Умаров Қосимжон Мирзакуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси химояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Янги туғилган чақалоқларда некротик энтероколитни ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш», 14.00.35-Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Tib708.
Илмий раҳбар: Абдусаматов Бобир Закирович, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат тиббиёт институти, PhD.04/30.12.2019.Tib.102.01.
Расмий оппонентлар: Хамраев Абдурашид Журакулович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ахмедов Юсуфжон Махмудович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Республика перинатал маркази.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: диагностик лапароскопия усулини қўллаш орқали янги туғилган чақалоқларда некротик энтероколитнинг жарроҳлик босқичида оператив даволаш самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
асоратланган некротик энтероколитда ошқозон-ичак тракти перфорация олди босқичида максимал радикал эндовизуал жарроҳлик амалиётини қўллаш самарадорлиги исботланган;
некротик энтероколит асоратлари перфорация олди босқичини эрта баҳолашда чегараланган некротик майдонни резекцияси ва «учма-уч» анастомоз қўйиш, ҳамда перфорация босқичида тешилган ошқозон қисмини тикиш, икки танали алоҳида энтеро ёки колостома шакллантириш усулларининг самарадорлиги асосланган;
оқсил етишмовчилиги ва модда алмашинувининг бузилиши натижасидаги метаболик ўзгаришлар шаклланган беморларда энтеро ва колостомаларни ёпилиш муддатларига индивидуал ёндошиш зарурлиги аниқланган;
жарроҳлик босқичидаги некротик энтероколитни даволашда диагностик лапароскопиядан фойдаланиш натижасида жарроҳлик асоратларини камайтириш, жарроҳлик травмасини минималлаштириш ва оғир оқибатларни камайтириш орқали беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга асосланган босқичли алгоритм ишлаб чиқилган;
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши.
Янги туғилган чақалоқларда некротик энтероколитни ташхислаш ва даволашни такомиллаштиришни баҳолаш бўйича олинган илмий тадқиқот натижалар асосида:
некротик энтероколитни эрта аниқлаш, муқобил даволаш усулини танлаш ва асоратларни бартараф этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида «Янги туғилган чақалоқларда некротик энтероколитнинг жарроҳлик босқичларида даволаш тактикаси алгоритми» услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 30 ноябрдаги 8н-р/511-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий қилиниши янги туғилган чақалоқларда некротик энтероколитни лапароскопик самарали даволаш усулини танлаш имконини берган;
чақалоқларда жарроҳлик даволаш натижаларини яхшилаш, операциядан кейинги даврни қисқартириш ва беморлар хаёт сифатини ижобий томонга ўзгартириш бўйича олинган илмий натижалар асосида «Янги туғилган чақалоқларда некротик энтероколитда энтеростомия усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 7 январь 2021 йилдаги 8н-з/1-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий қилиниши некротик энтероколитда эндовизуал ташхислаш усулини амалиётда қўллаш орқали беморларда нохуш асоратларнинг камайиши, операциядан кейинги даврнинг қисқариши имконини берган;
янги туғилган чақалоқларда некротик энтероколитни ташхислаш ва даволашни такомиллаштиришга қаратилган тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика перинатал маркази қошидаги даволаш ва ўқув-услубий неонатал хирургия маркази, ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институти 2- клиникаси амалиётига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 22 февралдаги 8н-з/39-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши болаларда некротик энтероколитни дастлабки жарроҳлик босқичларида ташхислаш сифатини яхшилаш, даволаш жараёнида ихтисослашган юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатишни сезиларли даражада кенгайтирилиши жарроҳлик асоратлари ва операциядан кейинги ўлим даражасини 67,6% дан 35,1% гача камайтириш ҳамда болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берган.