Мамақосимов Мирзасултон Абдураимовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Катта Қуёш Печи ва бошқа энергетик қурилмалар самарадорлигини ошириш учун уларнинг кўзгули-мужассамлаштирувчи тизимларини оптимизациялаш», 05.05.06–Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Т8.
Илмий маслаҳатчи: Абдурахманов Абдужаббар, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Материалшунослик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Физика-техника институти, Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.FM/T.34.01.
Расмий оппонентлар: Искандаров Зафар Самандарович, техника фанлари доктори, профессор; Исманжанов Анваржан, техника фанлари доктори, профессор; Койшиев Темирхан Косқбаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 1000 кВт қувватли Катта Қуёш Печининг технологик ва энергетик йўналишларда фойдаланилаётган кўзгули-мужассамлаштирувчи тизими самарадорлигини концентраторнинг носимметриклигини ҳисобга олган ҳолда оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
икки кўзгули-мужассамлаштирувчи тизимда қуёш нурланишини концентрациялаш модели, қуёш ҳаракатининг таъсири ва концентраторнинг барча оптик-геометрик кўрсаткичларини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилган;
кўзгули-мужассамлаштирувчи тизимларда мураккаб конфигурацияга эга бўлган концентраторнинг алоҳида соҳаларида нур оқими зичлиги тақсимоти, тажриба натижаларига мос келувчи ҳисоблаш методикаси таклиф қилинган;
қуёш ҳаракатланиши давомида гелиостатлар қуёш нурини тўсиб қўйишини ҳисобга олиб, Катта Қуёш Печининг алоҳида гелиостатларидан тўпланадиган концентрация учун ҳисоблаш дастури ишлаб чиқилган;
технологик жараёнлар унумдорлигини оптик йўллар орқали ошириб беришни таъминловчи концентратор фацеталарига шакл бериш амалга оширилган;
концентратор фацеталарини маълум «тасвир доғини устма-уст қўйиш» методи ўрнига «линзасиз телескоп» методи деб номланадиган тезкор юстировка қилиш усули таклиф этилган;
алоҳида элементлар-фацетлар, қўшма кўзгули-мужассамлаштирувчи тизимлар зоналари ҳамда миделнинг мураккаб шаклига эга бўлган бутун концентраторнинг акс эттирувчи сиртидан фокал доғнинг оптик-геометрик ва оптик-энергетик аниқлигини назорат қилиш усули ишлаб чиқилган;
шторли, роторли-тирқишли затворлар ёрдамида кўзгули-мужассамлаштирувчи тизимларнинг фокал текислиги атрофида турли узунликдаги ва зичликдаги импулсларни ҳосил қилиш учун махсус усули ва қурилмаси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Катта Қуёш Печининг технологик ва энергетик йўналишларда фойдаланилган кўзгули-мужассамлаштирувчи тизими самарадорлигини ошириш учун ишлаб чиқилган қурилмалар ва усуллар асосида:
республика иқлим шароитида 110÷500 кВ кучланишда ишловчи юқори вольтли полимер изоляторларнинг хизмат муддатини аниқлаб берувчи «Қуёш нурланиши таъсирида полимер материалларни синаш» қурилмаси «Средазэнергосетьпроект» акционерлик жамиятида жорий қилинган («Средазэнергосетьпроект» акционерлик жамиятининг 2016 йил 12 апрелдаги маълумотномаси). Қурилманинг амалиётга жорий этилиши натижасида полимер изоляторларни алмаштириш муддати ва шу билан бирга электр узатиш тармоқларининг узлуксиз ишлаши таъминланган;
таклиф этилган мураккаб мидел шаклига эга бўлган яхлит концентраторларнинг оптик-энергетик характеристикаларини, нур қайтарувчи сирт текислигидаги фокал доғни ҳисоблаш усуллари, шунингдек 10000 та фацетадан ташкил топган кўзгули-мужассамлаштирувчи тизимнинг таркибий элементларини юстировка қилишнинг самарали ва тезкор усуллари «Академасбоб» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан А12-006-сон «Катта қуёш печи оптик ва энергиявий хусусиятларини ўрганиш мақсадида иккиламчи концентрловчи тизимларни ишлаб чиқиш ва яратиш» грантини бажаришда Қуёш спектрини фокал марказида тақсимланишини ҳисобга олиб концентраторни самарадорлигини оширишда фойдаланилган. (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи қўмитасининг 2017 йил 20 январдаги ФТК-02-13/76-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш иккиламчи-мужассамлаштирувчи тизимларни ишлаб чиқиш имконини берди;
водород олишга бағишланган (Zhaolin Wang and G. F. Naterer. Integrated fossil fuel and solar thermal systems for hydrogen production and CO2 mitigation. International Journal of Hydrogen Energy 39(26) February 2014 with 14 Reads DOI: 1016/j.ijhydene.2014.01.095, IF) илмий ишда Канада олимлари томонидан Ўзбекистон олимлари (Abdurakhmanov A.A., Mamatkosimov M.A., Paizullakhanov M.S., Saragoza G. Solar technologies in Uzbekistan: state. рroperties, аnd perspectives of development. Applied Solar Energy, 2012, Vol.48, –P. 84-91.) мақоласининг таҳлили асосида Ўзбекистонда ишлаб турган ва диаметри 40 см бўлган фокал фокусда 3000 градус Целсий олишга мўлжалланган Катта Қуёш печига фокусланган қуёш иссиқлик энегргиясини метан буғидан водород олишга ишлатиш кам маблағ талаб қилиши қайд қилинган;
ёқилғи заҳираси камайиб бораётган шароитда функционал керамика ва цирконий каби материалларнинг юқори температурали ишлаб чиқариш усуллари самарали бўлади (Abdurakhmanov A.A., Mamatkosimov M.A., Paizullakhanov M.S., Saragoza G. Solar technologies in Uzbekistan: state. рroperties, аnd perspectives of development. Applied Solar Energy, 2012, Vol.48, –P. 84-91.), бу мисолга асосланиб Япония ва Хитой олимлари Френел линзаси ёрдамида мужассамлаштирилган Қуёш энергиясини ишлатиш ҳисобига кулдан кремний намуналари олган (K. Hatakeyama, H. Kaneko, and K. Nishioka. Formation of Silicon from Shirasu Volcanic Ash Using Solar Furnace / International Journal of Materials, Mechanics and Manufacturing, Vol. 4, No. 2, May 2016, p.152-155);
параболоидцилиндрик концентраторли қуёш модуллари учун иссиқлик ва масса алмашинуви ҳамда оптиканинг геометрик қонунларини ишлатиб (Abdurakhmanov A.A., Kuchkarov A., Mamatkosimov M.A. and Akhadov. The optimization of the optical-geomtric characterictics of mirror concenting systems. Applied Solar Energy, 2014, Vol.50, #4,–P. 244.) иссиқлик фотоэлектрик модули конструкциясининг ҳисоб алгоритмини барпо қилиш учун Россия олимлари томонидан математик моделлаштириш амалга оширилган (V.A. Mayorov, S.N. Trushevskii, and L.N. Lukashik. Study of the Optical-Energy Parametrs of Planar-Type Radiation Receivers in the Structure of Photoeleectrical Moduies with Parabolic-Cylinder Concentrators. Applied Solar Energy, 2015, Vol.51, #3–P. 209-213).