Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолиятини низомлар талаблари асосида ташкил қилиш, илмий даражалар беришда талабларнинг ягоналигини таъминлаш, фаолиятда ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида шу йилнинг ўтган даврида 4 та илмий кенгаш фаолияти тугатилди. Бир нафар илмий кенгаш раиси фаолиятни тегишли равишда ташкил қила олмагани, тегишли илмий котиблар камчиликларга йўл қўйгани сабабли вазифасидан озод этилди.
Илмий кенгашлар фаолиятида илмий котибларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Аттестация ишларига доир барча ҳужжатларнинг меъёрий-техник экспертизадан ўтказилиши, авторефератларнинг расмийлаштирилиши ва тақдим этилиши, шунингдек, талабгорлар билан бевосита мулоқотлар ҳам улар томонидан амалга оширилишини инобатга олсак, масаланинг моҳияти яна чуқурроқ англашилади. Шулардан келиб чиққан ҳолда, ОАК томонидан илмий котиблар иштирокида ишчи семинари ташкил этилди.
Семинарда илмий кенгашлар фаолияти билан боғлиқ долзарб масала ва муаммолар очиқ-ойдин гапирилиб, таҳлил ва танқид қилинди. Илмий котибларнинг хизмат вазифалари билан боғлиқ масъулият ва вазифалари алоҳида таъкидланиб, улар ўз фаолиятларини тегишли низомлар талаблари асосида бажариши, вазифалар ижросига жиддий ёндашиши, диссертация ҳимояси ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа ҳужжатларни тақдим этишда кечиктиришга йўл қўймаслиги, аттестация тадбирларини муддатида амалга ошириши, фаолиятда ҳар қандай салбий ҳолатларга йўл қўймаслиги, талабгор ва бошқа шахсларга асоссиз маълумотлар бермаслиги, ҳаракатсизликка йўл қўймаслиги юзасидан огоҳлантирилди.
Ишчи семинари якунида иштирокчиларга илмий кенгашлар фаолиятини низомлар талаблари асосида ташкил қилиш ва талабларнинг ягоналигини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар ва тавсиялар берилди.
ОАК Ахборот хизмати