Sayt test rejimida ishlamoqda

Миллий матбуот марказида география фанлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси натижалари юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуман иштирокчиларининг таъкидлашича, мамлакатимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги муаммолар ечими юзасидан 2020 йилда 4 нафар талабгор фан доктори ва 17 нафари география фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражаларида тасдиқланди.

Илмий натижалар амалиётга жорий қилиниб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жумладан, Фарғона водийси суғориладиган ерларидаги чўкинди жинсларнинг қалинлиги ва хоссаларини ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалик экинларини ландшафт типларига мослаштириб жойлаштириш схемаси ишлаб чиқилди. Ушбу схемага асосан экин турларининг жойлаштирилиши ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда. Туркистон тизмаси ва унга туташ тоғолди ландшафтларида чўлланишнинг олдини олиш тадбирларининг амалиётга жорий этилиши эса яйлов сиғимини меъёрлаштириш, яйловлардан такрор фойдаланиш, яйловларда ўсимлик қопламини сақлаб туриш, тупроқ эрозиясининг олдини олишга замин яратмоқда.

Чимён-Билдирсой ва Нанай тоғ курорт зоналарида янги рекреацион ва туристик йўналишларни ривожлантириш бўйича таклиф қилинган эко-агротуристик лойиҳа тоғ чанғи трассаларини ўтказиш ҳамда бино ва иншоотларни жойлаштиришни самарали лойиҳалашга хизмат қилган. Зарафшон дарё ҳавзаси тоғолди текисликлари ва конуссимон ёйилмаларидаги ерларнинг хўжаликда фойдаланиш учун қулайлик даражасини баҳолаш натижаларидан амалиётда фойдаланиш қишлоқ хўжалиги ерларининг яроқлилигини комплекс баҳолаш, экин турларини рельеф-тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб жойлаштириш ва ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини бермоқда.

Умуман олганда, бу рўйхатни ҳали яна узоқ давом эттириш мумкин.

Анжуманда бундан буён ҳам география фанлари соҳасида фаолият олиб бораётган олим-мутахассислар ва тадқиқотчилар мамлакатимизнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш концепциясида белгиланган ижтимоий-иқтисодий ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишидаги илмий тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини оширишда фаол иштирок этиши қайд этилди.

 Моҳигул Қосимова,

ЎзА

Yangiliklarga obuna bo‘lish