини ўтагани исботланган;
ўрта асрларда минтақа халқларининг маданий ва диний ўзлигини сақлаб қолишга қаратилган ислом дини ва маданиятининг конструктив қадриятларини Марказий Осиёда амалга ошириш минтақада яшовчи гуруҳларнинг этно-маданий ва этно-диний ўзига хослигини мустаҳкамлашга олиб келгани очиб берилган;
минтақада ислом динининг тарқалиши даврида маҳаллий аҳолига диний онгни сингдиришга зардуштийлик, буддавийлик, насронийлик ва бошқа диний эътиқодлари кучли таъсир механизми бўлганлиги кўрсатиб берилган;
минтақа халқларининг урф-одатлари ва динларининг янги диний тизим билан йирик этнополитик тизим сифатида ўзаро таъсирининг асосий даврларида маҳаллий аҳолининг ўзига хослигини йўқотишнинг ҳалокатли жараёнлари устун бўлганлиги, аммо шу билан бирга улар ўз динлари негизида шаклланган асл муқаддас қадриятларга эга бўлганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
IX-XIV асрларда Марказий Осиёда ислом қадриятларининг миллий урф-одатлар билан уйғунлашувига оид тарихий манбаларни тадқиқ этиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулосалар асосида: 
Марказий Осиё халқлари урф-одат ва анъаналари ҳақидаги назарий хулосалардан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази томонидан тайёрланган «Ислом цивилизацияси» қомусий луғатини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг 2021 йил 16 апрелдаги 270/21-сон маълумотномаси). Натижада соҳа мутахассисларининг Марказий Осиё халқларининг турмуш тарзи бўйича маълумотлари шакллантирилиб, билимларининг ошишига хизмат қилган;
тадқиқот ишининг «Муснад ва маноқиб жанрларининг хусусиятлари», «Мовароуннаҳрда Абу Ҳанифа шахсини анъанавийлаштириш» ва «Умумислом урф-одатлари, анъаналар, қадриятлар» деб номланган бўлимларида берилган маълумотлардан амалий ва назарий дарсларда қўллаш учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалаврият таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари талабалари учун мўлжалланган «Ҳадис илми ровийлари: жарҳ ва таъдил», «Марказий Осиёнинг ислом цивилизациясидаги ўрни» каби фанларнинг ўқув қўлланмаларини яратишда кенг фойдаланилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диссертация хулосалари, таклиф ва тавсияларидан келгусида диний-маърифий таълим муассасалари учун услубий тавсиялар ишлаб чиқишда кенг фойдаланишни кўзда тутади (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 16 апрелдаги 02-03/2698-сон маълумотномаси). Натижада умуминсоний қадриятларнинг IX-XIV асрларда улуғлангани кўрсатиб берилган ҳамда талаба ва тингловчиларда миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар бўйича атрофлича билимлар шакллантирилган;
маҳаллий урф-одатлар шахсни фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш даражасидаги маънавий дунёни юксалтириш, юксак инсоний фазилатлар руҳида шакллантириш, маънавий муҳитни соғламлаштиришга оид маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази «Имом Бухорий таърифи» китобида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2021 йил 16 апрелдаги 02/130-сон маълумотномаси). Натижада исломшуносликка оид манбаларни жамиятга етказишнинг назарий-методологик усуллари шаклланган;
миллий ва диний қадриятлар орқали жамият мустаҳкамлигини таъминлашга эришганликларига оид маълумотлардан Ўзбекистон халқаро ислам академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлимининг «Абул Муъин Насафий» ҳаёти ва ижодига бағишланган тадқиқотида фойдаланилган (Ўзбекистон халқаро ислам акдемияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2021 йил 01 майдаги 01/178-сон маълумотномаси). Натижада шу йўналишда тадқиқотчиларда Мовароуннаҳр олимлари ва уларнинг мероси ҳақида назарий билимлар шакллантирилган;
Марказий Осиё халқлари урф-одатлари ва анъаналарида умуминсоний қадриятларнинг  улуғлангани ва уларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга бўлгани ҳақидаги хулосалар Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида «Ўзбекистон тарихи», «Фиқҳ фани», «Мазҳаблар тарихи», «Халифалар тарихи» каби фанларнинг назарий ва амалий дарсларини ташкил қилишда, таълим мазмунини янги илмий хулосалар билан бойитиш ва такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг 2021 йил 30 апрелдаги 1435-сон маълумотномаси). Натижада шу соҳа мутахассисларида ислом ва миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар бўйича назарий билимлар ва кўникмалар шакллантирилган;
Марказий Осиёга ислом дини кириб келиши билан маҳаллий урф-одатлар ва илм-маърифатга интилиш, ижтимоий тартибларни шаръий қонун даражасига кўтариш каби ислом қадриятлари симбиозининг юзага келиши ва ривожланиши оқибатида минтақада фаровон жамият яратувчи мазмунан маҳаллий ва шаклан ислом динига хос бўлган урф-одат ва маданият шакллангани ҳақидаги илмий натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон тарихи» телеканали ижодкорлари томонидан кўрсатувларнинг сценарийларини тайёрлашда ҳамда «Ўзбекистон тарихи» телеканалида эфирга узатилган «Тақдимот» кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 16 апрелдаги 08-40-520-сон маълумотномаси). Натижада маҳаллий урф-одатлар ва ислом қадриятларини ўрганишнинг аҳамияти ва бугунги кунга мослиги ҳақида туркум кўрсатувлар эфирга узатилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish